Жаҳон | 10:43 / 26.05.2023
35425
8 дақиқада ўқилади

Британиялик экспертлар Россия армияси ҳақида батафсил ҳисобот эълон қилди

Асосий хулоса шундаки, у Украинага кенг миқёсли босқиннинг дастлабки ойларига қараганда яхшироқ жанг қилмоқда.

Фото: Sergei Ilnitsky / EPA / Scanpix / LETA

Британия Мудофаа тадқиқотлари институти (RUSI) экспертлари Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бир йил ўтиб, Россия армиясининг аҳволи ҳақида батафсил ҳисобот тақдим этди.

Ҳисобот муаллифлари бошқа нарсалар қаторида, Россия армиясининг заифлиги ва қобилиятсизлиги ҳақидаги кенг тарқалган фикр ҳақиқатга тўлиқ мос келмайди деган хулосага келди. Хусусан, экспертларнинг таъкидлашича, Россия қуролли кучлари ўз тактикасини жорий вазифаларга мослаштириб олган, шунингдек, кенг кўламли босқиннинг дастлабки ойларида яққол намоён бўлган кўплаб камчиликларни тузатишга муваффақ бўлган.

Пиёдалар

Босқиннинг бошида рус ҳарбийлари Батальон тактик гуруҳлари (БТГ) таркибида, минг кишидан кам бўлган мустақил қўшма қуролли қисмлар, шу жумладан мотопиёдалар, танклар, артиллерия ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими сифатида ҳаракат қилган. Аммо шахсий таркиб етишмаслиги ва ҳаракатлардаги мувофиқлик йўқлиги туфайли Россия қўмондонлиги БТГ гуруҳларини жойлаштиришдан воз кечишга мажбур бўлди. Бунинг ўрнига, ҳарбий раҳбарият пиёда аскарлардан фойдаланишни бошлади, улардан 4 турдаги: чизиқли, ҳужумкор, «бир марталик» ва ихтисослаштирилган гуруҳлар тузилди.

Чизиқли пиёдалар кўпинча қўллаб-қувватлаш ва мудофаа учун, ҳужумкор қисмлар ҳужум операциялари учун ишлатилади. Ихтисослаштирилган қисмлар пиёдалар, ҳаво-десант қўшинлари, «Вагнер»нинг профессионал ёлланма аскарлари ва махсус кучлардан ташкил топган. Улар, жумладан, Украина қуролли кучлари позициялари яқинида кузатув ва снайпер постларини яратиш учун ишлатилган.

Асосан россиялик маҳбуслар ва сафарбар қилинганлар, шунингдек, «ДХР» ва «ЛХР»дан чақирилганлардан иборат «бир марталик» пиёда аскарлар Украина қуролли кучлари позицияларини текшириш, шунингдек, Украина ҳарбийларига қарши доимий жангларда ишлатилган. «Бир марталик» пиёдалар кўпинча беш кишигача бўлган кичик гуруҳларда ҳаракат қилиб, «инсон тўлқини» тактикасини ишлатган – яксон қилинган гуруҳ ўрнини тезда бошқаси тўлдирган.

Муҳандислик қўшинлари

Муҳандислик қисмлари Россия армиясидаги энг самарали ҳарбий қисмлардан бири бўлиб чиқди. Хусусан, улар мудофаа иншоотларини тезкор барпо қилган, шунингдек, аралаш (пиёдаларга қарши ва танкка қарши) миналар майдонини комплекс ташкил этган.

Артиллерия

Артиллерия Россия армиясининг таянчи бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бироқ, кенг кўламли урушнинг дастлабки йилида уни қўллаш усуллари сезиларли даражада ўзгарди. Хусусан, агар босқиннинг бошида артиллерия батареялари БТГ билан уланган бўлса, 2022 йил ёзига келиб, улар битта қўмондонликка бўйсунадиган артиллерия-тактик гуруҳларга бирлаштирилди.

Бундан ташқари, Россия артиллерияси разведка учун дронлардан фаолроқ фойдаланишни бошлади, бу эса ўқ-дорилардан самаралироқ фойдаланиш имконини берди, шунингдек, артиллериянинг кенг жойлаштирилган позициялардан ўқ отиш қобилиятини оширди (жангчилар бир жойда тўпланиб қолиши, оқибатда душманнинг осон ўлжасига айланмаслиги учун). Бундан ташқари, Россия артиллерияси бир жойда муқим қолмасдан, янада ҳаракатчан бўлди.

Зирҳли транспорт воситалари

Босқин бошланганидан бери рус армияси зирҳли техникадан фойдаланиш тактикасини ҳам ўзгартирди. Мисол учун, агар илгари танклар фронтнинг маълум бир қисмини ёриб ўтиш учун ишлатилган бўлса, энди улар, қоида тариқасида, пиёдаларни қўллаб-қувватлаш функцияларини бажармоқда.

Хусусан, рус ҳарбийлари ёпиқ позициялардан ўқ отиш учун танклардан фойдаланмоқда. Масалан, танклар логистик йўлларни ҳимоя қилиш учун ҳаво мудофааси етарли бўлмаган жойларда ишлатилмоқда.

Россия ҳарбийлари пиёда қўшинларни қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида ҳам танклардан фойдаланмоқда. Чунки улар фронт чизиғига яқин масофада ҳаракат қила олади ва душманнинг ўқ отиш нуқталарини аниқлаш ва йўқ қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, Россия рейдлар амалга ошириш учун танклардан фойдаланмоқда. Рус пиёда аскарлари Украина позицияларига доимий босим ўтказаётгани сабабли, Украина қуролли кучлари қўшинларнинг мунтазам ротациясини амалга ошириши керак. Ўз навбатида, Россия ҳарбийлари ротация тўғрисида маълумот олиб, танкларни белгиланган секторга юбормоқда, у ерда позиция ўзгариши сабабли энг заиф бўлган пайтда душман қўшинларига тезкор зарба бермоқда.

Россия томонидан эскирган Т-62 ва Т-55 танкларидан фойдаланиш ижтимоий тармоқларда масхара қилинган бўлса-да, улар пиёда жанговар машиналарига юкланган вазифаларни бажариши, бу жиҳатдан эскирган танклар самаралироқ бўлиши мумкин. Бахмутда рус қўшинлари танклардан шаҳар ичида фойдаланди, бу ҳолда эски танклардан фойдаланиш афзалроқ эди. Чунки шаҳар муҳити замонавийроқ транспорт воситаларига уларнинг йўқотилишини оқлаш учун етарли техник устунлик бермайди.

Россия ҳарбийлари танкларга бир қатор ўзгартиришлар киритди, бу эса уларнинг чидамлилигини оширди ва баъзи танкка қарши тизимларга нисбатан кучлироқ қилди.

Электрон уруш ускуналари

Россия радиоэлектрон кураш воситалари (РКВ) имкониятларини яхшилашга муваффақ бўлди. Айни пайтда Россия армияси фронтнинг ҳар 10 километри учун тахминан битта йирик РКВ тизимидан фойдаланади. Бу тизимлар, асосан, дронларни уриб туширишга қаратилган бўлиб, оқибатда Украина қуролли кучлари ойига 10 мингга яқин дрон йўқотяпти. Мутахассислар украиналик ҳарбийларнинг сўзларига таянган ҳолда таъкидлашича, россияликлар, афтидан, украиналиклар фойдаланадиган Motorola рациялари шифрини реал вақт режимида бузишни ўрганиб олган.

Ҳаво мудофааси воситалари

Босқин бошидан бери рус ҳарбийлари ҳаво мудофаа воситаларидан фойдаланиш усулини ўзгартирди, дастлаб улар жуда тарқоқ ҳолда эди.

Бундай шароитда Россиянинг ҳаво мудофаа тизимлари антирадиолокацион ракета ҳужумларига дош беролмади (улар Украинага НАТО томонидан етказиб берилган ва Украинанинг МиГ-29, Су-27 ва Су-24 самолётларида фойдаланишга мослаштирилган). Американинг HIMARS тизимлари етказилгач, Россия ҳаво мудофаа тизимлари ушбу ракеталар зарбасига қаршилик қила олмаслиги маълум бўлди.

2022 йил кузидан бошлаб, руслар асосий логистика ва тезкор бошқарув марказлари атрофида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жойлаштира бошлаган. Бундан ташқари, рус ҳарбийлари турли радарлар билан бирга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини қўллашни бошлади. Бу эса тизимларнинг умумий самарадорлигини оширди ва ракета зарбаларининг камида бир қисмини бартараф этиш имконини берди.

Авиация

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари туфайли Россия авиациясининг қамров соҳаси уруш давомида чекланганлигича қолмоқда. Шунга қарамай, урушнинг дастлабки йилида Россия аэрокосмик кучлари мавжуд чекловларга қисман мослашди. Хусусан, Россия ҳарбийлари ўқ-дорилар тақчиллигига мослашди, шунинг учун ҳаво ҳужумлари олдидан дронлар ҳужуми уюштирилмоқда. Бу билан Украина ҳаво мудофаасининг заиф томонлари очилмоқда, бу эса авиация ҳужуми самарасини оширяпти. Бундан ташқари, руслар модификация қилинган ФАБ-500 авиабомбаларидан фаол фойдаланишни бошлади. Россияда уларнинг катта захиралари бор.

Хулоса ўрнида, ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, жанговар ҳаракатлар йил давомида Россия армияси мослашиш ва хатоларидан сабоқ олиш қобилиятини намойиш этган. Шу билан бирга, барча ўзгаришлар вазиятга боғлиқ ва босқин пайтида пайдо бўлган камчиликларни тузатишга қаратилган. RUSI маълумотларига кўра, Россия армияси вақт ўтиши билан муаммоларни ҳал қилишни ўрганиб оладиган тузилмадир. Бироқ экспертлар қўмондонликнинг янги таҳдидларни олдиндан кўра билиш ва уларга тезкорлик билан жавоб бериш қобилиятига шубҳа қилмоқда.

Мавзуга оид