Жаҳон | 09:37 / 02.05.2023
6845
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ Финландияда ҳарбийларини жойлаштириш бўйича музокараларни бошлади

АҚШ ва НАТОга қўшилган Финландия мудофаа соҳасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича мулоқот олиб бормоқда. Бу Вашингтонга Финландия ҳудудидан машғулотлар ва техникани жойлаштириш учун фойдаланиш имконини беради, деб ёзади Helsingin Sanomat.

Фото: National guard

АҚШ ва НАТОга қўшилган Финландия мудофаа соҳасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб бормоқда. Агар келишув тузилса, Қўшма Штатлар қуролли кучлари Финландия ҳудудидан машғулотлар ва техникани жойлаштириш учун эркин фойдаланиши мумкин бўлади, деб ёзади 1 май, душанба куни Финландиянинг Helsingin Sanomat газетаси.

Музокаралар раундларидан бири ўтган ҳафта Ҳелсинки-Катаянокке ҳудудида бўлиб ўтди. Финландия Ташқи ишлар вазирлиги сиёсий бўлими раҳбари ўринбосари Микаэл Антелл келишув матни иттифоқчилар томонидан ижобий ва ечимга йўналтирилган тарзда муҳокама қилинганини таъкидлади.

Президент Саули Ниинистё келишув ҳақида Финландия хавфсизлигини максимал даражада ошириш йўли сифатида гапирди ва Қўшма Штатлар бу масалада муҳим омил эканлигини таъкидлади.

Финландия 4 апрел куни НАТОнинг 31-аъзосига айланди. Шимолий Атлантика иттифоқининг Россия билан умумий чегараси икки баравар кўпайди ва 2600 километрга етди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселдаги матбуот анжуманида Ҳелсинкини ўз сафига қабул қилиб, “НАТО Финландияни ҳимоя қилишга тайёрлиги борасида Москва учун хатога жой қолдирмаяпти”, деди. Унинг тушунтиришича, ҳар қандай тушунмовчилик ёки нотўғри ҳисоб-китоблар хавфли, чунки у можарога сабаб бўлиши мумкин, НАТОнинг сиёсати мақсади - можаролар олдини олиш. Шунинг учун алянсга аъзолик Финландияни хавфсизроқ, блокни эса кучлироқ қилади, дея қўшимча қилди НАТО бош котиби.

Финландия Россия билан чегарада девор қуришни ҳам бошлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид