Жаҳон | 21:25 / 25.05.2023
13456
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжон ва Арманистон тинчлик битимини имзолаши мумкин

Томонлар бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олишга келишди.

Фото: Getty Images

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Арманистон билан тинчлик шартномасини имзолаш имконияти борлигини маълум қилди.

«Арманистон Қорабоғни Озарбойжоннинг бир қисми сифатида тан олганини инобатга олсак, тинчлик келишувига эришиш имконияти мавжуд», деди Алиев Москвада бўлиб ўтган Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишида сўзлаган.

Бу йиғилишда Арманистон бош вазири Никол Пашинян «Арманистон ва Озарбойжон бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш бўйича келишиб олди ва шу асосда муносабатларимизни тартибга солиш йўлида анча яхши ҳаракат қиляпмиз», деган эди.

«Бу контекстда жуда муҳим масала – Тоғли Қорабоғ аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги. Ва халқаро механизм доирасида, яқин орада Боку ва Хонканди (арманлар Степанакерт деб атайди) ўртасида нормал ва конструктив мулоқот бошланади, деб умид қиламан», деди у.

Йиғилишда иштирок этган журналистларининг ёзишича, дастлаб Алиев ва Пашинян ўзаро тортишиб қолган ва танқидий фикр алмашган.

Алиев Озарбойжонни Нохичевон Мухтор Республикаси билан боғлайдиган Зангезур йўлаги лойиҳасини тилга олган. Пашиняннинг таъкидлашича, Алиев «сўнгги йилларда Арманистонга қарши ҳудудий даъволар қўйишга хизмат қиладиган иборани» ишлатган.

Арманистон бош вазири, шунингдек, Лочин йўлаги Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида бўлиши кераклигини таъкидлади ва Арманистон ҳудудидан ўтувчи барча транспорт ва иқтисодий коммуникацияларга қўйилган тўсиқларни олиб ташлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Алиев бунга жавобан Озарбойжоннинг Арманистонга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлигини, унинг «йўлак» сўзини ишлатиши кимнингдир ҳудудига тажовуз эмаслигини, чунки бу халқаро атама эканини таъкидлади.

Пайшанба куни Москвада Алиев, Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида уч томонлама музокаралар бўлиб ўтиши керак.

«Биз келишиб олганимиздек, уч томонлама форматда ҳамма нарсани хотиржам, ишбилармонлик руҳида муҳокама қилиш имконияти бўлади. Умид қиламанки, нафақат Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги, балки бутун минтақада вазиятни конструктив ривожланишига олиб келадиган қандайдир келишувларга эришамиз», деди Путин.

22 май куни Никол Пашинян Арманистон аҳоли хавфсизлиги таъминланган тақдирда, Тоғли Қорабоғни Озарбойжоннинг бир қисми сифатида тан олишга тайёрлигини маълум қилди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари Ереванни бундай баёнотлардан воз кечишга чақирди.

Мавзуга оид