Жаҳон | 22:26 / 12.05.2023
39549
11 дақиқада ўқилади

Қарши ҳужум бошландими: Бахмут ва Соледар атрофида нималар бўлмоқда? 

Россиядагилар иккинчи кундирки  украинлар қарши ҳужуми бошланганини айтишмоқда. Чиндан ҳам шундайми? Амалда фронтда нималар бўлмоқда? Москва, Киев ва ҳарбий мухбирларнинг версиялари.

Фото: Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpiх / LETA

Россия мудофаа вазирлиги жума куни Украина Донецк областида ҳужумга ўтганини тасдиқлади, бир кун олдин эса ҳарбий мухбирларнинг украин кучлари Бахмут ва Соледар йўналишида илгарилаётгани ҳақидаги хабарларини уйдирма деб атаганди. Украина президенти душманни «айрим йўналишларда ортга итқитиб ташлашга муваффақ бўлингани» ҳақида айтди.

«Мудофаа барқарорлигини ошириш мақсадида»

Пайшанба куни кечқурун россиялик ҳарбий мухбирлар ўз телеграм-каналларида фронтнинг бир қанча участкаларида Украинанинг анчадан буён кутилаётган қарши ҳужуми бошлангани ҳақида айтиб ваҳима кўтаришди. Бу ҳақда биринчи навбатда «Вагнер» ХҲК ва унинг асосчиси Евгений Пригожинга алоқадор каналлар хабар тарқатди.

Пригожиннинг ўзи эса кун аввалида биринчи бўлиб тўлқин кўтариб берган, «қарши ҳужум қизғин паллада» экани ва Украина қуролли кучлари бўлинмалари Бахмут атрофида «қанотларга ўтаётгани», Россия армиясининг қанотларни ёпишга масъул бўлган қисмлари эгалланган ҳудудларни «амалда жангсиз» тарк этаётганини айтганди.

Пригожинга яқин бўлган «военкор» Александр Симоновнинг аниқлик киритишича, Украина қуролли кучларининг Бахмутдан 5 километр шимоли-ғарбдаги Богдановка қишлоғи ҳудудидаги ҳужуми муваффақиятли чиққан, бу ерда 9-мотоўқчилар полки «яна бир неча квадрат километр ҳудудни бой берган».

Богдановка Бахмут мудофаачилари учун катта аҳамиятга эга. У Часив Ярдан келувчи трасса бўйида жойлашган - сўнгги ҳафталарда вагнерчилар ушбу йўл ёқасига етиб келган ва Украина армияси Бахмутдаги гарнизон таъминотини асосий йўл орқали олиб бора олмай қолганди.

Россия мудофаа вазирлиги амалда ушбу участкадан чекинилганини тан олди. Богдановкадан шимоли-шарқда Берховка сув омбори жойлашган. Россия ҳарбий идораси баёнотига кўра, Россиянинг «Жанубий» гуруҳи бўлинмалари «мудофаа барқарорлигини ошириш мақсадида» «Берховка сув омборининг қулай шароитларини ҳисобга олган ҳолда» янги чизиқни эгаллаган.

Бу тан олиш Россия мудофаа вазирлиги пресс-релизида матн ичига яширилганди, асосий урғу эса россиялик ҳарбийлар Украина армиясининг фронт чизиғининг турли участкаларидаги бошқа барча ҳужумларини қайтарганига қаратилганди.

Шу билан бирга, Россия мудофаа вазирлиги биринчи марта Соледар шаҳри йўналишида ўз позицияларига йирик қарши ҳужум уюштирилганини тан олди. Унда таъкидланишича, пайшанба куни душман «томонларнинг узунлиги 95 километрдан ортиқ бўлган бутун туташув чизиғи бўйлаб» ҳужум операцияларини амалга оширган.

«Украина қуролли кучлари 26 бор ҳужум уюштирди, унда мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи, 40 тагача танклар, шунингдек бошқа ҳарбий ва махсус техникалар иштирок этди», - дейилган пресс-релизда.

Пригожин эса мудофаа вазирлигининг Берховка сув омбори атрофидаги нисбатан қулай чизиқларга ўтилгани ҳақидаги баёнотига зудлик билан реакция билдирди: «Афсуски, бу қайта гуруҳланиш эмас, қочиш эди».

РФ мудофаа вазирлигига алоқадор бўлган канал Rybar телеграм-канали россиялик ҳарбийлар Богдановка — Берховка йўналишида чекинганини тасдиқлади.

«Улкан саъй-ҳаракатлар билан душман тўхтатилди ва ҳатто ортга улоқтирилди»

Украина президенти Володимир Зеленский жума куни Бахмут атрофидаги қарши ҳужумнинг бевосита тасдиғи деб ҳам ҳисоблаш мумкин бўлган баёнот берди.

«Генерал Сирскийнинг ҳисоботини тингладик, унинг бўлинмалари улкан саъй-ҳаракатлар билан душманни тўхтатишган ва ҳатто айрим йўналишларда уларни ортга улоқтирган», - деган Зеленский.

Олександр Сирский - Украина ҚК қуруқлик қўшинлари қўмондони, у ўтган йил ёзидан буён шиддатли жанглар кечаётган Бахмутга тез-тез ташриф буюриб туради.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр эса жума куни Бахмут атрофида украин ҳарбийлари бир ҳафта ичида 2 километрга олдинга юргани ҳақида айтди (у бу илгарилаш айнан қайси ҳудудда бўлганига аниқлик киритмаган).

Пайшанба куни Зеленский хорижий нашрларга берган интервюсида Украина ҳали қарши ҳужумга тайёр эмаслигини айтганди. «Биз ўзимизда бор воситалар билан ҳужумга ўтишимиз ҳам мумкин, аммо бу ҳолда йўқотишлар кўпроқ бўлади. Бунга эса йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун яна бироз кутиш керак. Бизга яна бироз вақт керак», деганди у.

Пригожин эса «Владимир Александрович Зеленский алдаётгани - амалда қарши ҳужум авжида» эканини айтганди.

Бахмутда апрел ойида дрон орқали олинган кадр. Фото: Reuters

Ҳарбий мухбирлар нималар ёзишди?

11 май куни кечқурун Россия босқинини қўллайдиган кўплаб телеграм-каналларда украин ҳарбийлари бир неча ойдан буён кутилаётган қарши ҳужумни бошлашгани ҳақида ёза бошлашди.

«Военкор» Евгений Поддубний 11 май куни кечқурун украин ҳарбийлари Бахмут йўналишида Россия кучларини «қуршаб олиш бўйича операцияни амалга оширишни бошлагани», шунингдек, Бахмутдан шимолдаги Соледар шаҳри атрофида россияликлар мудофааси ёриб ўтилгани ҳақида ёзди. «Душманнинг қарши ҳужуми бошланди, деб ҳисоблаймиз», — дея хулоса қилди у. Бошқа бир пропагандачи, «военкор» Семен Пегов ҳам унинг фикрига қўшилиб, Украина қуролли кучлари Ҳорливка йўналишида ҳам ҳужумга ўтганини хабар қилди.

Шунингдек, Поддубний Харкив атрофида «кун бўйи Украина қуролли кучлари ҳарбий техникалари колонналари Белгород области билан чегара томон ҳаракатлангани» ҳақида хабар берди. «Военкор» Александр Коц ҳам ўз телеграм-каналида шундай маълумотни бўлишди.

RT телеканали мухбири эса Херсон областида Днипронинг ўнг соҳилида катерлар тўпланаётгани ҳақида хабар қилди ва шундай тахминни билдирди: «Афтидан, десант операциясига тайёргарлик кўрилмоқда».

Бу баёнотлар ва уларнинг жузъий ўзгаришлар киритилган вариантлари бошқа ҳарбий каналларда қайта тарқатилди ва бир неча соат ичида телеграмнинг z-сегментида ваҳима уйғотди. Бунга жавобан РФ мудофаа вазирлиги расмий баёнот бериб, «айрим телеграм-каналларда ҳарбий туташув чизиғининг турли участкаларида „мудофаа ёриб ўтилгани“ тўғрисида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги»ни билдирди.

Кўп ўтмай ҳарбий мухбирлар ҳам ўз хабарлари оҳангини кескин юмшатишди ва ҳатто «ваҳимага тушмаслик»ка чақира бошлашди. Пегов «ҳужум бугун ҳам, кеча ҳам бошланмагани»ни ёзиб, Украина қуролли кучлари ҳар кунги режимда «заиф нуқталарга зарба беришга уринаётгани»ни қайд этди. Поддубний вазиятни «катта режа доирасидаги локал жанглар олиб бориш» деб таърифлади ва унинг олдинги хабарлари «ваҳима уйғотиш учун асос бўлмагани»ни таъкидлади.

Аммо кейинги кун, 12 май куни РФ мудофаа вазирлиги Украина армияси Бахмут атрофида ҳужумга ўтишга уринганини тасдиқлади ва бу уринишлар гўёки тўхтатилганини маълум қилди. Хусусан, Поддубнийнинг Соледарга ҳужум ҳақидаги хабари ҳам ўз тасдиғини топди.

«Украина кучлари, катта эҳтимол билан, Бахмут атрофидаги локал қарши ҳужумлар давомида россияликларнинг айрим чегара чизиқларини бузиб ўтган ва бу «Вагнер» ва Россия мудофаа вазирлигининг жавоб чораларини кўришига сабаб бўлган. Пригожиннинг ва мудофаа вазирлигининг баёнотлари Россия ахборот майдонида Украинанинг кутилаётган қарши ҳужуми бўйича ваҳима кучайиб бораётганини акс эттиради, шунингдек Кремлнинг Украина муваффақиятлари кўламини камайтирмасликка қарор қилганидан дарак беради», дейилади Америка урушларни ўрганиш институти (ISW)нинг ҳар кунги ҳисоботида. 

Жума куни Пригожин Россия ҳарбий раҳбариятини яна бир бор масхара қилди ва мудофаа вазири Сергей Шойгуни Бахмутга келишга таклиф қилди.

Фронтда амалда нималар бўлмоқда?

Украиналик аскар Бахмут атрофидаги фронт чизиғида гранатомётдан ўт очмоқда (фото 3 май куни олинган)
Фото: Reuters

Украина ҚК чиндан ҳам сўнгги ойларда биринчи марта нисбатан йирик қарши ҳужум уюштирди, аммо ҳозирча фақат бир йўналишда — Бахмут ҳудудида. Бу вагнерчилар ҳужум қилаётган шаҳар жанубида бир қанча локал қарши ҳужумлар билан бошланди.

Аввалига Украина ҚК 3-алоҳида танк бригадаси 9-10 май кунларида РФ қуролли кучларининг 2022 йилда «кўнгиллилар» ҳисобига қайтадан тузилган 72-мотоўқчилар бригадаси бўлинмаларини Шимолий Дон — Донбасс канали бўйидаги плацдармдан сиқиб чиқарди. «Кўнгиллилар» апрел ойида бу участкада «Вагнер» ХҲК жангчиларининг ўрнини эгаллаганди — ёлланма жангчилар эса Бахмутнинг ўзини штурм қилаётган отрядларга ёрдам бериш учун жўнатилганди.

Кейин эса, Евгений Пригожинга яқин ҳисобланган «военкор» Александр Симоновнинг хабар беришича, РФ ҚК 4-бригадаси (аннексия қилинган «ЛХР»даги «милиция қўшини»дан бўлган собиқ бригада) қисмлари Бахмутдан шимоли-ғарбда украинлар ҳужумига учраган. Бу бригада ҳам ушбу ҳудудга апрел ойи охири ёки май ойи бошида Бахмутдаги украин гарнизонини асосий ер билан боғловчи «ҳаёт йўли»ни кесиб қўйишга уринаётган «Вагнер» ХҲК жангчиларини алмаштириш учун олиб келинганди. Симоновнинг таъкидлашича, Украина қуролли кучларининг бу ҳужумлари — Бахмутдаги «Вагнер» отрядларини қуршовга олишга уринишдан бошқа нарса эмас.

Шунга қарамай, зарбалар йўналишига кўра, ҳозирча фақат Украина қўмондонлиги шаҳарнинг ғарбий чеккаларида ярим қуршов ҳолатида жанг қилаётган кучларни қутқаришга ҳаракат қилаётгани ҳақида гапириш мумкин. РФ мудофаа вазирлиги билвосита Украина ҳужуми муваффақиятли бўлганини тасдиқлади.

Украина ҚК қўмондонлигининг режаси ҳозирча аён эмас. Ғарблик экспертлар фикрича, Бахмут атрофидаги ҳужумлар каттароқ ҳужумнинг бошланиши (ёки унга тайёргарлик тадбирлари) бўлиши мумкин. Украина қўмондонлиги Россия армиясини Бахмут атрофига қўшимча кучлар юборишга мажбур қилмоқчи бўлиши ҳам мумкин — бу захиралар Украина қуролли кучларининг бошқа йўналишлардаги бўлажак ҳужумини қайтаришда иштирок этмаслигини таъминлаш учун. Аммо украин армияси шунчаки ҳамон Бахмутни қийинчилик билан ушлаб турган қўшинлар ҳолатини енгиллаштиришга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этиб бўлмайди.

Мавзуга оид