Ўзбекистон | 14:05 / 10.05.2023
63842
6 дақиқада ўқилади

Миграция агентлигидаги шубҳали ҳаракатлар видеога тушиб қолди

Бу – кўп миллиардли «бизнес». Бу «бизнес»нинг боқувчиси – ишсизлик. Айнан яхши иш ҳақи илинжида одамларимиз Жанубий Кореяга ишлашга боришга интилади. Аммо бу ерда бир тўсиқ бор – тил имтиҳонидан ўтиш керак бўлади. Айнан шу ерда номард «бизнес» содир бўлади – имтиҳон жараёнини кузатиб туришга масъул қилинганлар талаб юқори бўлгани боис, «бизнес» қилишади...

Kun.uz масъул идораларга шикоятини айтиш учун Сурхондарё вилоятидан пойтахтга келган, миграция агентлиги фаолиятидан норози бўлган мурожаатчиларга микрофон тутди.

Карим Баҳромов:

«2018 йил имтиҳонлардан ўтганман. Номим базага тушиб, танланганимдан сўнг, чақирув бўлавермагач, берилган муддат ўтиб кетди. Агентликка қатнайвердим, «Корея чақирса, кетасиз», деб жавоб беришади. Кореядаги танишларимдан сўраттирдим, Кореядаги масъул агентлик талабларга жавоб беришим, гап фақат Ўзбекистондаги агентликда эканини айтишди. Кейин берилган муддат ўтиб кетди.

Агентликдагилар бир-бирига қараб, «агар ишингиз ҳал бўлса, бу мўъжиза бўлади» дея устимдан кулиб ўтиришди. Бу менга жуда оғир ботди. 200 дан 156,5 балл билан ўтганман имтиҳондан. Худди меникидек – муддати тугаган бошқа фуқаро эса кета олди Кореяга».

Шоҳрух Исматов:

«2022 йил имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, Ташқи меҳнат миграция агентлигига бориб, базага ҳужжатларимни топширдим. Тасдиқлангандан сўнг СПАС базада (Кореяга кетувчи фуқаролар статуси) корейслар танлов ўтказиши ва мен у танловда қатнашишим мумкин бўлди. Меники тасдиқланмай, «чегараланган» деган ёзув чиқиб қолди.

Агентликка 30–40 марта бордим. «Сен 2019 йил имтиҳондан ўтгансан, муддатинг тугамасдан яна қайта имтиҳондан ўтибсан, яна қайта ўт имтиҳондан» деди Азиз деган ходим. Миграция [агентлиги]нинг эшик-ойналарига «Бир марта имтиҳондан ўтдингизми, муддат тугамагунича қайта ўтманг!!!» деб ёзиб қўймаган-ку? Бошқа сафар «Кореяда хатолигингиз бор, жаримангиз бор» дейишди. Кейинги сафар бошқа нарсани рўкач қилишарди. Аммо худди менинг вазиятимдаги «чегараланган» белгиси чиққанлар [муаммони] ҳал қилиб кетишяпти Кореяга. Миграция агентлиги орқали «ҳал қилгани»ни таъкидлашяпти.

600 долларга Кореядан адвокат ёлладим. У номимдан Кореядаги масъул идораларга менинг ҳужжатларимни текширганда менда бирорта хатолик ва қарздорлик йўқлигини ҳамда Кореяга киришим таъминланганини айтди. Фақатгина Ўзбекистондаги Ташқи меҳнат миграция агентлигига учрашишим кераклигини айтди. Агентликка бориб, юқоридаги гапларни етказдим. Улар ишим ҳал бўлмаслиги, қайта имтиҳондан ўтишим кераклигини айтиб, қайтариб юборишди».

Шикоят қилганлардан яна бири имтиҳонларни миграция агентлиги ходимлари эмас, кореяликлар олиши кераклигини айтади.

«Мен 2018 йилдан буён Кореяда ишлаш мақсадида ўқиб, тайёрланаман, 2019 йил иккита имтиҳондан аъло баҳолар билан ўтдим, учинчи – охирги skill test жараёнида ноҳақлик бўлди: Миграция ходимлари skill test жараёнига кириб, вақт 1 дақиқа берилган бўлса-да, 30–35 сонияда тўхтатиб қўйишди. Яқинда бўлиб ўтган имтиҳонда ҳам бир шахс ўрнига бошқа шахсни киргизишяпти. Шунинг учун, тест жараёнига миграция ходимларининг киришини хоҳламаймиз, корейсларнинг ўзи олишини хоҳлаймиз», дейди у.

Яна бир видеомурожаатчи эса, агентлик ҳудудида рўй берган қинғирликлар видеога олинганини айтиб берган.

«2023 йилда EPS-Topik имтиҳонларидан ўтдик. Шунча йилдан буён йиқилиб келганман, бу сафар имкониятни қўлдан бой бермаслик учун, имтиҳон бўлаётган жойларда неча кун бўлса ҳам муҳитни ўрганиш учун турдик. Ўзим ҳам кириб чиқдим, ичкарида ўйинлар бўлганини кўрдим. Масалан, корейс тилини билмаган одам ўрнига бошқа одам паспорт олиб, кириб кетган ҳолатларни кўрдик. Бу ҳолатларнинг видеоларини ёзиб олганмиз, тегишли жойларга топширдик.

Сурхондарё вилоятидан бўлган юздан ортиқ кишини ранг ажрата олмади, далтоник деб имтиҳондан йиқитишганди. Биз унақамаслигимиз, кўзимиз ранг ажратишини айтиб, қайта имтиҳон ўтказишни талаб қилганимиздан кейин, хатони тан олиб, юздан ошиқ одамни ўтказворишди», дейди у.

Kun.uz’га тақдим этилган видеода корейс тили тест имтиҳонлари жараёнида бўладиган асосий «ўйинлар» акс этган – ўринга кириш. Видеода Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг баъзи ходимлари қай тарзда «одам ўтказиши» акс этган.

Хусусан, 2023 йил 14, 15 ва 16 март кунлари тасвирга олинган кадрларда агентликда фаолият юритувчи Азиз Тоштемиров ва Бегзод Бойсариев Жаҳон тиллари университетида ўзи билан ўқиган танишларини бошқалар ўрнидан имтиҳонга киритаётгани акс этган.

Кадрлардан бирида ҳатто ўринга кираётган йигит текширувчилар томонидан ушланганда ҳам, рация орқали сўзлашувдан кейин имтиҳонга ўтказиб юборилганини кўриш мумкин. Бу ҳолатлар суратга олинаётганини пайқаб қолишганидан кейин эса имтиҳон ўтказилаётган ҳудуд кўринмас қилиб ўраб олинган.

Шокир Шарипов тайёрлади.

Мавзуга оид