17:00 / 08.05.2023
8015

ОКМК ходимлари оғир атлетика бўйича чемпионликни қўлга киритди

Жорий йилнинг 1-6 май кунлари Ҳиндистон давлатининг Аллеппи шаҳрида спортнинг паэурлифтинг тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли чемпионатда мамлакатимиз терма жамоаси сафида Олмалиқ кон-металлургия комбинати спортчилари иштирок этиб, салмоқли натижаларни қайд этишди.

Жумладан, ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши жисмоний тарбия-спорт бўлими мураббийси Александр Романенко шогидларидан Константин Хардин 93 кг вазн тоифасида 1-ўринни эгаллаб, Осиё чемпионлигини қўлга киритди. 

Яна бир спортчи Кемран Ширинов ҳам 74 кг вазн тоифасида рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Кемран ҳам ўз ҳисобига Осиё чемпионлигини ёзиб қўйди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда 84 кг вазн тоифасида иштирок этган Елена Хардина ҳам Осиё чемпионлигига сазовор бўлди.

Яна бир муҳим жиҳат ушбу спортчилар кўп йиллардан буён пауэрлифтинг билан шуғулланиб келиш баробарида Мис эритиш заводида ҳам меҳнат қилишади. Уларнинг ҳисобида кўплаб халқаро ютуқлар борлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, олмалиқлик, Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Метин Ғафуров ҳам ёшлар ўртасида 105 кг вазн тоифасида барча рақибларидан устун келган ҳолда Осиё чемпиони бўлди.

Осиё чемпионлари бугун пойтахтимиздаги аэропортда тантанали равишда кутиб олинди. Комбинат атлетлари эндиликда Ўзбекистон кубоги ҳамда Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришади.

Реклама

Top