Жаҳон | 09:04 / 09.06.2023
10845
2 дақиқада ўқилади

Каховка омборидаги сув сатҳи "ўлик нуқтадан" пастга тушди

8 июн куни кечқурун Каховка сув омборидаги сув сатҳи 12,5 метрни ташкил этди. 

Фото: Picture Alliance

“Бу 12,7 метрлик “ўлик нуқта”дан пастда, биз энди аҳоли пунктлари ва Запорижжя АЭСга сув ололмаймиз”, деди "Укргидроэнерго" раҳбари Игор Сирота миллий телемарафон эфирида. 

Унинг сўзларига кўра, сув сатҳининг пасайиши яна 7-8 кун давом этади ва тахминан 3 метр атрофида тўхтайди. Ҳозир эса у кунига 1 метрга пасаймоқда.

6 июнга ўтар кечаси Каховка ГЭСнинг тўғони бузилди. Воқеа содир бўлган ҳудудда сув сатҳи 10 метрга кўтарилган, ўнлаб аҳоли пунктлари сув босиши хавфи остида қолган. Новая Каховка шаҳрининг ГЭСдан 5 км узоқликда жойлашган кўчалари сув остида қолди, у ерда фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Украина ва Россия расмийлари электр станцияси таъмирлаб бўлмас ҳолатга келиб қолганини билдирмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский Twitter’да содир бўлган воқеада Россия томонини айблади. 

Кремль тўғонни бузишда Москванинг иштироки борлиги ҳақидаги айбловларни рад этди. Москвага кўра, бу - Украина томонининг "диверсияси". Россия Тергов қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми "а", "в" бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишув асосида содир этилган ва катта миқдорда мулкий зарар ва бошқа оғир оқибатларга олиб келган террорчилик ҳаракати) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид