«Бахмут Россия томонидан эгалланмаган». Зеленский — шаҳардаги вазият ҳақида
Украина президенти украин ҳарбийлари Бахмутдалиги ва улар жуда муҳим вазифани бажаришаётганини маълум қилди.
Украина президенти Володимир Зеленский Россия кучлари сўнгги ойларда асосий шиддатли жанглар кечаётган Донецк областининг Бахмут шаҳрини ҳали тўлиқ эгалламаганини маълум қилди. Украина етакчиси бу ҳақда Япониянинг Ҳирошима шаҳрида бўлиб ўтаётган G7 саммити доирасидаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.
«Биз жангчиларимизнинг жасорати ва ўз ақлимиз туфайли шаҳарни ушлаб турибмиз ва курашяпмиз. Биз одамларни ўлимга ташлаб кетмаймиз, биз учун одамлар — хазина, бу бизда мавжуд бўлганларнинг энг асосийси.
Ҳеч қандай тушунмовчилик йўқ. Мен Бахмутда нималар бўлаётганини аниқ тушуниб турибман. Ва буларнинг барчаси нима учун қилинаётганини аниқ тушунамиз. Мен ҳарбийларимизнинг тактик қарашларини сизлар билан бўлиша олмайман… аммо биз тушуниб турибмизки, яна озгина қолди ва биз ғалаба қозонамиз.
Бугун ҳарбийлар ўта муҳим вазифаларни бажармоқда, улар Бахмутда бўлиб турибди, айнан қайси нуқталарда эканини — мен сизларга айтмайман, аммо шуни айтишим мумкинки, Бахмут бугунги кунда Россия Федерацияси томонидан эгаллаб олинмаган. Бунинг икки ёки учинчи талқини бўлиши мумкин эмас», – деган Украина раҳбари.
Мамлакат етакчисидан иқтибос келтирган «Украинская правда» нашрининг қайд этишича, бу сўзлари билан у ўзининг саммит доирасида АҚШ президенти Жо Байден билан учрашуви бошланиши арафасида Бахмут ҳақида айтган сўзлари юзасидан аниқлик киритди. Журналистлар унинг дастлабки жавобини шаҳар бой берилгани тасдиғи сифатида талқин қилишганди, аммо кўп ўтмай Зеленскийнинг матбуот хизмати у аслида россияликларнинг РФ кучлари шаҳарни эгаллаб олгани тўғрисидаги баёнотини рад этганини маълум қилганди.
Ўз навбатида, Украина қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский Украина қуролли кучлари ҳозирда Бахмутнинг фақат кичик қисмини назорат қилаётганига қарамай, унинг мудофааси ўз долзарблигини йўқотмаганини айтди.
«Биз амалда Бахмутни тактик қуршовга олишга яқинлашяпмиз», – деган Сирский.
- 20 май куни «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин Бахмут унинг отрядлари томонидан тўлиқ ишғол этилгани ва назоратга олинганини айтиб чиққанди. Кейинроқ РФ мудофаа вазирлиги ҳам «Артемовскни озод этиш амалиёти якунлангани» (Бахмутнинг советча номи) ҳақида баёнот берди. РФ президенти Владимир Путин ёлланма жангчилар ва ҳарбийларни амалиёт якунлангани муносабати билан табриклаган.
- Украиналик ҳарбийлар ва расмийлар шаҳар Россия кучлари томонидан эгаллангани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда. Украина ҚК бош штаби шаҳар учун жанглар давом этаётганини маълум қилган. Украина ҚК Шарқий қўшинлар гуруҳи спикери Сергей Череватий украин ҳарбийлари шаҳарнинг жануби-шарқидаги позицияларни ушлаб туришда давом этаётганини билдирган. Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Россия кучлари шаҳар атрофидаги тепаликларнинг бир қисми устидан назоратни бой бергани ва Украина ҚК Бахмутни қуршаб ола бошлаганини маълум қилган.
Мавзуга оид
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
11:08 / 09.11.2024