Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Шимолий Корея ҳарбий сунъий йўлдош учирганини қоралади
Баллистик ракета технологиясидан фойдаланган ҳолда ҳар қандай учириш БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига зиддир, дея эслатди Антониу Гутерриш. Япония, Жанубий Корея ва АҚШ хавфсизлик бўйича музокаралар ўтказди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Шимолий Корея томонидан ҳарбий сунъий йўлдош учирилган бўлиши мумкинлигини кескин қоралади. Гутерриш матбуот котиби Стефан Дюжаррик 31 май, чоршанба куни маълум қилишича, баллистик ракета технологиясидан фойдаланган ҳолда ҳар қандай учириш БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузади.
«Бош котиб КХДРни бу каби ҳаракатларни тўхтатиш ва Корея яриморолини тўлиқ денуклеаризация қилиш ва мустаҳкам тинчлик ўрнатиш мақсадига эришиш учун кечиктирмасдан мулоқотни давом эттиришга чақиришини такрорлайди», — дейилади хабарда.
Айни вақтда, Япония Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтон ва Сеул билан Корея яриморолида тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича уч томонлама телефон орқали музокаралар ўтказишини маълум қилди. Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ва Океания мамлакатлари масалалари департаменти директори Такехиро Фунакоши, АҚШнинг Шимолий Корея бўйича махсус вакили Сон Ким ва Жанубий Корея ТИВнинг Корея яримороли бўйича махсус вакили Ким Пхенян сунъий йўлдош учирганидан кейинги вазиятни муҳокама қилиб, Шимолий Корея раҳбариятининг ҳаракатларини қоралади. Ҳарбий сунъий йўлдошнинг учирилиши «минтақавий хавфсизликка жиддий ва тўғридан тўғри таҳдид, шунингдек, халқаро ҳамжамият учун аниқ ва жиддий хавфдир», дея маълум қилди Токио.
Аввалроқ Сеул КХДР жануб томон объект учиргани, Пхенянда уни « ракета ташувчи» деб атагани ҳақида хабар берган эди. Шу муносабат билан Жанубий Корея пойтахтида ҳаво тревогаси эълон қилинди, аҳолидан эвакуацияга тайёр туриш ва биринчи навбатда «болалар ва қарияларни хавфсиз жойларга етказиш» сўралди. Бироз вақт ўтгач, мамлакат Ички ишлар вазирлиги шаҳар ҳокимияти томонидан юборилган огоҳлантириш «нотўғри тузилган»лигини билдирди.
Мавзуга оид
18:27 / 14.07.2026
БМТ Фарғона водийсини зилзила хавфи юқори ҳудудлар қаторига киритди
13:26 / 14.07.2026
Урушлар, оғир қарз юклари, валюталар заифлашуви, тенгсизлик ва азоб – Гутерриш бугунги дунё ҳақида нутқ сўзлади
10:55 / 14.07.2026
БМТ ҳусийчилар ва Саудия ўртасидаги кескинликдан хавотир билдирди
11:07 / 10.07.2026