Жаҳон | 16:50 / 23.05.2023
11011
2 дақиқада ўқилади

Германия «қирувчилар коалициясида» кенг иштирок этишини тасдиқламади

Фото: AP

Германияда F-16 самолётлари йўқ ва у украиналик учувчиларни тайёрлашда ёрдам бериши даргумон, деди Германия мудофаа вазири. Шу билан бирга, Борис Писториус Киевга Taurus қанотли ракеталарини етказиб бериш имконияти ҳақидаги саволга жавоб бермади.

Германия мудофаа вазири Борис Писториус ГФРнинг Украина учун «қирувчилар коалицияси»да кенг иштирок этиши эҳтимолини рад этди. «Бунинг имкониятлари ниҳоятда чекланган ва ҳозирда ўрганилмоқда», - дея тушунтирди Писториус 23 май, сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи мудофаа вазирларининг конференцияси чоғида. 

«Германиянинг ҳиссаси катта роль ўйнамайди, чунки бизда F-16 самолётлари йўқ ва биз учувчиларни тайёрлашда ёрдам бера олмадик», деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари. У бошқа мамлакатларнинг Киевга қирувчи самолётлар етказиб беришда иштирок этиши эҳтимоли ҳақида изоҳ беришдан бош тортди ва бунда Украина атрофидаги можаронинг кучайиши хавфини кўрмаётганини айтди. 

Бундан ташқари, Борис Писториус Украинага Германиянинг Taurus типидаги қанотли ракеталарини етказиб бериш таклифига вазмин муносабат билдирди. Вазир ҳар бир алоҳида қурол тизими ҳақида мунозарага киришни ва фаразий саволларга фаразий жавоб беришни истамаслигини айтди. 

«Ўйлайманки, линиямиз биз буни қилмаслигимиз ва қизил ёки оқ чизиқлар тортмаслигимизнинг тўғрилигини исботлади», — деди Писториус ва Украинага жиддий ёрдам кўрсатиш ҳамда бу масалага масъулият билан ёндашиш муҳимлигини таъкидлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид