Жаҳон | 08:12 / 09.05.2023
9573
2 дақиқада ўқилади

Киев: Россия “ғалла ташаббуси” ишига яна тўсқинлик қилди

Украина Жамоалар, ҳудудлар ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги маълум қилишича, Россия кемаларни кириш учун рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг текширувларидан бош тортиб, "ғалла ташаббуси" ишига яна бир бор тўсқинлик қилди.

Иллюстратив фото

"Россиянинг бузғунчи сиёсати Бирлашган мувофиқлаштирувчи марказ процедураларига мувофиқ текшириш режасини тузишни имконсиз қилади, бу барча томонлар томонидан чиқиш ва кириш учун текшириш режасини ҳар куни тасдиқлашни назарда тутади", дея маълум қилди идора. 

Украина томони бундай ёндашув амалдаги келишув шартларига зид эканлигини таъкидлаб ўтди.

Вазирлик маълумотларига кўра, Туркия ҳудудий сувларида 90 та кема текширилиши кутилмоқда, улардан 62 таси юкланмоқда. Кирувчи ва чиқувчи флотни текшириш тўхтатилди.

Украина, Россия, Туркия ва БМТ Украина ғалласини ташиш учун янги кемаларга рухсат бериш бўйича келишувга эриша олмади, дея хабар қилди БМТ Бош котиби расмий вакили ўринбосари Фарҳан Ҳақ журналистларга. 

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, аввал рухсат берилган кемаларни ҳар куни текшириш давом этмоқда. 

Аввалроқ Россия, агар ўз ғалла ва ўғитларини экспорт қилиш билан боғлиқ бир қатор талаблар бажарилмаса, “ғалла битими”ни 18 майдан кейин узайтирмаслик билан таҳдид қилган эди.

Мавзуга оид