18:41 / 29.04.2023
32259

Россияга санкциялар: Европа Ўзбекистондан нимани сўраяпти?

28 апрел куни Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Тошкентга келди. Махсус вакилни президент Мирзиёев қабул қилди. Хўш, европалик дипломатнинг келишдан мақсади нима, санкциялар масаласида Ўзбекистон билан вазият қанақа?

Санкциялар бўйича махсус вакил – ким, у нима иш бажаради? Одатда, давлатлар бирон бир муҳим вазифани, миссияни амалга оширмоқчи бўлса, шу вазиятни кузатиш ва ижросини бажариш бўйича, махсус вакил лавозимини жорий қилади.

Россия Украинага бостириб киргач, Европа Иттифоқи Россияга қарши 7 мингдан ортиқ санкциялар жорий қилди. Бу билан, Россияга қарши жорий қилинган санкциялар, Эрон ва Шимолий Кореяга қарши жорий қилинган санкциялардан ҳам ошиб кетди.

Санкцияларнинг мақсади, вазифалари ҳар хил бўлади. Санкциялар аниқ шахсларни, сиёсий элитани, маълум соҳаларни, бутун бир жамият ва давлатни нишонга олиши мумкин. Россияга қарши қўлланилган санкцияларнинг тури кўп. Дэвид О’Салливан Тошкентга келиб, санкцияларнинг мақсадини тушунтирди, Ўзбекистондан сўралаётган масалага изоҳ берди.

Демак, шу пайтгача Европа Иттифоқи Россияга нисбатан аниқ мақсадли санкциялар қўллади. Мақсад – Россия ҳарбий машинасининг кучайишига ёрдам бермаслик, Россияга икки мақсадли технологиялар кириб боришига йўл қўймаслик.

Дэвид О’Салливан санкциялар фақат Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга тегишли эканини тушунтирган. Мисол учун, Ўзбекистоннинг ўзида ёки дунёнинг бошқа нуқталарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан ҳеч қандай санкциялар мавжуд эмаслиги билдирилган.

Булар қайси маҳсулотлар? Блок-схемалар, микрочиплар, қурол-яроғ, артиллерия ва қанотли ракеталар учун ишлатиладиган оптик жиҳозлар ва бошқа махсус материаллар. Европа Иттифоқининг махсус вакили сўзларига кўра, кейинги бир йилда Ўзбекистон мана шу маҳсулотлар сотиб олишни кўпайтирган. Импорт миқдори 126 фоизга ошган.

Махсус вакил санкциялар мақсадини тушунтириб, бу Ўзбекистон ва Россия иқтисодий алоқаларини пасайтириш, зарар етказиш эмаслигини айтган.

Россия – Ўзбекистоннинг биринчи ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори. Ғарб геостратегиясида, Ўзбекистон минтақанинг, постсовет ҳудудининг муҳим давлатларидан бири сифатида кўрилади. Шунинг учун, Ўзбекистон иқтисодиётига зарар – давлатни заифлаштирувчи, геосиёсий салоҳиятини пасайтирувчи омил сифатида кўрилади.

ЕИ вакили Ўзбекистоннинг бетарафлик сиёсатини тушуниш билан қабул қилишини айтган. Аслида, Ўзбекистоннинг бетарафлик сиёсатидан мақсад – бефарқлик эмас. Бетарафлик – Ўзбекистонни можарога тортишларига имкон бермаслик воситаси ҳисобланади. Лекин, Ўзбекистон, қолаверса, бутун Марказий Осиё минтақаси давлатлари, Украина урушига нисбатан бефарқ эмас. Чунки бу урушнинг оқибатлари, бевосита бутун минтақа давлатларининг тақдирида, ўз аксини топади.

Ўзбекистондан сўралаётган нарса – Европа Иттифоқида ишлаб чиқарилган ва Россияга киритилиши мумкин бўлмаган маҳсулотларни, Ўзбекистон орқали айланиб ўтишларига йўл бермаслик. Махсус вакилнинг гапларига кўра, санкциялар ҳали кўп йиллар давом этиши мумкин экан.

Бугун Украина нафақат ўзининг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллиги учун курашяпти, балки бу урушда постсовет давлатларининг қадриятлари учун ҳам кураш кетмоқда. Қолаверса, бу уруш дунё геосиёсий тартиботи учун ҳамдир. Бу урушнинг Марказий Осиё давлатлари учун, икки мезони, ўлчами бор. Бири иқтисодий бўлса, иккинчиси – сиёсий. Иқтисодий жиҳатдан, табиийки, бу уруш ва Россияга қарши санкциялар орқали, бизга салбий таъсир қилади. Лекин, бу урушда Украина ўзининг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қила олса, пост-совет ҳудудида янги давр бошланади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзу
Раббимов фикри
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz'даги муаллифлик колонкаси
Барчаси
Top