15:01 / 09.06.2023
16155

Туркия Марказий банкига биринчи марта аёл киши раҳбар этиб тайинланди

Эрдўған бу лавозимга АҚШда таҳсил олган, Америка банкларида юқори лавозимларда ишлаган Ҳафиза Гая Эрканни тайинлади. Сайловдан кейин миллий молияга масъул жамоанинг янгиланиши мамлакатда рационал иқтисодий сиёсатга қайтиш умидларини уйғотяпти. Аммо қайта сайланган президент инфляцияни пасайтириш учун ставкаларни етарли даражада оширишга имкон берадими, деган савол очиқлигича қолмоқда.

Ҳафиза Гая Эркан

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ҳафиза Гая Эрканни мамлакат Марказий банкининг янги раҳбари этиб тайинлади, деб хабар бермоқда Financial Times. Эркан бу лавозимдаги биринчи аёл бўлди.

У Туркия Марказий банки раҳбари Саҳап Кавжиўғлининг ўрнини эгаллади, унинг даврида инфляция 24 йиллик энг юқори даражага кўтарилганига қарамай, базавий ставка 19 фоиздан 8,5 фоизга тушди.

Ҳозир 44 ёшда бўлган Эркан Принстон университетини (АҚШ) тамомлаган, Goldman Sachs’да таҳлилчилар гуруҳига раҳбарлик қилган, Американинг First Republic банкида саккиз йил ишлаган, бош директор лавозимига қадар кўтарилган (банк у кетганидан бир йил ўтиб банкрот бўлган).

Аввалроқ, 28 май куни янги муддатга қайта сайланган Эрдўған Merrill Lynch компаниясининг Лондон бўлимида ишлаган, Туркия молия вазири ва бош вазир ўринбосари лавозимларида хизмат қилган Меҳмет Шимшекни Туркия Ғазначилик ва молия вазирлиги раҳбари этиб тайинлаган эди.

Эрдўған, шунингдек, Жевдет Йилмазни Туркия вице-президенти этиб тайинлади. Шимшек глобал сармоядорлар орасида машҳур, Йилмаз эса собитқадам иқтисодий сиёсат тарафдори сифатида кўрилади.

Янги жамоанинг келиши сармоядорларда Эрдўған анъанавий иқтисодий сиёсатга ўтади деган эҳтиёткор оптимизмни уйғотяпти, дея таъкидлаган газета.

Top