Жаҳон | 14:49 / 13.05.2023
10209
2 дақиқада ўқилади

Германия Украина учун энг йирик ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда

Германия Украинага 2,7 миллиард евролик қурол-яроғларнинг янги партиясини етказиб беради. Пакет таркибига зирҳли техникалар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ғилдиракли гаубицалар ва бошқа жиҳозлар киради, дея хабар бермоқда немис нашри манбаларга таяниб.

Фото: abc

Германия Украинага деярли 2,7 миллиард еврога тенг энг йирик ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда. Унинг таркибига Marder пиёда қўшинларининг жанговар машиналари, Leopard 1 танклари, Gepard ўзиюрар зенит қуроллари, ўқ-дорилар билан IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимлари ва бошқа турдаги оғир техникалар киради, деб хабар берди Der Spiegel 13 май, шанба куни Берлиндаги манбаларга таяниб.

Нашрнинг ёзишича, бу пакет сўнгги кунларда вазирликлар ва федерал канцлер идораси ўртасидаги махфий музокаралар чоғида келишилган. Украина қуруқликдаги қўшинларини зирҳли техникалар билан мустаҳкамлаш ва Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Der Spiegel нашрининг ёзишича, пакет 14 май куни Ахенда Украина президенти Володимир Зеленскийга Буюк Карл халқаро мукофотини топшириш маросимига тўғри келади. Бу йил Украина халқи ва президентига топширилган мукофотни топшириш маросимига Зеленскийнинг шахсан ўзи келиши мумкин.

Украина учун немис қуролларининг янги рўйхати жуда узун - Украина яна 20 та Marder пиёда жанговар машинасини, 30 та Leopard 1 танкини, 2022 йил охирида ваъда қилинган 18 ғилдиракли гаубицани, тўртта IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимини, 12 та IRIS -T SLS ишга тушириш мосламалари ва ушбу тизимлар учун юзлаб бошқариладиган ракеталарни олади.

IRIS-T дунёдаги энг илғор ҳаво мудофаа тизимларидан биридир. Сўнгги ойларда Украинага етказиб берилган иккита шундай тизим кўплаб рус ракеталари ва дронларини тутиб олди, дея қайд этади Der Spiegel.

Нашр маълумотларига кўра, Германия Украинага душман позицияларини аниқлашда ҳам ёрдам беради — Киевга 200 тагача разведкачи учувчисиз учоқлар топширилади. Бундан ташқари, Украина украиналик ҳарбий хизматчиларни ташиш учун 100 та бронетранспортёр ва 100 та логистика ёрдам машинаси олади.

Мавзуга оид