Жаҳон | 11:18 / 05.06.2023
4724
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда Тянанмен ҳодисаларининг 34 йиллигида намойишчилар қўлга олинди

Ҳонгконгда қўлга олинганлар орасида 67 ёшли демократия фаоли “Вон буви”, шунингдек, демократия ҳаракати фахрийси, Ҳонгконг мухолифат партияси етакчиси Чанг По-Ин ҳам бор, деб хабар бермоқда AFP.

Фото: Louise Delmotte/dpa/AP/picture alliance

Пекиннинг Тянанмен майдонида талабаларнинг оммавий намойишлари қонли бостирилишининг 34 йиллиги муносабати билан Ҳонгконг ҳуқуқ-тартибот идоралари бир неча кишини, жумладан “Вон буви” номи билан танилган 67 ёшли демократия тарафдори Александра Вонни қўлга олди. 4 июн, якшанба куни AFP агентлиги хабарига кўра, полиция уни шаҳар бўйлаб гуллар билан кетаётганида ушлаган.

Бундан ташқари, AFP мухбири Ҳонгконгнинг мухолиф партияси – "Социал-демократлар лигаси" етакчиси қўлга олингани ҳақида хабар бермоқда. Демократик ҳаракат фахрийси Чан По-Ин кичик нур диодли шам ва иккита гул билан шаҳарга чиқди ҳамда дарҳол полиция машинасига олиб кетилди.

Қўлга олинган бошқа бир аёл Пекинда ўлган талабалар хотирасига шам кўтариш ва ҳурмат бажо келтиришга чақирди. Ҳаммаси бўлиб, полиция маълумотларига кўра, “фитна” ва тартибни бузганлик учун 8 киши қўлга олинган.

1989 йил 4 июнга ўтар кечаси Хитой армияси бўлинмалари танклар иштирокида демократик ислоҳотлар учун тинч намойишлар бўлиб ўтаётган Тянанмен майдонини "тозалашди". Турли манбаларга кўра, 200 дан 1000 кишигача ҳалок бўлган. Кейинчалик юзлаб одамлар қатл қилинди. Пекин майдонидаги талабалар митингларини аёвсиз бостириш тарихга "4 июн қирғини" сифатида кирди.

Бутун Хитой бўйлаб Тянанмен майдонидаги қонли воқеаларга бағишланган хотира тадбирларини ўтказиш тақиқланган ва бу воқеалар ҳақидаги ҳар қандай эслатма интернетдан олиб ташланган. Кўп йиллар давомида Ҳонгконг Хитойда қонли қатағонни хотирлаш учун йиллик оммавий митингларни ўтказадиган ягона жой бўлиб, ҳар йили 4 июн куни Виктория боғида минглаб одамлар шамлар билан йиғилади. 2020 йилда Ҳонгконгда оммавий норозилик намойишларидан сўнг Пекин махсус маъмурий ҳудуд учун хавфсизлик тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, йиллик митингларни тақиқлади.

Мавзуга оид