Жаҳон | 15:17
1380
2 дақиқада ўқилади

Эрон ҳокимияти намойишлар вақтида 5000 киши ҳалок бўлганини маълум қилди

Эрон ҳокимияти маълумотларига кўра, мамлакатдаги намойишлар давомида камида 5000 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда якшанба, 18 январ куни Reuters агентлигига анонимлик шарти билан Эрон ҳукумати вакили хабар берган. 

Фото: Vahid online

Унинг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида хавфсизлик тузилмалари ходимларидан тахминан 500 нафари ҳам бор. Амалдор “айбсиз эронликлар” ўлими учун жавобгарликни “террорчилар ва қуролланган исёнчилар” зиммасига юклаган.

Эронда оммавий намойишлар декабр охирида бошланган. Ҳокимият вакилининг таъкидлашича, энг шиддатли тўқнашувлар ва энг кўп қурбонлар мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги курд ҳудудларида қайд этилган. У шунингдек, намойишчиларни “Исроил ва чет элдаги қуролланган гуруҳлар” қўллаб-қувватлагани ва таъминлаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар сонининг якуний кўрсаткичи “кескин тарзда” яна ошиб кетиши эҳтимоли паст. Эрон раҳбарияти намойишлар учун жавобгарликни мунтазам равишда ташқи душманлар зиммасига юклаб келади.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса бошқача баҳоларни келтиради. АҚШда жойлашган HRANA ташкилоти бир кун олдин 3308 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бериб, яна 4382 та ўлим ҳолати текширувда эканини қайд этган. HRANA маълумотига кўра, 24 мингдан ортиқ ҳибсга олиш ҳолати тасдиқланган.

Норвегияда жойлашган Hengaw курд-эрон ҳуқуқни ҳимоя қилувчи гуруҳи ҳам энг қаттиқ тўқнашувлар айнан Эроннинг курд минтақаларида содир бўлганини маълум қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид