Жаҳон | 18:27 / 05.05.2023
37219
5 дақиқада ўқилади

Пригожин «Вагнер» 9 майдан кейин Бахмутдан кетишини эълон қилди

Пригожин бу қарорига снаряд етишмовчилигини сабаб қилиб келтирган.

Фото: Пригожиннинг матбуот хизмати

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин жангчилари 10 май куни Бахмутдаги позицияларини Россия мудофаа вазирлигининг Донецкдаги гуруҳига топшириб, ёлланма жангчилар гуруҳи Бахмутдан олиб кетилишини маълум қилди. 

«Мен «Вагнер» бўлинмаларини Бахмутдан олиб кетаман, чунки ўқ-дориларсиз улар ўлиб кетиши муқаррар ҳолатда турибди», деган Пригожин Россия ҳарбий қўмондонлиги, Россия президенти ва Россия халқига мурожаатида. Баёнот Пригожин ахборот хизмати саҳифаларида эълон қилинди.

«2023 йил 9 май куни биз Бахмутни олишимиз керак эди. Аммо шуни билган ҳолда бюрократлар 1 майдан буён бизга артиллерия ўқ-дориларини деярли бермай қўйишди. Бизнинг ҳужумга мўлжалланган қуролларимиз апрел ойи бошидаёқ тугаб бўлган, лекин биз шунга ва душман кучлари биздан беш баравар кўп эканига қарамай, ҳужум қилишда давом этдик. Ўқ-дори етишмаслиги сабаб йўқотишларимиз кундан кунга геометрик прогрессияда ўсиб бормоқда.

Шунча қийинчиликларга қарамай, «Вагнер» қўмондонлар кенгаши россияликлар учун муқаддас байрам бўлмиш 9 май – Ғалаба кунини рус қуролининг залвори билан кутиб олиш мақсадида 10 майгача ҳужумни давом эттиришга қарор қилди.

Бош штаб қўмондонига, Россия мудофаа вазирига, олий бош қўмондонга ва Россия халқига мурожаат қиламан. «Вагнер» қўмондонлиги ва жангчилари номидан мурожаат қилиб айтаманки, биз 2023 йил 10 май куни Бахмутдаги позицияларни мудофаа вазирлигига топширишга мажбурмиз. Қолган вагнерчиларни эса даволаниш учун лагерларга олиб борамиз. «Вагнер» бўлинмаларини олиб кетаман, чунки улар ўқ-дори етишмаётган бир вақтда мақсадсиз ўлимга маҳкумдирлар.

Ҳа, мени танқид қиладиганлар бўлади. Бир муддат ўтгач ақллилар топилиб, Бахмутдан кетмаслик керак эди, дейди. Агар шундай ўйласангиз, марҳамат, келиб қўлингизга қурол олинг ва бизнинг ўлдирилган жангчиларимиз ўрнига жанг қилинг.

Бир нарсани таъкидламоқчиман, Бахмутдаги 45 квадрат километрдан атиги 2,5 км қолганди. Бизга қурол бермаслик орқали сиз бизни эмас, Россия халқини ғалабадан маҳрум қиляпсиз», деган Пригожин ўз чиқишида.

«Вагнер» асосчисининг айтишича, Россия мудофаа вазирлиги бўлинмалари Бахмутдаги қанотларда катта қийинчилик билан ўз позицияларини эгаллаб турибди ва у ерда жанг қилаётган аскарлар сони ошириб кўрсатилган.

«Бизнинг қанотларни ҳимоя қилиши керак бўлган мудофаа вазирлиги бўлинмалари ўз позицияларини қийинчилик билан ушлаб турибди. У ерда жанг қилаётгани айтилган аскарлар сони ҳақиқатга тўғри келмайди. Қўшиб ёзиш авж олган. У ерда айтишаётганидек ўн минглаб эмас бир неча юз аскар бор.

Россия мудофаа вазирлиги снарядлар билан боғлиқ муаммо йўқлигини айтмоқда. Лекин «Вагнер»да снарядлар етишмовчилиги 90 фоизга етган. Штаб бошлиғидан «Вагнер»га позицияларни мудофаа вазирлиги бўлинмаларига топшириш бўйича буйруқ юборишини сўраб қоламан. Улар қайси санадан биз билан ўрин алмашишга тайёрлигини билишимиз керак», деган «Вагнер» раҳбари.

Аввалроқ Пригожиннинг ахборот хизмати унинг жасадлар фонида қилган мурожаатини эълон қилган, видеода Пригожин Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда штаб бошлиғи Валерий Герасимовни очиқчасига ҳақорат қилгани акс этганди. Пригожин анча вақтдан буён ўқ-дори етишмовчилигидан нолиб видеолар қилиб келади.

  • Бахмут шаҳри Донбассдаги муҳим транспорт боғлами ҳисобланади. 2016 йилгача шаҳар Артёмовск деб аталган ва руслар уни ҳамон шундай атаб келади. Украина Бахмут орқали Краматорск, Словянск, Северск ва Торецк каби шаҳарларга йўл очилиши боис шаҳар мудофаасини катта куч билан ушлаб келмоқда.
  • Россия армияси 2022 йил май ойида Бахмутни бомбардимон қилганди. Ўтган йил ёзга келиб эса Пригожин бошлиқ «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари шаҳарни штурм қилишга киришди. Бир неча ойдан буён Россия – Украина урушида фронтнинг энг қайноқ нуқтаси айнан Бахмут бўлиб турибди. 2023 йил апрел ойида Пригожин унинг гуруҳи шаҳарнинг 90 фоизини назорат қилаётганини айтганди.
  • Апел ойи охирига келиб эса Пригожин ўқ-дори тақчиллиги туфайли гуруҳини Бахмутдан олиб кетишини айтиб, Россия қўмондонлигига таҳдид қила бошлади. Америкадаги Урушни ўрганиш институти экспертлари тахмин қилишича, Пригожин Бахмутдаги Россия қўшинлари Украинанинг қарши ҳужумига дош бера олмаслигини чамалаган ҳолда шу тариқа шаҳарни тарк этишга баҳона изламоқда.
Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид