Каховка ГЭС тўғонини ким портлатди? Асосий уч версия
Қуйида РФ ва Украина қуролли кучлари учун ҳарбий устунликлар нуқтайи назаридан эҳтимолий версиялар таҳлил қилиб чиқилади.
Украина ва Россия бир-бирини Днипронинг қуйи оқимида сув тошқинига сабаб бўлган Каховка ГЭС тўғонини портлатишда айбламоқда. Бироқ, тўғоннинг атайлаб вайрон қилингани ҳақида ҳеч қандай далил келтирилмаган. АҚШ расмийлари аноним вакиллар орқали Россия қўшинларининг ушбу фалокатга алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатларни махфийликдан чиқаришга ваъда беришди, бироқ кейинчалик ҳеч қандай ишончли далиллар йўқлигини расман эълон қилишди.
Портлашнинг видео далиллари ҳали пайдо бўлгани йўқ, улар ёрдамида тўғонни вайрон қилган айбдорни аниқлаш мумкин эди. Бундай шароитда фалокат сабабларининг учта версияси эҳтимолини баҳолашга тўғри келади: икки томондан бирининг диверсияси, шунингдек, тўғоннинг ўз-ўзидан вайрон бўлиши. Ҳозирда мавжуд бўлган ягона таҳлил воситаси – Днипронинг қуйи оқимидаги сув тошқини кимга кўпроқ фойда келтиришини аниқлашдир. Шуни ёдда тутиш керакки, бу айбдор томонни аниқлашга имкон бермайди, чунки сабабларнинг мавжудлиги ўз-ўзидан айбни исботламайди.
ГЭС тўғони вайрон бўлишидан олдин нималар бўлганди?
2022 йил 11 ноябр куни рус қўшинлари Днипронинг ўнг соҳилини тарк этди. Бунинг сабаби – катта гуруҳни дарё орқали таъминлашнинг қийинлиги эди. Ёзда Украина қуролли кучлари юқори аниқликдаги кўплаб HIMARS ракета тизимларини олди, уларнинг асосий нишонлари Днипро дарёси орқали Херсон областини боғлаб турувчи кўприклар бўлганди.
Херсон яқинидаги кўприкларга шикаст етказилди, оқибатда улардан фойдаланиш деярли имконсиз бўлиб қолди. Каховка сув омбори тўғони бўйлаб ётқизилган йўл ва темирйўллар ҳам бир неча бор ракета зарбалари натижасида шикастланди, аммо қисман сақланиб қолди. Бироқ, улар Қора денгиз ва Днипродан тортиб, Кривий Риҳ (Кривой Рог) чеккасигача бўлган улкан ҳудуддаги қўшинларни транспорт орқали таъминлаш учун етарли эмасди.
Чекинаётган рус қўшинлари тўғондаги йўл ўтказгичларни портлатиб юборишди. Шу билан бирга, тўғоннинг ўзи ҳам бироз зарар кўрди: портлаш жойидан сув сизиб чиқа бошлади, бу сунъий йўлдош тасвирларида ҳам яққол кўринди.
Россия қўшинлари чиқиб кетгандан сўнг, фронт чизиғи Днипро дарёси ва унинг ирмоқлари бўйлаб ўтди. Россия қуролли кучлари энди ўнг соҳилга ўтишга уринмади, Украина қуролли кучлари эса чап қирғоққа ўтишга тайёргарлик кўра бошлади.
Каховка ГЭС ҳудудида позицион жанглар бўлиб ўтди: иккала томон Днипро бўйлаб бир-бирига қарата ўқ узди. Тўғонда камикадзе дронлари ва танкка қарши ракеталар фаол ишлатилди. Россия қуролли кучлари чап соҳилдаги электр станцияси саноат биноларидан кузатув пости сифатида фойдалана бошлади. Тўғоннинг ўзини ҳеч ким назорат қилмади: чунки мунтазам ўққа тутишлар сабабли бунинг иложи йўқ эди (Россия ҳарбийлари фақат ГЭС биноларини назорат қилди, лекин тўғонни эмас).
6 июн тонгида тўғон қулаб тушди: биринчи навбатда, Россия томонидан кўприкларнинг бузилиши натижасида шикастланган қанотлар, сўнгра жанубдаги электр станцияси биноларига туташган қисмлар вайрон бўлди (аввалроқ у ерга HIMARS ракеталари келиб урилган эди).
Қуйида фалокатнинг ҳар бир версияси таҳлил қилиб чиқилади
Украина версияси: Россия Украина қарши ҳужумини тўхтатиш учун тўғонни портлатиб юборди.
Асослар (аргументлар):
- 2022 йил ноябр ойида Россия қўшинлари Днипронинг ўнг соҳилини тарк этгандан сўнг, Украина қуролли кучлари Херсон яқинидаги оролларни озод қилиш бўйича маҳаллий аҳамиятга эга бир қанча амалиётлар ўтказди. Оғир йўқотишларга қарамай (Россия манбалари ҳафтада бир неча марта ороллардаги украин аскарлари гуруҳларига берилган зарбалар ҳақидаги видеоларни эълон қилиб турди), Украина қуролли кучлари оролларнинг аксарият қисмидан Россия ҳарбийларини сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди. Украина кучлари дарёнинг чап соҳилидаги ботқоқли ҳудудда мустаҳкам ўрнашиб олишга ҳаракат қилди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Украина қуролли кучлари қарши ҳужум бошланиши пайтида дарёни кечиб ўтиш ниятида эканидан далолат берарди. Дарё бўйлаб таъминотдаги қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда, бундай операция ҳужумнинг асосий зарбаси бўлиши қийин эди, аммо у (ёки ҳатто унинг таҳдиди) кўп сонли рус қўшинлари ҳаракатларини чеклаб қўйди.
- Шубҳасиз, сув тошқини десант операциясини мураккаблаштиради: тошқиндан кейин янги (ва Украина қуролли кучлари томонидан разведка қилинмаган) қирғоқ чизиғи шаклланди; чап қирғоқда аллақачон ботқоқ бўлган майдонлар умумий катта ботқоққа айланди.
- Украина қуролли кучлари Днипро оролларидаги ўз позицияларини йўқотди, улар бир неча ой давомида қайтариб олган ва келажакда десант ташлаш операцияси учун базага айланиши мумкин эди. Бу позициялар ороллар билан бирга чўкди.
- Назарий жиҳатдан, фалокат Россия қуролли кучларига Днипро фронтини ҳимоя қилаётган қўшинларнинг бир қисмини бошқа йўналишларда вақтинча ишлатишга имкон бериши мумкин. Тўғри, сув сатҳи пасайиб, сув босган ҳудудлардаги вазият ойдинлашгач, Украина қуролли кучларининг дарёни кечиб ўтиши хавфи яна пайдо бўлади.
Қарши асослар:
- Сув россияликларнинг Днипро қирғоғидаги кўплаб позицияларини ювиб кетди. Украина десанти ташланиши тахмин қилинган ҳудудлардаги мина майдонлари ҳам йўқ қилинди. Илгари Россия қуролли кучлари назорат қиладиган қирғоқлар кучли истеҳкомлар билан ўралган эди, энди у фақат сув билан қопланган.
- Россия аскарлари белигача сувга ботиб, ўз позицияларидан чекинмоқчи бўлаётгани акс этган видеолар пайдо бўлди (тахминларга кўра Днипро оролларидан бирида). Украина ҳарбийлари сув Россиянинг кўплаб ҳарбий қисмларини қандай ювиб кетганини ўз кўзи билан (дронларда камералар ёрдамида) кўрганини даъво қилмоқда. Россия ҳарбийлари, эҳтимол, тўғоннинг портлатилиши ҳақида ҳеч нарса билмаган.
Россия версияси: тўғон Украина қуролли кучлари томонидан портлатилган – Днипродаги қўшинлари вазифасини енгиллаштириш ёки чап қирғоққа десант ташланишини осонлаштириш учун
Асослар:
- Днипронинг ўнг қирғоғи Россия қуролли кучлари назорат қиладиган чап қирғоқдан баландроқ. Оқибатда рус қўшинларининг позициялари ва миналанган майдонлар энг кўп зарар кўрди. Ўнг томонда фақат Херсондаги қирғоқ зонаси ва бошқа бир қанча аҳоли пунктлари қисман сув остида қолди. Бу ҳудудлар аҳолисининг катта қисми аввалроқ Россия зарбалари туфайли эвакуация қилинган. Украина қуролли кучларининг ўнг қирғоқдаги ҳарбий инфратузилмаси бузилмаган. Тўғон ёрилишининг бундай оқибатларини олдиндан осонгина башорат қилиш мумкин эди.
- Россия қуролли кучларининг чап қирғоқда бир неча ой давомида қурган барча мудофаа тизими вайрон бўлди. Назарий жиҳатдан, бу Украина қуролли кучларига яқин орада дарёни қайиқларда кечиб ўтиш имконини беради (бу далилни яқин келажакда осонгина текшириш мумкин).
- Украина йирик кучлари учун енгиб бўлмайдиган тўсиқ ҳисобланган Каховка сув омборининг кенглиги муқаррар равишда камайди. Энди Россия қуролли кучлари дарёни нафақат тўғоннинг пастки қисмидан, балки юқори қисмидан ҳам кечиб ўтиш таҳдиди билан ҳисоблашиши керак. Ушбу таҳдидни бартараф этиш учун дарё қирғоғида янги, катта захираларни тўплаш керак бўлади.
Қарши асослар:
- Собиқ америкалик ҳарбий муҳандис Чарлз Рэй ёзганидек, сув тошқини Днипро бўйлаб кўприклар қуришни техник жиҳатдан имконсиз қилади, бу эса чап қирғоқдаги ҳар қандай катта гуруҳни таъминлаш учун мутлақо зарур. Тошқиндан кейин қирғоқнинг ҳолатини олдиндан башорат қилиб бўлмайди, демак, десант операциясини ҳам режалаштириш мумкин эмас.
- Кичик гуруҳларнинг қайиқлар билан дарёни кечиб ўтиши худди шу сабабларга кўра қийин бўлади. Тошқиндан кейин десантнинг яширинадиган жойи қолмайди ва тупроқ истеҳкомларини қуриш қийин кечади. Саёз сув омбори туби бўйлаб чап қирғоқдаги гуруҳни таъминлаш ҳам имконсиз бўлади. Кўпгина техникалар у жойдан ўтолмайди. Қизиғи шундаки, Москва томонидан Херсон областига «губернатор вазифасини бажарувчи» этиб тайинланган Владимир Сальдонинг сўзларига кўра, фалокатдан кейин жанговар вазият Россия фойдасига оғган.
- Днипро бўйлаб Россия мудофааси асосан артиллерияга таянган, уларнинг позициялари асосан сув тошқини зонасидан ташқарида жойлашган, шунингдек, авиацияга ҳам таянган. Айнан Россия қуролли кучларининг артиллерия ва ҳаво зарбалари Украина қуролли кучларининг Днипро оролларидаги юришини тўхтатди ва чап соҳилдаги истеҳкомларни йўқ қилди. Уларнинг артиллерия ва самолётлардан фойдаланишда давом этишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмайди. Тошқиндан кейин чап соҳилда яширинадиган жой йўқлиги сабабли, бундай зарбалар янада самаралироқ бўлиши мумкин.
- Украина қуролли кучларига Россиянинг Днипро бўйлаб ҳужумига қарши тўсиқ яратишига ҳожат йўқ эди: бундай ҳужум умуман режалаштирилмади. Яқин ойларда операция ўтказишнинг маъноси йўқ: энди Россия Херсонни эгаллаб олишга, Днипронинг нариги томонида кўприклар қуришга ва таъминотни тиклашга, шу билан бирга Одессага ҳужум уюштиришга умид қилолмайди (фақат унинг эгаллаб олиниши бундай қалтис операцияни оқлаши мумкин эди).
- Ва ниҳоят, Украина ҳарбий раҳбарияти ўтган йил кузида Херсонга қарши муваффақиятсиз ҳужум пайтида тўғонни ракета билан бузиш ҳақида ўйлаганини тан олди. Шу вақтда Украина қуролли кучлари катта йўқотишларга дуч келди ва қўмондонлик учун ғалаба қозонишнинг ягона йўли Днипронинг ўнг соҳилидаги рус қўшинларини таъминотдан узиб қўядиган техноген тошқин бўлиб туюлди. Аммо Украина қуролли кучлари анча қийин вазиятда ҳам, кейинчалик жиддий фойда бериши тахмин қилинган бу ғоядан оқибатлари жуда ёмон бўлиши туфайли воз кечди.
Нейтрал версия: тўғон ўз-ўзидан қулаган
Асослар:
- Тўғон кузги воқеалардан кейин авария ҳолатида эди. У шикастланган, камида унинг устидаги йўл ўтказгичлар бир неча бор вайрон қилинган. Кузда рус ҳарбий муҳандислари тўғон устидаги йўлларни тиклаш устида ишлади. Сўнгра, барибир йўл ўтказгичларни портлатишди ва тўғонга зарар етказишди.
- Сунъий йўлдошдан олинган суратларга қараганда, сўнгги ойларда тўғоннинг ҳолати ёмонлашди. Сувни оқизиш жараёни тартибга солинмади: рус қўшинлари ГЭС саноат биноларини назорат қилди, аммо улардан мақсадга мувофиқ фойдаланмади. Гидротехника иншоотларини таъмирлаш деярли имконсиз эди: ГЭС ҳудудида жанглар фаол давом этди. Иккала томон маълумотларига кўра, баҳор ойларида Каховка сув омборида сув сатҳи мунтазам кўтарилиб борди, бу эса тўғоннинг бузилиши хавфини кучайтирди.
- Тўғон портлаши акс этган видеолар умуман йўқ. Гарчи иккала рақиб ГЭС ҳудудида кузатув камераларига, шу жумладан термал тасвир камераларига эга бўлганига қарамай (бундай камералар доимий равишда йўқ қилиниб турилди, аммо уларнинг ўрнига янгилари жойлаштирилаверди).
Қарши асослар:
- Украина қуролли кучлари ҳужумининг биринчи босқичи бошланган куннинг ўзида тўғоннинг вайрон бўлгани жуда ғалати тасодиф бўлиб туюлади. Шу билан бирга, иккала рақиб ҳам узоқ вақтдан бери бир-бирини тўғонни бузиш ниятида айблаб келган.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024