Жаҳон | 21:46 / 13.05.2023
34541
6 дақиқада ўқилади

Фашистлар Германиясининг 25 кунлик рейхпрезиденти — Ҳитлернинг вориси ҳақида нималар маълум?

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушни бошлаган фашистлар Германиясининг интиҳоси кўп ҳолларда Адолф Ҳитлер ўз жонига қасд қилган сана ва сўзсиз таслим бўлиш бўйича ҳужжат имзоланган 8 май билан боғланади. Аммо бу нацистлар давлатининг энг сўнгги лаҳзалари эмасди.

Карл Дёниц ва Адолф Ҳитлер

Ҳитлер уни ўзининг вориси дея эълон қилган

Тарихий ҳужжатларга кўра, 1945 йил 29 апрел куни фюрер бункерда муҳим сиёсий кенгаш ўтказади. Унда ҳокимият Карл Дёницга топширилади. Дёниц армия бош қўмондони ва рейхпрезидент этиб тайинланади, бошқарув ваколатлари тўлиқ унга ўтади, расман Адолф Ҳитлернинг издошига айланади. Германия шимолидаги Фленсбург шаҳрида янги ҳукумат тузилади.

Бу вақтда Учинчи рейх қўл остида Германия шимолидаги ерлар, Дания каби кичик ҳудудлар қолганди. 2 май куни Дёниц “немис ҳалқига мурожаати”ни эълон қилади. Мурожаатда мамлакатга янги раҳбарият келгани, Ҳитлер ўз жонига қасд қилиб қаҳрамонларча (!) ҳалок бўлгани очиқланганди.

Гарчи бундан буёғига қаршилик кўрсатиш бўш қопни тик қўйишга уринишдай бесамар бўлса-да, янги раҳбар таслим бўлишга шошилмасди. Балки, унинг кўнглига вазиятни ўнглаш ва қудрати сўнган рейхнинг янги ҳукмдорлигига ўрнашиш режаси келгандир. Аммо якунда ҳаммаси пуфакдек ёрилиб кетади.

Таслим бўлишдан бошқа йўлни кўрмаган Дёниц имкон қадар СССРнинг ғарбдаги иттифоқчилари билан келишишга урина бошлади: барча нацистлар қатори у ҳам коммунистларнинг аёвсиз қасос олишидан хавфсирарди. Ниҳоят 7 май куни Дёницнинг вакиллари Реймсда таслим бўлиш ҳақида актни имзолайдилар.

Аммо мазкур келишувдан урушда энг кўп талафот берган ўжар большевикларнинг кўнгли тўлмайди. Бир кун ўтиб Берлиндаги Карлхорстда фон Кейтел яна бир бор сўзсиз таслим тўғрисидаги актга имзо қўяди.

Карл Дёниц 

Дёниц ким эди?

Кўпчилик таҳлилчиларнинг фикрича, Дёницнинг Ҳитлерга таъсири ва нацистлар элитаси орасида обрўси унча катта бўлмаган, жумладан, унинг қудратини СС раҳбари Гиммлер ва вице-фюрер Геринг билан мутлақо солиштириб бўлмасди.

Дёниц 1891 йил, Германия империясида дунёга келган. Биринчи жаҳон урушида герман ҳарбий флотида хизмат қилган ва уруш охирида инглизларга асир тушган. Пешонасига нацистлар Германиясини сўнгги лаҳзаларда бошқариш ёзилган ушбу ҳарбий Ҳитлер ҳокимияти даврида мансаб пиллапояларидан шиддат билан кўтарила бошлайди.

Жумладан Дёниц 1942 йил адмирал, 1943 йилда гроссадмирал унвонларига сазовор бўлади.

1945 йил 6 майда Дёниц тинч аҳолини эвакуация қилиш ҳақида буйруқ чиқарди ва эвакуация эҳтиёжлари учун сувости ёқилғи захирасини берди. Чунки бу пайтга келиб транспорт кемалари ёқилғисиз қолган эди. 2 кун ичида 120 мингга яқин одам эвакуация қилинди. Умуман олганда Дёниц бошчилигида 1945 йил 23 январдан 1 майгача тахминан 800 минг қочқин, 355 минг ярадор ва 215 минг аскар эвакуация қилинди.

У бошчилигидаги ҳукумат 1945 йилнинг 23 май кунига қадар яшайди. Шу куни Дёниц бошчилигидаги қолган-қутган фашистлар америкаликлар томонидан ҳибсга олинади.

Афсуски, йиллар давомида фашизм мафкураси халқ миясига шу даражада усталик билан қуйилган эдики, Ҳитлер ўлгач амалда қўлида ҳеч қандай ҳокимият бўлмаган раҳбариятга ҳам ишонувчилар топилади. Нақадар ёвуз бўлмасин, нацистлар пропагандани аъло даражада олиб борганини қайд этмасдан илож йўқ.

Фавқулодда енгил жазо

Миллатчилар суд қилинган Нюренберг жараёнида Дёницга омад кулиб боқади: инсоният олдидаги жиноятлари учун унга 10 йил қамоқ жазоси тайинланади.

Ваҳоланки, фюрернинг “эркатойлари” – Геринг, Калтенбрунер, Йодл, Кейтел, Розенберг, Риббентроплар отувга ҳукм қилинганди. Ҳатто Геринг қамоқхонада ўзини заҳарлаб, шармандали ўлим топади.

Орадан ўн йил ўтади...

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан ўн бир йил ўтиб, нацистлар Германиясининг охирги раҳбари озодлик ҳавосидан нафас олаётганди. Аммо бу вақтга келиб Германия тарихдан аччиқ хулосаларини чиқариб бўлган ва жамиятга Дёницга ўхшаган инсонлар мутлақо керак эмасди. Жони фойдага қолганидан суюнган собиқ раҳбар шимолдаги Аумюле номли мўъжаз ва осуда қишлоқчага жўнайди ҳамда ҳаётининг қолган қисмини ўша ерда ўтказади. ГФР ҳукумати унга адмирал унвони бўйича нафақа тўлашдан бош тортади.

Карл Дёниц бир неча мемуарлар муаллифи саналади. Жумладан у “Ўн йил ва йигирма кун” номли китоб ҳам ёзган. Ушбу китобда Дёниц нацизм ўз даври маҳсули ва талаби эканини иддао қилади. Шунингдек, ўзининг сиёсатчи эмас, ҳарбий эканлигини таъкидлаб, инсониятга қарши жиноятларда айбдор эмаслигини тиркаб ўтади.

Учинчи рейхнинг сўнгги рейхпрезиденти ҳаётига 1980 йилда юрак хуружи нуқта қўяди. Дёницнинг дафн маросими ортиқча дабдабаларсиз ва тинч ўтган. Чунки Германия федератив республикаси ҳукумати уни сўнгги манзилга кузатишга келганларда ҳарбийча мулозамат ва дабдабани тақиқлаб қўйганди. Дафн маросимига келган юқори лавозимли маҳаллий ва хорижий меҳмонлар фуқаро кийимида ташриф буюришга мажбур бўлишади.

Бутун дунёни ағдар-тўнтар қилган, эллик миллиондан ошиқ одамнинг умрига зомин бўлган нацистлар давлатининг сўнгги расмий раҳбари ҳаёти шу тариқа поёнига етади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид