Жаҳон | 07:42 / 27.05.2023
10530
2 дақиқада ўқилади

Киев Берлиндан Taurus қанотли ракеталарини сўради

Украина Германияга Taurus қанотли ракеталарини етказиб бериш бўйича сўров юборди. Ушбу юқори аниқликдаги бошқариладиган ракеталарнинг масофаси - 500 кмгача. 

Фото: Kun.uzCombatAir

Германия Мудофаа вазирлиги расмий сўров олинганини тасдиқлаган. Идора Киев ушбу турдаги нечта ракеталарни қабул қилиб олишни кутаётганига аниқлик киритмади.

Аввалроқ ХДИ мудофаа эксперти Родерих Кизеветтер немис қанотли ракеталарини Киевга топширишга ундаган эди. Бу Украина Қуролли кучларига "русларнинг ҳарбий инфратузилмасига фронт чизиғидан анча узоқдан зарба бериш имконини яратади", деб таъкидлади эксперт.

Германия мудофаа вазири Борис Писториус ГФРнинг Украина учун "қирувчилар коалицияси"да кенг иштирок этиши эҳтимолини рад этди. "Бунинг имкониятлари ниҳоятда чекланган ва ҳозирда ўрганилмоқда", - дея тушунтирди Писториус 23 май куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи мудофаа вазирларининг конференцияси чоғида. 

Бундан ташқари, Борис Писториус Украинага Германиянинг Taurus типидаги қанотли ракеталарини етказиб бериш таклифига вазмин муносабат билдирди. Вазир ҳар бир алоҳида қурол тизими ҳақида мунозарага киришни ва фаразий саволларга фаразий жавоб беришни истамаслигини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид