13:06 / 19.05.2023
8804

G7 етакчилари Хирошима саммитини Тинчлик боғига ташриф билан очиб берди

«Катта еттилик» мамлакатлари давлат ва ҳукумат раҳбарлари Япониядаги саммитни Хирошимага ташланган атом бомбаси қурбонлари хотирасига гул қўйишдан бошлади. 

Фото: AFP

19 май, жума куни эрталаб Хирошимада G7 саммити очилди. Расмий дастур 1945 йилда Америка атом бомбаси портлаши қурбонлари хотирасига бағишланган Тинчлик боғига ташриф билан бошланди

Тадбир дастурида портлаш қурбонлари ва жабрдийдалари хотирасига бағишланган экспозиция тақдим этилган Тинчлик музейига ташриф ҳам бор эди. G7 президентлари ва ҳукумат раҳбарлари ташриф буюрувчилар китобига ёзувлар қолдиришган. Шундан сўнг «Катта еттилик» етакчилари ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этди. Бундан ташқари, Тинчлик боғида дарахт экиш маросими ўтказилиши режалаштирилган. 

Германия федерал канцлери Олаф Шольц Японияга келганида Хирошима «биз дунё тинчлиги ва хавфсизлиги учун масъул эканлигимизни эслатади», деди. 

Украинадаги уруш 21 май, якшанбага қадар давом этадиган музокараларнинг асосий мавзусидир. Дунёнинг етти йирик демократик саноат давлати – АҚШ, Япония, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Канада етакчилари ҳамда Европа Иттифоқи вакили Россияга Украинага қарши тажовузкорлиги учун янги санкцияларни муҳокама қилади.

«Катта еттилик»нинг барча аъзолари янги санкциялар жорий этишга ва экспорт назоратини кучайтиришга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳамкорлар нима қилаётгани ҳақида батафсил гапирмайман, аммо Қўшма Штатлар ўзининг муҳим чора-тадбирлар пакетини тақдим этади», - дейди АҚШнинг юқори мартабали вакили. Хусусан, G7 давлатлари дунёда энг йирик олмос ишлаб чиқарувчи давлат - Россиядан ишлов берилмаган олмос экспортини чеклаш чораларини жорий этиш ниятида. 

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украинага кейинги ҳарбий ёрдамни ҳам муҳокама қилади. Шу тариқа, Европа Иттифоқи кенгаши раҳбари Шарл Мишелнинг сўзларига кўра, учрашув мавзуларидан бири Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш бўлади. 

Якшанба кунги саммитда Украина президенти Владимир Зеленский иштирок этади. 

Top