Жамият | 12:20 / 09.05.2023
41843
13 дақиқада ўқилади

«Пулим кўпайганда жуда исрофчи бўлиб кетгандим»: сохта бойнинг тазаррулари (Ҳаётий ҳикоя)

«Пулим кўпаяр экан, энг аввал қишлоқда ўзимга ҳашаматли уй тикладим. Сўнг Тошкент марказидан уч хонали квартира сотиб олдим. Квартира евротаъмир қилинган эди. Уни буздириб, бошқатдан таъмирлатдим. Ўша пайтда бировларнинг пулларини исроф қилаётганимни ва кейин унинг ўрнини тўлдириб бўлмаслигини зинҳор ўйламасдим».

Фото: KUN.UZ

Навбатдаги қаҳрамонимиз билан туман марказидаги ошхонада танишиб қолдим. Томарқасида етиштирган картошкани бозорда сотиш учун олиб келган экан.

Бозордаги нарх-наво ҳақида гаплашиб ўтирар эканмиз, у «Бир пайтлар бировларнинг пулига бўлса ҳам бир муддат бой бўлиб яшаганман. Тошкентдаги квартирамда ваннадаги сувни писанд қилмай, магазиндан қадоқланган сув олиб келиб ювинардим», деб қолди.

Унинг гапини эшитиб «Яна қайсидир мақтанчоққа дуч келдим шекилли. Ўзинг оддий бир деҳқон бўлсанг, Тошкентдан уй олишга сенга йўл бўлсин», деб ўйладим.

У хаёлимдан ўтган гапларни уқиб тургандай «Ишонмаяпсиз-а?» деб кулиб қўйди. Сўнг гап бошлади:

«Мактабни битирганимдан сўнг бир неча йил ҳужжат топшириб ўқишга кира олмадим. Шундан сўнг ўзимни ўтга-чўққа урдим, ҳеч ишим юришмади.

Бекор юрган кунларимнинг бирида Россияга қуруқ мева сотиб келадиган қўшнимни кўриб қолдим. Шунда у ўзига Россияда қўл-оёғи чаққон ёрдамчи кераклигини айтиб қолди.

«Хоҳласанг юр, яхши маош тўлайман. Новосибирскдаги омборхонамга кириб чиқадиган юкларни назорат қилиб турсанг бўлди. Харидорларга сўраб келган маҳсулотини бериб, пулини олиб қоласан. Сен қора иш қилмайсан, барчасини ишчилар қилади. Ҳисоб-китобга пухта қараб турсанг бўлди», деди у.

Шундан сўнг қўшним билан Россияга кетдим. Новосибирскда ишим оғир эмас экан. Қўшним айтгандай Ўзбекистондан борадиган маҳсулотларни омборга жойлаштириш, кун давомида келадиган мижозлар билан ўзаро муомала қилиш эди.

Иш менга жуда маъқул келди. Маҳсулотларга хўжайин (қўшнимни шундай деб чақира бошладим) нарх белгилаган, харидорларга маҳсулотларни ишчилар олиб берар, менинг ишим фақат пул санаб олиш эди.

Хўжайин йилда 2-3 марта Новосибирскка борар, мендан ҳисоботларни олиб ортга қайтарди. Савдо қилинган пуллар банк орқали Ўзбекистонга ўтказиларди.

Шу зайлда 4-5 йил ишладим ва Новосибирскда кўплаб мижозлар орттирдим. Уларнинг аксарияти бировнинг қўлида ишлашимни билмас, мени ўзбекистонлик тадбиркор сифатида танишарди.

Бир гал хўжайин Новосибирскка келганда агар рухсат берса энди ўзим алоҳида ишламоқчи эканимни айтдим. У рози бўлди.

«Анча йил менга ҳалол хизмат қилдинг. Хизматингга рози бўл. Мен тўлаган маошимга розиман. Алоҳида жой очсанг, маҳсулот керак бўлса насияга бериб тураман, сотиб бўлгач пулини берасан», деди у.

