13:01 / 22.05.2023
13351

Украина Мудофаа вазирлиги: УҚК Бахмутнинг ярмини қуршовга олди 

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, Украина қўшинлари Бахмутнинг ярмини қуршовга олган. 

Бахмут Фото: Libkos/AP Photo

"Душман Бахмутни ўраб ололмади ва улар шаҳар атрофидаги ҳукмрон баландликларнинг бир қисмини йўқотдилар. Яъни, қўшинларимизнинг қанотлар бўйлаб шаҳар атрофида олдинга силжиши ҳали ҳам давом этаётгани душманнинг Бахмутда қолишини жуда қийинлаштиради", - деб ёзади Маляр.

Унинг сўзларига кўра, шаҳарнинг ярим ҳалқага ўраб олингани Украина Қуролли кучларига “душманни йўқ қилиш имкониятини” беради. 

"Шунинг учун, душман шаҳарнинг ўзи назорат қилаётган қисмида ўзини ҳимоя қилиши керак. Бизнинг ҳимоячиларимиз "Самолёт" ҳудудидаги саноат ва инфратузилма объектлари ҳамда Бахмут хусусий сектори устидан назоратни сақлаб қолди", деди Маляр.

Россия Донецк областининг Бахмут шаҳри учун жангларда 100 мингга яқин ҳарбий йўқотган. Бу ҳақда Япониядаги G7 саммитида АҚШ президенти Жо Байден айтиб ўтди.

Украинанинг бўлажак қарши ҳужумини муҳокама қиларкан, Байден 2022 йил ёзидан буён жанглар кечаётган Бахмут ҳақида эслаб ўтди. Шу кунларда Россия томони шаҳар тўлиқ назорат остига олингани ҳақида эълон қилганди.

"Бахмут атрофида муҳокамалар кетмоқда — шаҳар бой берилганми ёки йўқ. Ҳақиқат шундаки, Россия Бахмутда юз мингга яқин одамидан айрилди. Буни тўлдириш қийин. У босиб олинганми ёки йўқми, бу муҳим эмас, у барибир вайрон қилинган шаҳар", — деган АҚШ президенти.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top