Ўзбекистон | 13:54 / 18.05.2023
10081
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Боку портида ўз терминалини очишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Боку портида ўз терминалини очиш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов Trend’га берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: trend.az

«Ушбу терминал шакарни Ўзбекистонга ташиш учун ҳам, экспортимиз учун ҳам ишлайди. Биз бунинг учун давлат-хусусий шерикликдан фойдаланмоқчимиз. Ўзбекистонлик тадбиркорлар келгусида фойдаланиш учун Олят порти инфратузилмасини ривожлантиришга сармоя киритмоқчи», - дейди у. 

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда томонлар Ўзбекистондан келаётган товарларни сақлаш учун Боку порти ҳудудида омбор инфратузилмасини яратиш бўйича тегишли ишларни амалга оширмоқда. 

Мўминов, шунингдек, жорий йилда президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Озарбойжон ва Гуржистон портлари орқали товар етказиб бериш ҳажмини 1,5 миллион тоннага етказишини таъкидлади. 

«Дунёдаги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, етказиб беришнинг муқобил йўлларини излаш зарур, ҳозирда Ўзбекистон юкларни Озарбойжон йўналишига қайта йўналтирмоқда, шу тариқа Ўрта йўлакнинг [Транс-Каспий халқаро транспорт йўли] салоҳиятини ривожлантирмоқда. Бугун биз Озарбойжоннинг транспорт салоҳиятидан, Боку халқаро денгиз савдо портининг имкониятларидан, хусусан, шакар импорти бўйича жуда фаол фойдаланмоқдамиз. Бу йил биз шакар ташиш ҳажмини икки баробарга – 300 минг тоннагача оширишни мўлжаллаяпмиз», — деб тушунтирди вазир ўринбосари. 

Унинг қайд этишича, 2022 йилда Озарбойжон ҳудуди орқали шакар хомашёсини ташиш 130 минг тоннани ташкил қилган. 

Умуман олганда, 2022 йилда Озарбойжоннинг Олят порти орқали Ўзбекистон экспорт-импорт юкларини ташиш ҳажми 65 фоизга ошиб, 900 минг тоннадан ортиқни ташкил қилди.

Мавзуга оид