Иқтисодиёт | 17:30 / 06.06.2023
48714
7 дақиқада ўқилади

Ўн миллион доллар эвазига бир дона нон: жамиятни зўриқтирган инфляциялар

Бир дона нон ўн миллион доллар баҳоланишини эшитганмисиз? Ишонмаслигингиз мумкин, лекин бу рост. Фақат АҚШ долларида эмас, Зимбабве долларида... Бу давлатда қоғоз пул ҳатто ҳожатхона қоғозидан баттар қадрсизланиб кетган ва ҳукумат пулдан ҳожатхонада фойдаланишни тақиқлаш борасида махсус қонун чиқаришга мажбур бўлган.

Фото: Reuters

Пулнинг жуда тез суръатда ва тинимсиз қадрсизланиб бориши, харид қобилиятининг тушиши, озиқ-овқат каби бирламчи маҳсулотларнинг ўта қимматлашуви – бир сўз билан айтганда, гиперинфляция ёқимсиз жараён, албатта.

Нотўғри иқтисодий сиёсат оқибати бўлган бу кўргиликни қатор халқлар ўз бошидан ўтказган.

Аслини олганда, пулнинг қадрсизланишини тўхтатиш деярли имконсиз иш ва бу барча жамиятларга хос. Ҳатто энг бақувват валюталардан саналган евро бир йилда бир фоиз, доллар 1,7 фоизгача қийматини йўқотади. Йилига 2 фоизгача пул қадрсизланиши нормал жараён ҳисобланади.

Лекин тарихда шундай пайтлар ҳам бўлганки, инсонлар биттагина нон ёки картошка сотиб олиш учун даста-даста пул кўтариб юришга мажбур бўлишган. Бугунги кунда дунёнинг энг кучли иқтисодларидан бири бўлган Германия ҳам бир аср муқаддам пулнинг кескин қадрсизланишидан азият чекканди.

Ҳозирги кунда юқори даражадаги инфляция асосан ривожланаётган давлатларда қайд этилмоқда.

Инфляция – иқтисодий бўҳрон

Инфляция ёки унинг «катта акаси» – гиперинфляция ўзидан ўзи содир бўлиб қолмайди. У кўпинча нотўғри иқтисодий сиёсат, коррупция, заиф иқтисод, ресурслар етишмаслиги, уруш, очарчилик, қурғоқчилик ва бошқа офатлар таъсирида ҳам юзага келиши мумкин.

Гиперинфляция қуйидаги мезонларга қараб аниқланади:

  • 3 йил давомида ҳар ойда нархларнинг 2 фоизга ошиши;
  • бирданига бир ойнинг ўзида нархларнинг 50 фоизга қадрсизланиши;
  • нархларнинг йилига 90 фоизга ошиши.

Биз юқорида тилга олган, бир дона нон 10 миллион долларга сотилган Зимбабве аталмиш давлатда калтабин сиёсат гиперинфляцияни келтириб чиқарган эди.

Бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Зимбабведа оқ танли аҳоли қишлоқ хўжалигида 1980 йилларгача ҳал қилувчи ролни ўйнаб келган. 1987 йилда ҳокимиятга келган Роберт Мугабе оқларнинг ерларини оддий халққа тарқатиб берди. Афсуски, ер ислоҳоти ўта муваффақиятсиз бўлиб чиқди: мамлакат жар ёқасига келиб қолди. Ночор мамлакатни амал-тақал ушлаб турган тиргак ҳам синдириб ташланганди.

Давлат харажатлари ва бошқа тўловларни ёпиш учун ҳукумат шарақлатиб пул босиб чиқара бошлади. Нархлар шу даражада ошиб кетдики, қоғоз пул ҳатто ҳожатхона қоғозидан баттар қадрсизланиб кетди. Натижада ҳукумат пулдан ҳожатхонада фойдаланишни тақиқлаш борасида махсус қонун чиқаришга мажбур бўлди.

Гиперинфляция эса шиддатли эди: 17:00га қадар 100 млрд Зимбабве доллари бўлган ичимлик бир соатдан кейин 150 млрдгача кўтарилиб кетарди. 2009 йил январида инфляция 321 млн фоизга етганди. Мамлакатда 1 АҚШ долларининг қиймати 25 млн Зимбабве долларигача етган.

Натижада 2009 йилда Зимбабве ўз банкноталарни чоп этишни тўхтатди, 2015 йилдан тўлиқ АҚШ долларига ўтишини эълон қилди. Мугабени эса халқ 2017 йилда ағдариб қутулди.

Жафокаш Венесуэла учун яна бир бало

Нефтга бой Венесуэла нўноқ сиёсат, бетартибликлар, иқтисодий чекловлар, ночорлик, жиноятчиликнинг юқори даражаси етмагандай, пулнинг қадрсизланиши борасида бир неча йиллардан бери жаҳон рейтингларида пешқадамлик қилади.

Экспертлар республикада пулнинг қадрсизланиши нефт нархининг тушиши, нотўғри сиёсат, давлатнинг катта харажатлари, аҳолига пул тарқатиш учун пул босиб чиқарилгани ҳисобига рўй берди, дея изоҳлайди.

Лекин сўнгги йилларда аҳвол бироз ўнглангандек, ўтган йил ҳукумат инфляция даражаси 234 фоизни ташкил этганини эълон қилди (мазкур кўрсаткич 2018 йилда 130 минг фоизни ташкил этган).

Венесуэла 2018 йилда айниқса катта гиперинфляцияни бошдан кечирди. Ўша пайтга келиб, бир килограмм мол гўштининг нархи 9,5 миллион боливаргача кўтарилиб кетди (ўша пайтда 1,45 АҚШ доллари). Бир кило сабзи 3,5 миллион боливар, гуруч 2,5 миллион боливарни ташкил этди. 2,4 килограмм товуқ гўшти эса 14,6 миллион боливар турарди (2,22 АҚШ доллари).

Натижада президент Мадуро 2018 йил 25 июлда деноминацияни эълон қилди ва янги пул – суверен боливарни муомалага киритди. Аввалги пуллар 100 000:1 нисбатда алмаштирила бошланди.

Пул кўп бўлсаям, бир муаммо

Шунчаки пулнинг кўп бўлиши ҳам нафақат шахсларга, балки бутун жамиятга зарар келтириши мумкин экан. Бундан роппа-роса юз йил аввал Германияда рўй берган гиперинфляция фикримизни тасдиқлайди.

Биринчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан кейин қудратга келган Веймар Республикаси зиммасига яхшигина репарация юкланди. Кўмирга бой Рур шахталарида ишчилар ғолибларга шунчаки кўмир ва бошқа маҳсулотларни қазиб беришга қарши чиқдилар ва иш ташлай бошладилар. Намойишчиларни қўллаш учун ҳукумат пул станогини ишга қўшди. Натижада гиперинфляцияни немис ҳукумати ўз қўли билан яратди, дейди немис иқтисодчиси Ютта Хоффриц.

Ўша 1923 йилда Германияда битта буханканинг нархи юз миллионлаб рейхсмаркага ошиб кетди. «Урушлар инфляцияга олиб келади», дея ёзади Ютта Хоффриц ва фикрини Россия–Украина қарама-қаршилигидан сўнг нархлар ошиши билан далиллайди.

Дунёда тарихидаги энг катта купюра – секстиллион

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Венгрия ўта қийин аҳволда қолади. Инфраструктура урушда қаттиқ зарарланган, бундан ташқари ҳитлерчилар билан иттифоқ сабаб давлат СССРга репарация тўлаши керак эди.

Оқибатда 1945 йил охирига бориб, 128 минг пёнге бир долларга тенглашади. Аҳвол шу даражага борадики, бир суткада инфляция 400 фоизга ошиб, бир кунда нархлар беш марталаб кўтарилади. Ҳатто бир секстиллион пёнгелик (миллиард триллион) банкнота тайёрланади, аммо муомалага чиқарилмайди.

Венгриядаги инфляция дунё тарихидаги барча пул қадрсизланиши бўйича рекордларни парчалаб ташлайди. 1946 йил 1 августдан янги валюта – форинт муомалага чиқади ва 400 октиллион (4⋅1029:1) нисбатдан пёнгега алмаштирилади.

Ўзбекистон ва унинг қўшниларида нима гап?

Венесуэла, Зимбабве, Ливан, Суринам каби давлатлардагидек бўлмаса ҳам, инфляция муаммоси ўзбек жамиятида ҳам мавжуд.

Биргина ўтган 2022 йилда инфляция даражаси 12,25 фоизни ташкил этган (айрим раҳбарлар айтганидек – солиштириш учун Венесуэлада 234 фоиз). Юқоридаги кўрсаткич охирги уч йилдаги энг баланди саналади. Лекин шунга қарамай 2023 йил январ ойида энг паст инфляция даражаси қайд этилди – 0,82 фоиз. Хусусан, 2022 йил январ ойида инфляция 0,87 фоизни, 2021 йилнинг илк ойида эса 1 фоизни ташкил этган.

Ўтган йили МДҲда пул қадрсизланиши бўйича юқори даражалар Қозоғистон (20,3 фоиз) ва Қирғизистон (14,7 фоиз)да кузатилган. Пул қадрсизланишининг нисбатан паст даражаси Хитойда қайд этилди (1,8 фоиз).

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид