Жаҳон | 20:25 / 15.06.2023
21893
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда ҳокимият иккига бўлиниб кетди – БМТ 

«Толибон» ҳаракати ҳокимияти Қандаҳор ва Кобул гуруҳларига ажралган. Улар ўртасидаги рақобат ҳукуматнинг мустаҳкам эмаслигидан далолат бериши мумкин. 

Фото: Reuters

БМТ санкцияларини таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш гуруҳи «Толибон» ҳаракати ҳақидаги навбатдаги ҳисоботини (инглизча .pdf) эълон қилди. 

Унга кўра, Афғонистондаги ҳокимият Қандаҳор ва Кобул расмийлари ўртасида бўлиб олинган. Бу эса радикал ҳаракат ҳукумати мустаҳкам эмаслигидан далолат бериши мумкин. 

Таҳлилчиларга кўра, Қандаҳор гуруҳига «Толибон» етакчиси Ҳибатуллоҳ Охундзода назоратидаги толиблар киради. Ҳукуматнинг бу гуруҳи жаҳон ҳамжамиятининг талабларига ён беришда анча консерватив ва муросасиз ҳисобланади. 

Пойтахт блокидаги асосий шахслар - Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний, Мудофаа вазири Мулла Муҳаммад Ёқуб Умарий ва разведка раҳбари Абдул-Ҳақ Вассиқ. Кобулликлар ўзини прагматик сифатида кўрсатишга, халқаро миқёсда тан олиниши ва иқтисодий қўллаб-қувватланишига эришишга интилмоқда. Аммо уларнинг ҳаракатлари сиёсатчиларнинг мўътадилроқ қарашларга содиқлигини кўрсатмаяпти. 

Таҳлилчилар, шунингдек, ички ишлар вазири Ҳаққоний ва «Толибон» асосчиларидан бири, ҳозирда Афғонистон бош вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Биродар ўртасида жиддий келишмовчиликлар мавжудлигини таъкидламоқда. Ушбу мансабдор шахслар ресурслар, молиявий оқимлар ва маҳсулотларни мамлакатга кириш йўлакларини назорат қилиш учун рақобатлашади. 

Гиёҳванд моддалар савдосини назорат қилиш учун ҳам кураш олиб борилмоқда. Кўкнори етиштириш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш расман тақиқланганига, плантациялар ва яширин лабораторияларни йўқ қилиш бўйича кўргазмали рейдларга қарамай, гиёҳванд моддалар ва улар учун хомашёнинг ноқонуний савдоси «Толибон» учун жиддий даромад манбаи бўлиб қолмоқда. 

Ҳисобот муаллифлари фикрича, ҳозирда Марказий Осиё орқали Европа ва АҚШга наркотик моддаларни ўтказиш каналлари устидан назорат айнан ички ишлар вазири Ҳаққоний гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид