Жаҳон | 21:57 / 13.05.2023
25056
2 дақиқада ўқилади

Хитой бутун дунёдан яширинча равишда космик кема қургани маълум бўлди 

Shenlong (Илоҳий аждаҳо) деб номланган кема орбитада 276 кун ўтказгандан сўнг яқинда иккинчи синов парвозини амалга оширди. 

Фото: China Aerospace Studies Institute

Хитой бир неча йиллардан бери кўп марта фойдаланиш мумкин бўлган космик робот-кемани ишлаб чиқмоқда ва бу борада аллақачон маълум муваффақиятларга эришган. 

Shenlong (Илоҳий аждаҳо) деб номланган кема орбитада 276 кун ўтказгандан сўнг яқинда иккинчи синов парвозини амалга оширди. Маълумотни Хитой аэрокосмик фан ва технология корпорацияси (CASC) ҳам тасдиқлади. 

Шу билан бирга, миссия, космик кема ва деярли бир йиллик экспериментал парвоз давомида амалга оширилган жараёнлар тафсилоти ошкор этилмади. 

Аввалроқ Хитойнинг Chongfu Shiyong Shiyong Hangtian Qi (CSSHQ) космик қурилмаси 2020 йил сентябрь ойида синовдан ўтказилгани ва Ерга муваффақиятли қўнгани ҳақида маълум бўлган эди. Журналистларнинг фикрича, бу кема - айнан Shenlong. 

Американинг SpaceNews журнали ушбу миссия ҳақидаги барча мавжуд маълумотларни таҳлил этиб, CCSHQ ишини сарҳисоб қилди: космик кема парвози давомида кўплаб орбитал манёврларни амалга оширди ва катта эҳтимол билан Шинжондаги Лоп-Нур ҳарбий базасига қўндирилди. 

2022 йил август ойида 90 кунлик парвоздан сўнг, ушбу қурилма кичик сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқди. Унинг табиати ва мақсади номаълум. АҚШ Космик Кучлари (USSF) томонидан олинган кузатув маълумотлари шуни кўрсатдики, у Boeing X-37B самолётига ўхшаб кетади. 

Тахминларга кўра, буларнинг барчаси Хитой томонидан SpaceX тизимига ўхшаш ўта оғир ракетани қуриш дастурининг бир қисми бўлиши мумкин. Ракета концепцияси 2021 йил апрель ойида тақдим этилган эди. 

Пекин, шунингдек, Tengyun («Самовий чавандоз») деб номланувчи яна бир кўп марта фойдаланиш мумкин бўлган космик кемани ишлаб чиқмоқда. Унинг концепцияси 2021 йилда Airshow China кўргазмасида намойиш этилган. 

Мавзуга оид