Жаҳон | 09:25 / 04.05.2023
8660
2 дақиқада ўқилади

Республикачилар Байденни коррупцияга алоқадорликда айблади

Икки республикачи ФТБ ва Адлия вазирлигидан Байденнинг жиноий схемага алоқадорлиги ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни талаб этди.

Фото: Getty Images

Икки республикачи конгрессмен - Вакиллар палатасининг назорат қўмитаси раиси Жеймс Комер ва сенатор Чак Грэссли АҚШ бош прокурори Меррик Гарленд ва Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рэйга очиқ хат йўлладилар, уларда улар АҚШ президенти Жо Байденнинг вице-президент бўлиб ишлаган даврида коррупция схемаларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида аноним маълумот олганликларини даъво қилишди. Комернинг мурожаати 3 май, чоршанба куни чоп этилган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, улар номаълум маълумот берувчидан Адлия вазирлиги ва Федерал тергов бюросида "ўша пайтдаги вице-президент Байден ва сиёсий қарорлар учун пул алмашинуви билан боғлиқ чет эл фуқароси иштирокидаги даъво қилинган жиноий схема тасвирланган FD-1023 махфий шакли борлиги ҳақида маълумот олишган".

"Адлия вазирлиги ва Федерал тергов бюроси Америка халқига ошкор қилмаган қимматли, текширилиши мумкин бўлган маълумотларга эга. Шунинг учун Конгресс бу масалани мустақил ва холис кўриб чиқишга киришади", деб ёзади конгрессменлар бошқа тафсилотларни келтирмасдан. 

Оқ уй расмий вакили Ян Самс республикачиларни “аноним туҳматда” айблади ва чақирув қоғозини Республикачилар партиясининг Байден ва унинг оиласига нисбатан олиб бораётган тергови билан боғлади, деб ёзади Politico.

2020 йилдан бери Комер ва Грэссли Байденга алоқадор одамларни турли коррупцион схемаларда очиқ айблаб келади. Шу йилнинг январ ойида у молия вазири Жанет Йеллендан президент оиласи аъзоларининг “шубҳали бизнес операциялари” ҳақида маълумот сўраган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид