11:11 / 08.05.2023
6310

Тошкентда Қатар элчихонаси очилди

Тошкент шаҳрида Қатарнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда икки давлат ташқи ишлар маҳкамалари расмийлари иштирок этди. 

Фото: yuz.uz

«Қатар давлатининг Тошкентдаги элчихонаси очилиш маросимида иштирок этдик», деб ёзади ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов.

Қайд этилишича, Қатарнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси фаолияти йўлга қўйилиши муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик уфқларини кенгайтириш, савдо ва инвестициявий соҳаларни, шунингдек, халқлар ўртасидаги алоқаларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

7 май куни Тошкентда Ўзбекистон ва Қатар Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Уларда иштирок этиш учун Қатар ташқи ишлар давлат вазири Султон бин Саад ал-Мурайхий ташриф буюрди.

Маслаҳатлашувлар чоғида сиёсат ва дипломатия, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Top