Жаҳон | 08:56 / 09.05.2023
5533
3 дақиқада ўқилади

Россияда суд Прилепинга суиқасдда гумонланаётган шахсни ҳибсга олди

Александр Пермяков теракт ва ноқонуний қурол савдосида айбланган. Нижний Новгород вилояти суди уни икки ойга ҳибсга олди.

Видеодан кадр

Нижний Новгород вилояти суди ёзувчи Захар Прилепиннинг ҳаётига суиқасд иши бўйича Украинанинг Донецк вилоятида туғилган 29 ёшли Александр Пермяковни икки ойга ҳибсга олди. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси 8 май, душанба куни ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси Пермяковни теракт (Жиноят кодексининг 205-моддаси) ва ноқонуний қурол савдоси (Жиноят кодексининг 222-моддаси)да айблаган эди.

Россия Ички ишлар вазирлиги полиция ходимлари Пермяковнинг ҳибсга олиниши ҳақида гапирган видеони эълон қилди. Уларнинг сўзларига кўра, у уларда шубҳа уйғотган, чунки эркак қўлга олинган жойдаги кўлда каклик бўлмаса-да, у каклик овлаш ҳақида гапирган.

Аввалроқ "МК" журналистлари 2014 ва 2015 йилларда Пермяков ўзини мустақил деб эълон қилган "ДХР" Донбасс республикаси томонида жанг қилгани ҳақида хабар берган эди. Уларга кўра, Пермяков 15 ёшида бир гуруҳ одамлар таркибида ўғирлик иши бўйича тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. Пермяков Бахмут яқинидаги ахлоқ тузатиш муассасасида жазо муддатини ўтган ва озодликка чиққандан кейин Дружковкага қайтган.

2015 йилнинг февралида Пермяков Куйбишево қишлоғи яқинида Россия билан чегарани пиёда кесиб ўтмоқчи бўлган, бироқ божхоначилар рюкзакдан Калашников автоматидан найза-пичоқ топган. Пермяков чегарани кесиб ўтишдан бош тортгани учун жиноий иш очмасликка қарор қилинган. Эркак Дружковкага қайтиб келган ва у ерда 2022 йилгача қурилиш майдончасида ишлаган. РТҚда сўроқ пайтида у Украина махсус хизматлари уни 2018 йилда ўз сафига жалб қилгани ҳақида гувоҳлик берди.

6 май куни Нижний Новгород яқинидаги Пионерское қишлоғи ёнида кремлпараст ёзувчи Захар Прилепиннинг Audi Q7 автомобили портлаб кетди. Портлаш натижасида Прилепин яраланди, унинг ҳайдовчиси ҳалок бўлди.

Прилепин Донбассга ташрифидан сўнг Москвага қайтаётган бўлган. У чегара ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктини кесиб ўтган. Йўлда Прилепин Нижний Новгород вилоятида овқатланиш учун тўхтаб ўтган. У машинага қайтиб келганидан кейин портлаш содир бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид