Жаҳон | 09:30 / 08.06.2023
8434
2 дақиқада ўқилади

Зеленский БМТни ГЭС тўғони бузилишига муносабати учун танқид қилди

Украина президенти Халқаро Қизил Хоч қўмитасини Херсон вилоятида “зудлик билан қутқарув операциясига қўшилишга” чақирди.

Фото: Reuters

Украина БМТ ва Қизил Хоч жамиятидан Каховка ГЭСдаги фалокатни бартараф этишда ёрдам бериш бўйича сўровига жавоб олмади, деди президент Володимир Зеленский 7 июн, чоршанба куни эълон қилинган Bild газетасига берган интервьюсида.

"Жавоб олмадик. Мен ҳайратдаман", - деди Зеленский ва Херсон вилоятидаги фавқулодда вазият жойида "биринчи бўлиб ҳаётни сақлаб қолиш учун" БМТ ва Қизил Хоч ходимлари бўлиши кераклигини таъкидлади, "лекин улар у ерда эмас", деди у.

Зеленский ўзининг кундалик кечки видеомурожаатида Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларни “зудлик билан қутқарув операциясига қўшилишга” чақирди. Айниқса, Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудлар аҳолиси учун ёрдам зарур, деди президент.

"У ерда ҳалок бўлган ҳар бир инсон - бу мавжуд халқаро архитектурага, ҳаётни қандай сақлаб қолишни унутган халқаро ташкилотларга ҳукмдир. Агар ҳозир бу офат ҳудудида халқаро ташкилот мавжуд бўлмаса, демак у умуман мавжуд эмас. Бу унинг қобилиятсизлигини билдиради”, деди Зеленский.

Мавзуга оид