Жаҳон | 09:01 / 14.06.2023
11057
2 дақиқада ўқилади

Трампга судни гаров пулисиз тарк этишга рухсат берилди

АҚШ собиқ президенти 37 та банднинг бирортаси бўйича ҳам ўз айбини тан олмади. Трампга нисбатан сафар бўйича чекловлар жорий этилмади.

Фото: CNBC

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп федерал жиноий иш бўйича ўз айбига иқрор бўлмади, у ўз лавозимини тарк этганидан кейин миллий хавфсизлик ҳужжатларини ноқонуний сақлаган ва уларни қайтаришга уринган амалдорларга ёлғон гапирган. Америкалик сиёсатчи 13 июн, сешанба куни Майамидаги федерал судда Жонатан Гудман олдида чиқиш қилди.

Трампга ҳеч қандай шартларсиз ёки ҳаракатланиш чекловларисиз судни тарк этишга рухсат берилди ва ҳеч қандай гаров талаб қилинмади. Гудман қарорига кўра, Трампга иш бўйича потенциал гувоҳлар билан мулоқот қилиш тақиқланган.

Бу иш бўйича айбланаётган Трампнинг собиқ ёрдамчиси Уолт Наута собиқ президент билан судга келган, бироқ 27 июнгача айбига иқрор бўлиши шарт эмас, чунки унинг ҳали маҳаллий адвокати йўқ.

Оқ уй собиқ раҳбарига Федерал тергов бюроси Флоридадаги қароргоҳида рейд уюштирганидан сўнг бошланган махсус тергов доирасида 37 та банд бўйича айблов эълон қилинди.

Трамп 2021 йилда президентликдан кетганидан кейин махфий ҳужжатларни Миллий архивга топширмагани муносабати билан Жосуслик тўғрисидаги қонун ва бошқа қонунларни бузганликда айбланмоқда.

Расмийлар у терговчиларга тўсқинлик қилиш учун тил бириктирган ва рухсат этилмаган шахслар билан миллий хавфсизлик сирларини била туриб муҳокама қилган деб ҳисобламоқда.

Мавзуга оид