Жаҳон | 16:49 / 21.05.2023
29378
5 дақиқада ўқилади

Киевга ҳужум ва Бахмут атрофидаги украин жангчилари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 451-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Пригожин Бахмут устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилди. Украина қуролли кучлари ва Украина мудофаа вазирлиги буни рад этмоқда.
  • Телеграм-каналлар Украинанинг қуролли гуруҳлари Белгород области ҳудудига ёриб ўтгани ҳақида хабар беришди. Регион оператив штабидагилар буни рад этишди.
  • Володимир Зеленский «Катта еттилик» саммитида иштирок этиш учун Японияга келди.
  • Украина мудофаа вазирлиги Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний ғойиб бўлиб қолгани тўғрисидаги маълумотни рад этди.
  • Халқаро жиноят суди Россия расмийларининг суд прокурори Карим Хонни қидирувга бериш тўғрисидаги қарорини қўрқитиш деб атади.

Киевга дронларнинг навбатдаги ҳужуми

Россия қўшинлари 20 майга ўтар кечаси ҳам Киевга ҳужум уюштирди. Украина ҚК ҳаво кучлари «Shahed» русумли 18 та дрон учиб келгани ва уларнинг барчаси уриб туширилганини маълум қилди. Дронлар парчалари шаҳарнинг тўрт райони ҳудудларига қулаган, иккита турар жой биноси ва автомобилларни шикастлаган. Жароҳат олганлар йўқ.

Киевга тунги ёппасига ҳужум май ойи бошидан буён амалга оширилган 11-ҳужум бўлди. Ҳаво зарбалари апрел ойи охирида кучайган — бунгача деярли бир ой давомида бундай зарбалар кузатилмаганди.

Киевга дронлар ҳужуми оқибатида чиққан оловни ўчиришга уринаётган қутқарувчилар
Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA
Днепровский районидаги аҳоли яшаш кварталларидан биридаги тўққиз қаватли уй томидаги ёнғинни кузатаётган кишилар
Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA

Украина ҚКнинг Бахмут атрофидаги позициялари

«Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин 20 май куни кундузи Донецк областининг Бахмут шаҳри унинг ёлланма кучлари томонидан тўлиқ ишғол этилганини эълон қилди. «Бахмутни эгаллаш бўйича амалиёт — Бахмут гўштқиймалагичи — 224 кун давом этди», — деган Пригожин ўзининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода. 21 майга ўтар кечаси РФ мудофаа вазирлиги ҳам «Артемовск шаҳри озод этилгани» (Россия пропагандаси шаҳарнинг советча номланишини қўллайди) ҳақида хабар берди.

Украин ҳарбийлари ва мулозимлари Бахмут бой берилганини тасдиқламаган. Украина ҚК Шарқий қўшинлар гуруҳи спикери Сергей Череватий Россия кучлари Бахмутни ўз назоратига олгани тўғрисидаги хабарни рад этиб, украин ҳарбийлари «Бахмут учун жангни давом эттираётгани»ни айтиб чиқди. Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Бахмутда «оғир жанглар кетаётгани, вазият ўта оғирлиги»ни тан олди, унинг қайд этишича, украин ҳарбийлари шаҳардаги сўнгги участка — «Самолёт райони»ни ушлаб турибди. Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров Бахмут бой берилгани ҳақидаги маълумотни Украина президенти ҳам тасдиқламаслигини билдирди.

Украина ҚКнинг княз Даниил Галицкий номидаги 24-алоҳида механизациялашган бригадаси ҳарбий хизматчиси Донецк областидаги позициялардан бирида тунги кўриш мосламаси билан
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий бошпанада чой ичмоқда
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Украина ҚК жангчиси кузатув позициясида
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Рация орқали гаплашаётган украиналик ҳарбий хизматчи 
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Украина ҚК жангчилари «Град» баравар ўт очиш реактив тизимини номаълум жойдаги позицияга кўчирмоқда
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Санкт-Петербургда уруш мавзусидаги граффити

Петербург коммунал хизмати ходими Z-рассомлар Саша Монтлевич ва Алексей Чижов чизган граффитини бўяб ташламоқда. Рамзан Қодиров, Евгений Пригожин ва Владимир Путин портретлари акс этган, «Маркс, Энгелс, Ленин»нинг классик совет образига ишора қилувчи сурат Ахмат Қодиров кўприги устунида 14 май куни пайдо бўлганди. ОАВ унга 19 май куни эътибор қаратди.
Антон Ваганов / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид