Жаҳон | 11:16 / 19.05.2023
5623
2 дақиқада ўқилади

Володимир Зеленский Хирошимадаги G7 саммитида иштирок этади

Америка матбуоти Украина президентининг якшанба куни бўлиб ўтадиган G7 саммитида иштирок этишини хабар қилмоқда. Олдинроқ у учрашувда онлайн форматда чиқиши режалаштирилган эди. 

Фото: Getty Images

Украина президенти Володимир Зеленский G7 саммитида шахсан иштирок этиш учун Хирошимага учади. Бу ҳақда 19 май, жума куни Американинг кўплаб оммавий ахборот воситалари, жумладан, The New York Times нашри номи ошкор этилмаган расмий манбаларга таяниб хабар берди. Financial Thimes газетасининг ёзишича, Зеленский якшанба куни Токиога келади. 

Маълумотни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов тасдиқлади. «У ерда жуда муҳим ишлар ҳал қилинади ва шунинг учун бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун президентимизнинг мавжудлиги мутлақо зарур», деди у давлат телевидениесига берган интервьюсида. 

Аввалроқ Япония ҳукуматидаги манбалар Украина раҳбари G7 етакчилари учрашувида виртуал иштирок этиши ҳақида хабар берган эди. Бунинг учун саммитга қўшимча сессия қўшилди. Зеленскийни Киевга сафари чоғида таклиф қилган Япония бош вазири Фумио Кишида ҳам у учрашувда онлайн тарзда сўзлашини айтди. 

Зеленский ўтган ҳафта Европанинг бир қатор пойтахтларига ташриф буюрди ва иттифоқчилар билан Киевга янги қуроллар етказиб бериш бўйича келишиб олди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид