Жаҳон | 15:07 / 06.06.2023
4018
2 дақиқада ўқилади

«Уруш ва тинчлик» Россияда энг оммабоп рақамли классик китобга айланди

Охирги 12 ой ичида «Уруш ва тинчлик» романи «Литрес» хизматида 74 000 дан ортиқ марта юклаб олинган - у рус классик асарлари орасида энг машҳур рақамли китобга айланди. Бир йил аввал платформада «Рус классикаси» туркумидаги юкламалар бўйича Фёдор Достоевскийнинг «Телба» романи етакчи бўлганди.

Фото: Истоки

Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романи ўтган йил давомида «Литерс» платформасида рус классик асарлари орасида энг машҳур рақамли китобга айланди - у 74 000 мартадан кўпроқ юклаб олинган. Бу ҳақда сервис маълумотларига таяниб, «Ведомости» нашри хабар бермоқда

Компания маълумотларига кўра, Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романи сўнгги 12 ой ичида юклаб олинган асарлар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади, у 64 минг марта юклаб олинган. Учинчи ўринда Толстойнинг «Анна Каренина» романи (62 минг марта юклаб олинган), тўртинчи ўринда Михаил Булгаковнинг «Морфий» қиссаси жойлашган. Достоевскийнинг «Телба» романи бор-йўғи бешинчи ўринни эгаллади – бир йил аввал у рейтинг етакчиси бўлган эди. 

Бундан ташқари, рус классик асарлари ўнталигига Евгений Замятиннинг «Биз» антиутопия романи, Фёдор Достоевскийнинг «Ака-ука Карамазовлар», Илья Ильф ва Евгений Петровнинг «Бир қаватли Америка», Александр Пушкиннинг «Капитан қизи», Николай Гоголнинг «Ўлик жонлар» романи киради. «Литрес» таҳлилчиларига кўра, Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романи бу йил энг яхши 10 таликдан тушиб қолган. 

Аввалроқ Россия китоб уюшмаси ва нашриётлар вакиллари сўнгги бир йил ичида Россияда китоблар нархи тахминан 20 фоизга ошгани ҳақида хабар берган эди. 2023 йил охирига бориб, нархлар яна 15 фоизга кўтарилади, дея маълум қилди нашриётчилар. Улар буни ҳозир Хитой ва бошқа Осиё давлатларида сотиб олинадиган босма маҳсулотлар нархининг ошиши билан изоҳламоқда. Бундан ташқари, рубль курси ва талабнинг пасайиши харажатлар ўсишига таъсир қилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид