Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги уруш Россия ҳудудига ҳам кўчди
Россиянинг Украинага бостириб кирганига бир йилу икки ойдан ошди. Уруш 2022 йилнинг 24 февралида бошланган эди. Бугунга келиб, бу “чўзилиб кетган уруш”га айланди.
“Чўзилиб кетган уруш” (рус тилида “затяжная война”) – тарихда жуда кўп кузатилган. Урушнинг чўзилиб кетиши, икки томонни ҳам жуда ҳолсизлантиради. Ҳарбийлар, армиялар ҳолдан тойиб, уруш партизанлик кўринишига кўчиб бошлайди.
Урушнинг чўзилиб кетишига сабаб – томонлар ўртасидаги куч-қудрат ўртасида катта фарқнинг йўқлиги, ёки томонлардан бири ташаббусни қўлига олиб, қарши томонни руҳан ва ҳарбий енга олмаслиги натижасида пайдо бўлади.
Урушнинг бошида “Украина узоққа бормайди” деган қараш жуда кучли эди. Лекин орадан ярим-бир ой ўтиб, “Россия – дунёнинг иккинчи қудратли армияси” деган қараш афсонага чиқа бошлади. Дунё ҳамжамиятининг Россия ва унинг қудрати борасидаги тасаввурлари ўзгарди.
Партизанлик уруши – дунё тарихидаги энг қадимий усуллардан бири. Бунда, томонлар очиқ тўқнашмайди; партизанлар аҳоли ичида яшириниб ётиб, пистирма уюштиради ёки жойларда узоқ вақт яшириниб, кутилмаганда қарши томонга ва унинг инфраструктурасига зарба беради.
Айтиш керакки, бугунги кунда иккала тараф ҳам жуда агрессив ахборот-психологик уруши олиб бормоқда. Урушда, душман тарафни йўқотишдан кўра, уни руҳан синдириш, қўрқитиш муҳимроқ. Россия доим “керак бўлса тактик ядро қуролини ишлатамиз” деса, Украина тарафи “май ойидан бошлаб ерлар қурийди, қайта ҳужумга ўтамиз” демоқда.
Бу фикрлар, албатта, иккала тарафни ҳам асабийлаштиради. Чунки урушда ютқазаётган Россияни таъбир қилиш қийин. Кўплаб таҳлилчилар Кремль тактик ядро қуролидан қўрқитиш мақсадида фойдаланиши мумкинлигини айтган.
Украинага ҳам Коллектив Ғарб томонидан анча кучли қурол-аслаҳалар берилди. Буни Россия билади ва ташаббус Украина тарафига тўлиқ ўтиши Кремлни хавотирга солмоқда.
Ўтган 2022 йилда, Москва Украина устидан ғалабасини 9 май кунигача қўлга киритиш ниятида эканини айтган эди. Бу йил эса вазият мутлақ тескариси. Украина 9 майда Россияга қарши кенг қамровли хужумларни амалга ошириши мумкин.
Кейинги бир ҳафтада, Россиянинг бир қанча Украина билан чегарадош ҳудудларида, Москва ва Санкт Петербург шаҳарларида, бир қанча қўпорувчилик амалиётлари юз берди. Халқаро тилда бу амалиётлар “диверсия” дейилади. Диверсия бу – махсус яширин амалиёт бўлиб, душман тарафга, унинг инфраструктурасига, муҳим объектларига ёки репутациясига жиддий зарба беришга айтилади.
Ҳужум қилинган объектлар – транспорт-логистика инфратузилмаси, нефтни қайта ишлаш заводлари, омборлари ва бошқа муҳим объектлар. Лекин энг асосий ҳужум объекти бу – Кремлнинг Сенаторлар зали қуббаси бўлди. Бу масалада “Кремлга ҳужумни Россиянинг ўзи уюштирган бўлиши мумкин, мақсад – оммавий сафарбарлик учун жамиятни тайёрлаш” деган қараш кенг ёйилди, лекин менинг назаримда, бу ҳужум орқали Россиянинг мудофаа тизимига бўлган ишончга жиддий жароҳат етди.
Украина бу ҳужумларга алоқаси йўқлигини кўп бор такрорлади. Уруш қоидаларига кўра, ахборот-психологик ҳужумлар қоидаларига кўра, Украинанинг бу ҳужумларда қўли борми-йўқми, у буни инкор этиши керак эди. Инкор этди.
Вазият шундайки, уруш Украина ҳудудидан чиқиб, Россиянинг чегарадош ва муҳим нуқталарига етиб келди. Аслида, Украинада жуда самарали партизанлик уруши олиб бориш имкониятлари бор. Украинлар, ташқи кўринишидан, руслардан фарқ қилмайди. Уларни ташқи кўринишидан, гапиришидан руслардан фарқлаш имконсиз.
Шунинг учун ҳам, Россия ҳудудларидаги диверсиялар – Москва учун жуда қўрқинчли хабар бўлиши аниқ. Агар бу каби диверсиялар кўпайса, кенгайса – бу Россия ичидаги сиёсий парокандаликни кучайтиради, ҳокимиятни беқарорлаштиради.
Украинадаги урушда, Россия ўзининг маънавий ҳақлигини ҳимоя қила олмай қолди. Кремлнинг далиллари, қарашлари, ғоялари бугун энг ашаддий шовинист руслар учун ҳам ўз жозибасини йўқотиб бошлаган. Урушнинг Россия ичкарисига ўтиши – эскалациянинг, томонлар зўриқишининг янги босқичини англатади.
Россия олдида турган оғир танлов яқинлашмоқда: ёки мағлубиятни тан олиш ва сиёсий тизим банкротлигини эълон қилиш, ёки Украинани, Коллектив Ғарбни чекинтириш мақсадида, қўрқинчли қуролларни ишга солиш...
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
20:04
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25
Зеленскийнинг мактуби: дипломатик қадамми ёки стратегик зарбами?
15:21 / 07.06.2026
Украина армияси Қримга олиб борувчи трассани ўлим йўлига айлантирди
10:05 / 07.06.2026