Жаҳон | 10:41 / 27.05.2023
13737
2 дақиқада ўқилади

Йошка Фишер: Россиянинг Украинага қарши уруши аламли сулҳ билан якунланади

Россия узоқ вақт Европа учун таҳдид бўлиб қолади, шунинг учун Германия ўзининг мудофаа қобилиятини кучайтириши керак, дейди Герҳард Шрёдер ҳукуматида Германия ташқи ишлар вазири бўлган Йошка Фишер. 

Йошка Фишер

Россия узоқ вақт давомида Европа хавфсизлигига таҳдид бўлиб қолади, дейди Герҳард Шрёдернинг собиқ тарафдори, Германия собиқ ташқи ишлар вазири Йошка Фишер. «Хавфсизлик фақат Россия билан мумкин» деган эски формула энди ишламаяпти, энди «Россиядан ҳимояланиш» анча муҳимроқ», деди у 27 май, шанба куни Tagesspiegel нашрига берган интервьюсида. 

Фишер Россияга нисбатан «шафқатсиз соддалик»дан воз кечишга чақириб, Россия президенти Владимир Путиннинг ревизионизми ва унинг собиқ Совет республикалари ҳудудларини қайтариш истагига ишора қилди. 

Фишернинг фикрича, келажакда Украина Европа хавфсизлиги масаласида ҳал қилувчи роль ўйнайди. «Украинанинг ўрни - Европа Иттифоқида, шунингдек, НАТОда», - дея таъкидлади у. Агар иттифоқнинг бир қисми бўлса, Украина учун хавфлар камаяди, деб қўшимча қилди сиёсатчи. Шу билан бирга, унинг тан олишича, Россиянинг Украинага қарши уруши «аламли сулҳ ва ҳеч бир томонни қониқтирмайдиган ҳудудий муросалар» билан якунланади.

Бу Европа учун узоқ муддатли таҳдид мавжудлигини англатади, деб ҳисоблайди Фишер. Шунинг учун Германия, сиёсатчининг фикрича, мудофаа қобилиятини кучайтириши керак. «Марказий давлат ва Европанинг энг йирик иқтисодиёти сифатида биз қурол масаласида четда қола олмаймиз. Европаликлар сифатида биз бу хавфсизлик бўшлиғини ёпишимиз керак», - деди у. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид