Жаҳон | 16:10 / 30.05.2023
8898
2 дақиқада ўқилади

Косово шимолида сербларнинг норозилик намойишлари қайта бошланди

Фото: AP

Косово шимолида яшовчи серблар бир кун олдин содир бўлган тўқнашувлар натижасида 100 га яқин одам тан жароҳати олган Звечанда яна намойишга чиқди.

30 май, сешанба куни юзлаб сербиялик намойишчилар яна Косово шимолидаги Звечандаги шаҳар маъмурияти олдида тўпланишди, бу ерда бир кун аввал намойишлар НАТО тинчликпарвар миссияси аъзолари билан тўқнашувга айланиб кетганди, деб хабар беради AFP ахборот агентлиги. 

Йиғилганлар Косово хавфсизлик кучларини минтақадан олиб чиқиб кетишни ва этник албан аҳолига мансуб мэрларни ишдан бўшатишни талаб қилишди. KFOR (НАТО бошчилигидаги халқаро тинчликпарварлик миссияси) ходимлари маъмурият биноси атрофига металл тўсиқ ўрнатиб, юзлаб сербларнинг бинога киришига тўсқинлик қилди, деб ёзади AFP. Бундан ташқари, бино ташқарисида полициянинг зирҳли машиналари жойлаштирилган. 

Бир кун аввал Косовонинг Звечан шаҳрида намойишчилар KFOR кучлари билан тўқнаш келишган. Тартибсизликларда камида 50 нафар намойишчи ва KFOR’нинг 41 нафар ходими жароҳатланган. Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг айтишича, Европа Иттифоқи Звечан шаҳрида содир бўлган «даҳшатга солувчи зўравонлик»ни «қаттиқ» қоралайди. 

«Европа Иттифоқи Косово ҳукумати ва намойишчиларни вазиятни зудлик билан ва сўзсиз юмшатишга чақиради. Биз томонлар масъулият билан ҳаракат қилишини ва мулоқот орқали кескинликка сиёсий ечим топишини кутамиз», деб ёзади Боррел. 

Мавзуга оид