21:38 / 26.05.2023
16944

Днипрога ракета зарбаси: тиббиёт муассасаси вайрон бўлди, қурбонлар бор

Россия жума куни Днипрога ракета зарбалари йўллаши оқибатида, расмий маълумотларга кўра, камида икки киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши яраланган. Ярадорлар орасида икки нафари - 3 ва 6 ёшли болалардир, уларнинг ҳолати «ўртача оғирликда» деб баҳоланмоқда.

Кун давомида қурбонлар сони уч нафар экани хабар қилинганди, аммо ҳозирча фақат икки киши ўлими тасдиқланган. Шу билан бирга, Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг хабар қилишича, маҳаллий вақт билан соат 14:00 атрофида «шу ерда бўлгани тахмин қилинаётган уч киши билан алоқа ўрнатилмаган».

Украина бош прокуратураси маълумотига кўра, ракеталар тиббиёт муассасаси ва ветеринария клиникаси биноларига келиб тушган. Жами 500 квадрат метр майдон олов ичида қолган. Воқеа жойида ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар ишламоқда.

Днипро мэри Борис Филатовнинг хабар қилишича, шаҳарда шанба куни мотам эълон қилинади.

«Ҳозиргина фожиа жойидан қайтиб келдим. У ерда харобаларни тозалаш ишлари давом этмоқда. Кундуз кунги ракета зарбаси тиббиёт муассасаси филиалларидан бирини вайрон қилган, бу ерда одамларга психиатрия ёрдами кўрсатилган. Оддий сўз билан айтганда - руҳий касалликлар шифохонаси бўлган. Бу ер ҳеч қанақасига ҳарбий объект эмасди», дея ёзган Филатов телеграмида.

Унинг сўзларига кўра, қурбонлар сони ортиши мумкин. «Яқин атрофдаги ветеринария клиникасининг бечора жониворларига ҳам етиб боришган. Жабрланганлар сони кўп бўлиши мумкин эди. Амалда, одамларни мўъжиза қутқариб қолган. Ҳужум вақтида шифохонада смена алмашаётган бўлган», дея қўшимча қилган мэр.

Лисак қурбонлардан бири - 69 ёшли эркак бўлганини айтган. «Россиялик террорчилар ракетаси шаҳарга келганида у шунчаки шу ердан ўтиб кетаётган бўлган», дея ёзган у. Шунингдек, ветеринария клиникаси биноси харобалари остидан яна бир жасад чиқариб олинган.

Мэрнинг сўзларига кўра, регионга ҳужумда дронлар ҳам иштирок этган.

Украина президенти Володимир Зеленский ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида вайрон бўлган биноларнинг деразалари тўкилиб тушгани ва томлари учиб кетгани акс этган видеони эълон қилди. «Россиялик террорчилар инсоний ва ҳаққоний бўлган барча нарсага қарши курашувчи мақомини яна бир бор тасдиқлади», дея ёзган Зеленский телеграм-каналида.

Украина нашрлари қутқарувчилар клиника биносида парчалар сочилиб ётган йўлаклар бўйлаб қонга беланган кишиларни олиб чиқаётгани акс этган кадрларни эълон қилган.

Донецк ва Запорижжя областлари ўққа тутилиши

Жума куни Донецк областининг Авдийивка ва Запорижжя областининг Гуляйполе шаҳарлари ҳам ўққа тутилган.

Гуляйполеда маҳаллий расмийлар икки киши яраланиб, аҳоли турар жойлари ва хўжалик қурилмалари вайрон бўлганини хабар қилишган.

«47 ва 62 ёшлардаги икки аёл жабрланган, улар вайроналар остидан чиқариб олинган ва тиббий ёрдам кўрсатилган», дея ёзган Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Юрий Малашко.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак  Авдийивкада россияликлар ракетаси кўп қаватли уйга келиб урилгани, аммо қурбонлар йўқлигини хабар қилган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top