Жаҳон | 09:34 / 14.06.2023
6628
1 дақиқада ўқилади

Франция собиқ президенти Николя Саркозининг уйида тинтув ўтказилди

Полиция 2007 йилги сайлов кампаниясини Ливия ҳукумати молиялаштиргани ҳақидаги тергов доирасида Франция собиқ президенти Николя Саркозининг уйида тинтув ўтказди.

Фото: Getty Images

Полиция Франция собиқ президенти Николя Саркозининг уйида тинтув ўтказди. Тергов ҳаракатлари Ливия ҳукумати томонидан 2007 йилда унинг сайловолди кампаниясини молиялаштириш эҳтимоли бўйича тергов доирасида ўтказилди. Бу ҳақда 13 июн, сешанба куни суд манбаларига таяниб, dpa ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, терговчилар собиқ давлат раҳбарини сўроқ ҳам қилган. Янги текширувлар ўтказилишига асосий гувоҳнинг ушбу иш бўйича илгари берилган кўрсатмаларини рад этиши сабаб бўлди.

Франко-ливанлик тадбиркор Зиёд Такиддин 2016 йилда 2006 йил охири ёки 2007 йил бошида у Ливия расмийларидан ўша пайтда Саркози бошқарган Франция Ички ишлар вазирлигига “пул солинган чамадонлар”ни ўтказишда воситачи бўлганини айтди. Айтилишича, пул унинг кампаниясини молиялаштириш учун ишлатилган. Кейинроқ Такиддин кутилмаганда гапидан қайтди.

Франция суд тизими гувоҳга босим ўтказиш фактини текширмоқда, дея қайд этади dpa агентлиги.

Мавзуга оид