Жаҳон | 09:05 / 23.05.2023
10826
2 дақиқада ўқилади

Германия Россиядан диверсия хавфи ортгани ҳақида огоҳлантирди

Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идорасига кўра, Украинада уруш бошланганидан бери Россия махсус хизматлари ишининг интенсивлиги, кўлами ва мураккаблиги сезиларли даражада ошди.

Фото: iStock

Германияда Конституцияни ҳимоя қилиш бўйича федерал идора (BfV) Россия томонидан мамлакатда қўпорувчилик ҳаракатларининг "хавфи ортгани" ҳақида хабар берди. "Аслида Россия бундай қобилиятга эга ва агар керак бўлса, уларни немис нишонларига қарши, биринчи навбатда, муҳим инфратузилма соҳасида йўналтириши мумкин", деди BfV раҳбари Томас Халденванг 22 май, душанба куни Берлиндаги симпозиумда.

Унинг сўзларига кўра, Германия расмийлари аллақачон “тайёргарлик ишларини” қайд этган – хусусан, таъминот сектори корхоналарининг IT-инфратузилмасини кузатиш. Айни пайтда, Германиянинг муҳим инфратузилмасига қаратилган йирик киберҳужум ҳали қайд этилмади, деди у.

“Россияда жуда кучли кучлар киберҳужумларга тайёрланган”, деди Халденванг. "Ҳозир улар Украина инфратузилмасига қарши ҳаракат қилмоқда. Агар улар АҚШ, Ғарбий Европа ёки Германияга қарши йўналтирилса, биз ҳақиқатан ҳам мураккаб ҳужумлар билан ҳисоблашишга мажбур бўламиз", дея қўшимча қилди у ва Германия, шунга қарамай, бундай ҳолатларга яхши тайёрлигини таъкидлади. 

BfV маълумотларига кўра, Россия махсус хизматлари ишининг интенсивлиги, кўлами ва мураккаблиги Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши бошланганидан кейин сезиларли даражада ошди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид