Жаҳон | 18:27 / 12.06.2023
25060
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон собиқ президенти сиртдан 30 йилга қамалди

Қурманбек Бакиев Қумтор олтин кони бўйича коррупцияда айбдор деб топилди.

Фото: AP

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди собиқ президент Қурманбек Бакиевни Қумтор конидаги коррупцияда айблаб, сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Кактус Медиа хабар берди.

Қайд этилишича, қамоқ жазосининг умумий муддати Бакиевнинг аввалги ҳукмларини ҳисобга олган ҳолда тузилган. Шунингдек, суд собиқ президентнинг мол-мулкини мусодара қилиш ва жазони ўтаб бўлганидан кейин 3 йилга давлат хизматида ишлашни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Худди шу иш бўйича Максим Бакиев, унинг бизнес шериги Алексей Елисеев ва яна тўрт кишига ҳукм ўқилди. Улар 9 йилдан 13 йилгача қамоқ жазосини олди. Барча маҳкумларнинг мол-мулки мусодара қилинади, шунингдек, озодликка чиққанидан кейин 3 уч йил давомида давлат лавозимларида ишлай олмайди.

Нашрнинг ёзишича, суд иши Қурманбек Бакиев, Қирғизистон ҳукумати ва «Қирғизолтин», «Центерра голд», «Қумтор голд компани» ва «Кумтор оперейтинг компани» ўртасида Қумтор кони бўйича тузилган шартномага тааллуқли.

2021 йилда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ушбу соҳадаги коррупция билан боғлиқ бир неча жиноий иш қўзғатди. Хавфсизлик кучлари икки қочқин президентни қидирувга берди: мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда гумон қилинган Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевни.

2023 йил январь ойида собиқ президент Асқар Акаевга нисбатан Қумтор конидаги коррупция бўйича қўзғатилган жиноий иш тўхтатилди. «Асқар Акаевга нисбатан жиноий таъқиб, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича даъво муддати ўтгани туфайли тугатилди», деган эди бу ҳақда Қирғизистон Бош прокуратураси халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Асилбек Акматов.

Қумтор - Марказий Осиёдаги энг йирик олтин конларидан бири бўлиб, Қирғизистон шимолидаги Иссиқкўл вилоятида, Хитой билан чегарадан 60 км узоқликда, 4 метрдан ортиқ баландликда жойлашган.

Қурманбек Бакиев 2005-2010 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. У Асқар Акаевга қарши «лола инқилоби» натижасида ҳокимиятга келган. 2009 йилда у давлат раҳбари сифатида қайта сайланган. 2010 йил 7 апрелида Бишкек марказида ҳокимият ва мухолифат ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган, бу тўқнашувда 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бакиев ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатни тарк этган.

2013 йилда Бакиев Қирғизистонда «хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича жиноят содир этганликда айбдор деб топилиб, сиртдан 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

2014 йилда британиялик тадбиркор Шон Дейли ҳаётига суиқасд уюштирганликда айбланиб, сиртдан 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2022 йил декабрь ойида унинг Бишкекдаги ҳашаматли уйида ногирон болалар учун реабилитация маркази очилди.

Айни пайтда Бакиев Беларусда бўлиб, президент Александр Лукашенко унга сиёсий бошпана берган.

Мавзуга оид