10:54 / 02.06.2023
8973

Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга жўнаб кетди 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қирғизистонга жўнаб кетди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун давлат раҳбари Чўлпонота шаҳрида "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" иккинчи саммитида иштирок этади.

Саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Саммитда Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ва Туркманистон вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов иштирок этади.

Икки минтақа ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-ҳуманитар ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинади, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади. 

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг аввалги, биринчи саммити 2022 йил 27 октябр куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий вазият Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги интеграцияни янада фаолроқ қўллаб-қувватлашини талаб қилишини таъкидлади. 

Шунингдек, у ушбу формат доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича стратегик дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди. 

Top