Жаҳон | 10:57 / 12.05.2023
8519
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск Twitter бош директори лавозимини тарк этади

Илон Маск Twitter бош директори лавозимида ўзининг ўрнига ўринбосар топганини маълум қилди. У тахминан олти ҳафта ичида иш бошлайди.

Фото: AP

Twitter эгаси, мултимиллиардер Илон Маск компания бош директори лавозимини тарк этишга қарор қилди. Бу ҳақда тадбиркор 11 май, пайшанба куни микроблогда маълумот берди.

Маскнинг сўзларига кўра, у аллақачон бу лавозимда ўз ўрнига ўринбосар топган. У унинг исмини айтмади ва тахминан олти ҳафтадан кейин иш бошлашини айтди.

Илон Маскнинг ўзи компания директорлар кенгаши раиси ва техник директори лавозимларини эгаллайди. У тизим маъмурлари ишини назорат, IT-маҳсулотлар ва дастурий таъминотни мониторинг қилишни давом эттиради.

Tesla ва SpaceX асосчиси бу йил Bloomberg талқини бўйича дунёнинг энг бой одамлари рейтингида яна биринчи ўринни эгаллади. Маскнинг бойлиги, агентликнинг 28 февралдаги маълумотларига кўра, Tesla акциялари ўсиши фонида 187,1 миллиард долларгача ошган.

2022 йил охирида Илон Маск Twitter'да ўзига ворис топгач, бош директор лавозимини тарк этишга ваъда берган эди. "Мен бу ишни бажариш учун аҳмоқ одамни топишим биланоқ бош директор лавозимини тарк этаман. Шундан сўнг мен фақат дастурий таъминот ва сервер гуруҳларини бошқараман", деб ёзган эди у 21 декабр куни.

Бунгача Маск сўровнома ўтказди. "Twitter раҳбари лавозимини тарк этишим керакми? Мен бу сўров натижаларига содиқ қоламан", деб ёзади тадбиркор. Натижада унинг кетишига 57,5   фоиз овоз берди, 42,5 фоизи эса қарши чиқди. Сўровда 17,5 миллион аккаунт иштирок этди.

Шундан сўнг тадбиркор сўров натижалари билан боғлиқ ҳеч қандай қарорни эълон қилмади, бироқ билвосита ботларнинг аралашуви эҳтимоли туфайли натижаларга ишончсизликни кўрсатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид