13:53 / 01.06.2023
32386

«Бахтиёр чол», ўлим жазоси ва сафарбарлик – Пригожин Россия бўйлаб турнеда

Унинг режали иқтисодиёт ва ўлим жазоси ҳақидаги баёнотлари тарғиботга ўхшамоқда — аммо унинг ўзи сиёсатга кириб келмоқчи эмаслигига ишонтирмоқда.

Фото: Meduza

Бахмутдан ўз аскарларини олиб чиқиб кетишини айтган «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин Россия медиа оламида фавқулодда фаоллашиб қолди. У май ойи тугаши арафасида Екатеринбург, Владивосток ва Новосибирскда матбуот анжумани ўтказди. Бундай анжуманлардан яна биттаси Нижний Новгородда ўтиши кутилмоқда.

Бу анжуманлар давомида Пригожин «Вагнер. Иккинчи фронт» номли аллақандай лойиҳани тарғиб қилган. Бу ердаги фронт сўзи нимани англатиши тушунарсиз. Бу лойиҳа бир қарашда гўёки ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тайёрлашга қаратилган бўлса, бир қарашда Украинадаги урушда Россия мудофаа вазирлиги муваффақият деб келтираётган нарсалардан бошқа ҳақиқатларни айтишга қаратилгандек кўринади.

«Вагнер» асосчиси журналистларга аввалги видеоларида айтган гапларини такрорлаб юрибди: уруш узоқ бўлади, режали иқтисодиётга ўтиш керак, ўлим жазосини қайтариш керак, тезда умуммиллий сафарбарлик эълон қилиш шарт ва ҳоказо. Ўз навбатида, Пригожин бу фаоллигини сиёсий фаолиятини бошлаши билан боғламаслик кераклигини сўраган. Унинг айтишича, сиёсий партия очиш ёки Россия президентлигига ўз номзодини илгари суришни мақсад қилмаган.

Москвага дронлар ҳужуми ҳақида

Белгород ва Курск ўққа тутилишига кўникиш керак эмас. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг биринчи қавати Украина ва Россия чегарасида бўлиши, дронларга қарши ўша ердан туриб курашиш керак. Иккинчи қават Москва вилояти чегарасида, учинчи қават эса Москва атрофида бўлиши лозим. Кейинги босқичда бутун Москва дронларни аниқловчи ва ишдан чиқарувчи тизимлар билан жиҳозланиши керак.

Оддий москваликлар сабрли бўлиши, саросимага тушмаслиги керак. Улар ҳукуматдан ўзларини белгиланган тартиб асосида ҳимоя қилишини сўраши даркор. Кимнингдир уйига дрон тушса, расмини қўйиб кескин фикрлар билдириши керакки, ҳукумат жавоб беришга мажбур бўлсин. Улар ўзларини «учта ҳарфга юборадиган» ва ёмон сўзлар билан аташадиган атмосферада яшай олишмайди.

Бахмутнинг олиниши ҳақида

Тўғрисини айтаман, менинг йигитларим Бахмутни олар экан, улар ўзларини жуда кўпчилик деб ўйлашган. Аслида эса озчилик эди. Уларнинг ҳаммаси орқадан захира кучлари келади деб ўйлашган.

«Вагнер»га маҳбусларни танлаб олиш ҳақида

Маҳбусларни «рашк қилиб» бизга бермай қўйишди. Улар яхши жанг қилишди. 12 минг кишилик гуруҳлар 50 минггача етди. Россия армияси эса бундай ҳолатга тайёр эмаскан. Ўшанда мен «махсус ҳарбий амалиёт»нинг бирламчи вазифаси – Донбассни озод қилиб, фронтда ишончли вазият яратиш учун 200 минг одам кераклигини айтгандим.

Аммо ҳаммаси тескари кўриниш олди. 200 минг нафар аскарнинг ҳар бири Украина армиясининг 10 аскарига тенг келадиган ва Россия армиясидан 25 баравар самарали бўлишини билгач, баъзи кабинетларда қўрқув пайдо бўлди. Шу сабаб бизга маҳбусларни бермай қўйишди. Кейин ғалати рашк пайдо бўлди: Мудофаа вазирлиги турган жойида депсиниб қолди, биз эса Бахмутда олдинлаб ўзимизни қаҳрамонга айлантирдик. Шу сабаб снаряд етишмовчилиги пайдо бўлди.

«Бахтиёр чол» ҳақида

Кимни чол деб атагандим? Бизга ўқ-дори бермаган Валерий Герасимовни (бош штаб бошлиғи). Бу гаплардан ҳайп ясаб олишди. Бу худди отанг сенинг кетингга тепса, онангга югуриб бориб, отам ҳозир сенга ҳам мушт туширади деб айтишга ўхшайди. Кейин улар урушиб кетишади.

Ўлим жазосини қайтариш ҳақида

Ҳарбий жиноятлар учун жазони кучайтириш керак. Бу ҳақда кўп ҳужжатлар ёздим. Ҳозир жамиятда шовқин кўтарилмаслиги учун буни максимал енгил қилишга ҳаракат қиляпмиз. Менимча, ўлим жазосини қайтариш керак. Акс ҳолда урушни ютиб бўлмайди. Ўртоқ Сталин ҳақ бўлган. Балки у сиёсий сабаб билан кимларнидир оттириб хато қилгандир, лекин уруш вақтида ўлим жазоси бўлиши керак. Шундай экан, агар ҳарбий комиссар қаҳрамонларга ҳурматсизлик қилса, ҳарбий суд бу ҳолатни муҳокама қилиб, комиссарга қарши битта ҳаққоний патронни сарфлашга ҳукм чиқариши керак.

Сафарбарлик ҳақида

Бу ёғига оғир уруш бўлади. Қанчалик узоқ давом этишини билмайман. Ҳаммасини тўғри қилсак, менинг фикримча, Донбассни озод қилишга 2-3 йил, Киевни эгаллашга 3-4 йил кетади. Агар бутун жамият [урушга] сафарбар қилинса, бутун эътибор ўқ-дори ишлаб чиқаришга қаратилса, умуммиллий сафарбарлик эълон қилинса, бундай натижага эришиш мумкин. Агар узоқ урушишни хоҳласак, ҳозироқ сафарбарлик эълон қилиш, одамларни ҳеч бўлмаса ўқитиш керак. Момақалдироқ бўлса, чўқинишни эмас, урушишни хоҳласак, бу иш керак.

«Махсус ҳарбий амалиёт»даги ғалабанинг рецепти шундай: умуммиллий сафарбарлик, 2 миллион уруша оладиган одам, яхши бошқариладиган армия, интизом, дезертирларни отиб ташлаш. Мудофаа саноатидаги барча раҳбарларни ҳарбий қилиш керак, токи уларга қарши ўлим жазосини қўллаш мумкин бўлсин. Мамлакатни қуроли Шимолий Кореядан ҳам кўп бўлган ҳарбий монстрга айлантириш керак.

Сиёсий карьераси ҳақида

Давлат думасида «Вагнер» партияси ёки президентликка номзод Пригожинни кўрмайсиз. Ҳар ҳолда ҳозирги вазифалар бошқа нарсалардан иборат. Агар Ливия чўлларига айланиб қолсак, «Тентак Макс» киносидаги каби тўрт томонга қум сачратиб Жипда юрадиган бўлсак, ана ўшанда партия тузишга тўғри келади.

Ҳарбий ҳолат ҳақида

Қодировнинг фикрига қўшиламан: мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиш керак. Одамлар мана шу шароитларда яна узоқ вақт яшашга тўғри келишига кўникиши керак. Чиройли кўприклар, катта театрлар, янги саҳналар қуришни бас қилишимиз, ҳамма нарса фақат мудофаага қаратилиши керак. Чунки биз бу аралашиб қолганимиз жанжалда ютқазсак, Россия давлат корхоналари хорижий инвесторларга тегишли 90-йиллар бошига қайтади. Шунда биз катта амакилар нефт, газ, асал ва бошқа нарсалар савдосидан пул олиб ўтирадиган Африка давлатига айланамиз. Аҳоли эса уларнинг эҳтиёжини қондириш учунгина мавжуд бўлиб қолади. Бундан ташқари, биздан доим яшаб келганимиз миллий маданиятимизни тортиб олишади.

Уруш оқибатлари ҳақида

Вақтида тепагача сакраб чиққандик, аммо ҳозир мудофаа чизиғида турибмиз. Мудофаани ушлаб тура олсак, уруш узоқ давом этиши ва Россия учун бирмунча яхши якунланиши мумкин. Биз жуда узоқ вақт яккаланамиз. Шунда ўзимиз микросхемалар қилишни ўрганишимиз, компютерчи олимлар текинга чиқиб кетишини тўхтатишимиз керак бўлади.

Мамлакат ичида узоқ ишлашимиз керак бўлади. Бизда металл бор, олтин бор, одамлар бор, электр бор. Шундай экан снаряд, қурол – нима керак бўлса ҳаммасини ясай оламиз. Ўзимизни боқа оламиз. Аммо бизни санкцияга кўмганлар фақат битта шарт билан яхши муносабатда бўлиши мумкин. Улар келинг, тиззада туринг ва бошингизни эгинг, дейишади. Халқ бунга тайёр бўлса, улар бизни кечиришади. Агар бунга тайёр бўлмасак, узоқ урушга тайёр туришимиз керак. Улар мудофаани ёриб ўтишадими ёки йўқ – бу узоқ муддатли режалар. Ҳозирги бирламчи вазифа эса ўзимиз турган мудофаа чизиғини ушлаб қолиб, ҳеч кимни ўтказмаслик керак.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top