Шундан сўнг Новосибирскнинг бошқа бир чеккасидан омбор учун ижарага жой олдим. Сўнг собиқ хўжайиндан бир неча тонна турли навдаги қуруқ меваларни олиб, савдони бошлаб юбордим.

Ўзим билан ишлаган кўплаб мижозларни янги жойимга чақирдим. Баъзилари келди, бошқалари маҳсулотларни аввал ишлаган жойимдан олишда давом этди.

Кўп ўтмай омборимга битта ёрдамчи олдим ўзим Ўзбекистонга қайтиб, маҳсулот жўната бошладим. Яъни собиқ хўжайиним қандай ишлаган бўлса, ўшандай иш тартибига ўтдим. Бироқ унга ўхшаб менинг пулим кўп эмасди. Шу сабабли собиқ хўжайинимдан янада кўпроқ юк ола бошладим.

Аввалига унга пулларни ўз вақтида етказдим. Бора-бора пулларни кечикиб берадиган бўлдим. Бироқ у ҳам менга бераётган маҳсулотларидан яхши фойда қилаётгани учун ҳеч нарса демасди.

Кейинчалик мен ҳам бойларнинг сафига кирдим ва бошқалар ҳам ишониб насияга маҳсулот берадиган бўлди. Ҳолат шу даражага келдики, пулимнинг ҳисоб-китобини ҳам, қарзим қанчалигини ҳам билмай қолдим. Тахминимча қарзим 200 минг доллардан ошарди.

Ўша пайтларда бойларнинг даврасига кириб, бирга ўтириб-турар эканман, аввалига уларга ҳавас, сўнг тақлид қила бошладим. Бироқ тақлидни ошириб юбордим ва пулларни жуда исроф билан сарфлай бошладим.

Пулим кўпаяр экан, ҳали уйланмаган бўлсам ҳам энг аввал қишлоқда ўзимга ҳашаматли уй тикладим. Сўнг Тошкент марказидан уч хонали квартира сотиб олдим. Квартира евротаъмир қилинган эди.

Уй олганимдан сўнг танишларим уйни бориб кўришди ва унинг таъмирини кўриб ҳайрон қолишди. Усталар маҳорат билан ишлагани шундоқ кўриниб турар, квартира ҳақиқатан зўр таъмирланган эди.

Ана шундай ҳолатда танишларим олдида мақтангим келди. Уйни бошқатдан таъмирлатмоқчи бўлдим. Буни эшитган танишлар ҳайрон қолишди. Айримлари танбеҳ беришди:

«Ука, сенинг квартиранг энг сўнгги услубда таъмирланган. Нима қиласан уни қайтадан таъмирлатиб? Қолаверса исрофни ҳам ўйла. Ҳозирги кўринишидан ҳам зўр таъмирлатаман десанг яна битта икки хонали уйнинг пули кетиб қолади. Бу исроф бўлади. Ундан кўра пулинг кўпайиб кетган бўлса таъмирга сарфламоқчи бўлган пулингни бева-бечора, етим-есирларга эҳсон қил, савоб бўлади».

Ўша пайтда бундай насиҳатларни қабул қиладиган ҳолатда эмасдим. Шу сабабли уста қидиришга ўтдим. Ундан аввал интернетдан хорижий давлатда зўр қилиб таъмирланган уйни видеосини кўрдим, сўнг усталар билан учрашиб уйимни ўшандай қилиб бера олишадими-йўқми, сўрай бошладим.

Топган усталаримнинг баъзилари мен кўрсатган видеога қараб ундай таъмир қила олмасликларини айтишар. Бошқалари эса мен хоҳлагандай таъмир учун айрим нарсалар хориждан келтирилиши лозимлигини айтишарди.

Охири энг зўр дейилган усталардан бирини қидириб топдим. У квартирани айтганимдай таъмирлаб беришга рози бўлди. Бироқ у ҳам айрим нарсаларни Хитойдан келтириш кераклигини айтди.

Уйни кўрсатиш учун устани квартирага олиб бордим. Эшикни очиб ичкарига кирар эканмиз у ҳайрон бўлди. Сўнг гап бошлади:

«Бу ерга келишдан аввал уйингизнинг бундай таъмирланганини билмаган эдим. Агар хўп десангиз сизга дўстона маслаҳат бераман, бу уйни таъмирлатишнинг кераги йўқ. Шундоқ ҳам зўр таъмирланган экан. Ўзим ҳам устаман, лекин бошқа усталарнинг сифатли ишини кўрсам тан бераман. Уйингизнинг таъмирини ўз ишининг устаси бўлган одам қилган. Менга фарқи йўқ, пулингизни олиб айтган ишингизни қилиб беравераман. Бироқ шу таъмирни қилган уста ҳам вақтини кетказиб ишлаган, бузиб ташласангиз унга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Қолаверса, исроф деган гаплар ҳам бор. Шу учун фикрингиздан қайтинг».

Устага айтганимни қилиб бераверишини айтдим. У мени фикримдан қайтара олмагач «майли, ўзингиз биласиз» деди.

Уста билан хизмат ҳақини келишдик. Ўзбекистонда топилмайдиган нарсаларни Хитойга буюртма бердим. Уста бир неча нафар шогирди билан келиб ишни бошлади.

Усталарга ҳар кун тушлик олиб борар эканман, кўз ўнгимда аввалги таъмирдан ҳеч нарса қолдирмай бузиб олишди. Ўша пайтда улар бу ишни ҳафсаласиз ҳолатда хоҳлар-хоҳламас қилаётганини кўриб турардим.

Шу тариқа усталар бир ой ишлаб квартирани бошқатдан таъмирлаб беришди. Танишларим айтгандай уста ҳақи ва таъмирга ишлатилган пулга икки хонали квартира олса бўларди.

Менинг исроф ишларим шу билан тугамади. Ижара уйдан сотиб олган уйга кўчиб ўтгач янги қилиқ чиқардим. Қаердадир бойлар минерал сувда чўмилишади деган гапни эшитиб, мен ҳам ваннада оқиб турган иссиқ сувга ювингим келмай қолди.

Ҳар куни дўкондан иккита 10 литрли идишга қадоқланган сув олиб келаман. Сўнг уни иситиб, ўша билан ювинаман.

Танишлар ҳар кун 20 литр сув олишимни кўриб ҳайрон бўлишди ва сабабини сўрашди. Уларга квартирада оқиб турган иссиқ сув тоза эмаслиги, шу сабабли қадоқланган сувни иситиб ювинаётганимни айтдим. Танишларнинг бири ажабланди, бири ҳайрон қолди. Яна бири, ҳадди сиғадигани дакки берди:

«Ука, Тошкентга келгунча қишлоқда қандай яшаганинг эсингдан чиқдими? Уйингда ҳаммом ҳам йўқ эди. Катта эҳтимол билан қозонда сув иситиб ювинардинг. «Дом»ларда иссиқ сув бор, ўшанда ювинаверсанг ҳам теринг шилиниб тушмайди. Тағин ўзинг биласан. Сени кибр эгаллабди. Ўзингдан бойвачча ясаб олибсан. Ота-боболаримиз эски чориғингни унутма, дейишган. Сенга ҳам шу гап».

Ўша жойда кўпчилик ичида мени изза қилгани жаҳлимни чиқарди. Бироқ тишимни тишимга қўйиб, индамай кетдим.

Кўп ўтмай Россиядан ёрдамчим юборадиган пулнинг салмоғи камайди. Сабабини сўрасам омборда маҳсулотлар жуда кам қолганини айтди.

Шунда анчадан буён Россиядан юборилган пулларни эгаларига бермасдан қишлоқда қурилган ҳовлига, Тошкентдан олинган квартирага сарфлаб юборганимни эсладим.

Собиқ хўжайинимнинг олдига яна маҳсулот сўраб бордим. У совуқроқ муомала қилди ва гап бошлади:

«Ука, дафтаринг ёнингда бўлмаса ҳам мендан қанча қарз эканингни биларсан. Мабодо эсингда бўлмаса эслатиб қўяй: 100 минг доллар қарзинг бор. Яқинда Новосибирскка бориб келдим. Омборингга ҳам ўтдим, маҳсулотлар сотилиб, бўшаб қолибди, лекин қарзларни берай демайсан. Тошкентда уч хонали квартира олиб уни яна бошқатдан таъмирлатганингдан ҳам хабарим бор. Бизнинг ҳамкорлигимиз шу ерда тугади. Сенга икки ҳафта муҳлат, менинг пулларимни охирги центигача олиб келиб бер. Акс ҳолда мендан яхшилик кутма».

Собиқ бошлиғим ҳузуридан кайфиятим тамомила бузилиб чиқдим. 100 минг долларни бирданига топиб беришнинг иложи йўқ эди. Шундан сўнг бошқа тадбиркорнинг олдига бордим, насияга 20 тонна маҳсулот беришга рози бўлди. Унинг нархи ўртача 50 минг доллар бўларди.

Новосибирскка жўнадим. Бориб улгуржи қуруқ мева сотувчи водийлик аканинг олдига бордим ва унга 20 тонна юк келаётганини, уни арзонроқ бўлса ҳам нақд пулга сотишим кераклигини айтдим. У рози бўлди.

Юк етиб боргач уни тўғри водийлик аканинг омборига олиб бордим. Маҳсулотнинг пули йўлкира ва бошқа харажатларни чиқариб ташлаганда 45 минг бўлди. Юкни фойда ўрнига 5 минг доллар зарарига сотдим.

Шундан сўнг омборимга ўтиб ёрдамчининг қўлидаги бор пулларни олдим ва Ўзбекистонга қайтдим. Тўғри собиқ хўжайинимнинг олдига келдим ва унга 40 минг доллар бериб, қолганини ҳам етказишимни айтдим. У рози бўлди.

Шундан сўнг фирибгарлик йўлига ўтиб олдим. Бир тадбиркордан маҳсулот оламан ва Новосибирскка олиб бориб арзонроққа сотаман ва иккинчисининг қарзини бераман. Навбатдаги тадбиркордан маҳсулот олиб, аввалгисини ёпаман. Шу тарзда қарзларим кўпайиб бораверди ва 200 минг доллардан ошди.

Шу орада собиқ бошлиғимга қарзнинг қолган қисмини бера олмадим. У қилиб юрган ишимдан хабардор экан. Бир кун олдимга келди ва қолган пули эвазига квартиранинг калитини тортиб олиб қишлоқдаги уйим ҳам ўзига ўтганини айтди.

Кейинги воқеалар тезлашиб кетди. Собиқ бошлиғим квартирани ва қишлоқдаги уйимни тортиб олганини эшитган бошқалар мени қидиришга тушишди.

Ўшанда Тошкентдаги танишларимдан бириникига яширинишга мажбур бўлдим. Ота-онамга қўнғироқ қилиб Россияга кетаётганимни, Новосибирскдаги ёрдамчимга эса омборда қолган маҳсулотларни арзонроқ бўлса ҳам тезда сотишни ва Ўзбекистонга қайтишини айтдим.

Сўнг телефонларимни ўчириб қўйиб, танишимникида бир ойча ётдим. Бироқ бу тарзда узоқ муддат яшириниб юриб бўлмасди, уйга қайтдим. Дарагимни эшитиб менга юк берганлар уйга қидириб боришди. Уларга ҳаммасини рўйи-рост айтдим ва сабр қилишса пулларини ишлаб қайтаришга ваъда бердим.

Мени қарз қилиб қўйган инсонлар қийин вазиятда қолишди. Пул йўқ, шу билан бирга мени органга бериб қаматиб юборишса ҳам барибир пуллари унмайди. Ўйлаб кўриб «Худо ўзинга инсоф берсин» деб кетишди.

Ўшандан буён орадан ўн йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Қишлоқда юрибман. Савдо билан шуғулланай десам барчанинг ишончидан чиқиб кетганман. Шу сабабли уйда деҳқончилик қилиб рўзғор ўтказиб юрибман.

Энди яшаш шароитим ҳам ҳаминқадар. Қарзларимни ҳам қайтара олмадим. Бир пайтлар ўйламасдан қилинган исроф ишлар жабрини чекяпман.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид