Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Азалий тортишувлардан бири: туғуруқхонада суюнчи пули бериш керакми-йўқми?
Туғуруқхоналарда суюнчи пули сўралиши, берилиши, олинишини инкор қилиш – ойни этак билан ёпишга ўхшайди. Лекин ҳамма учун одатий ҳолга айланган бу норасмий тўлов ортидан баъзан катта можаролар ҳам туғилиб туради. Энг охиргиси соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг туғуруқ комплексларидаги тамагирлик бўйича эътирози бўлди. Қизиғи, вазирнинг ўзи яқиндагина шифокорларга кўнгилдан чиқариб пул берилишини оқлаб чиққанди.
Фарзанд дунёга келганидаги хурсандчилик ҳамиша харажатларга уланиб кетади. Туғуруқхонадан чиқиш пайтида бола туғилишида иштирок этган шифокор-у ҳамширалар қатор туриб олишади ва қўлингизга қарашади. Албатта, ўзбек – болажон халқ, суюнчи пулини ҳам табиий ҳисоблайди.
Бироқ вақти-вақти билан норозиликлар ҳам туғилади. Ҳатто давлат раҳбари ҳам бу борада алоҳида тўхталган ва “Энг катта порахўрлик туғуруқхоналарда” дея таъкидлаган. Вақти-вақти билан интернетда турли лавҳалар тарқалади, шифокорларнинг гўрига ғишт қаланади. Баҳсларда бир умумийликни сезиш мумкин: кўнгилдан чиқариб берилса майли, лекин сўраб олиши ёки тама қилишлари тўғри эмас.
Лекин кўнгилдан чиқариб бериш билан тикилиб турган кўзларни рози қилиш учун бериш чегараси қаерда? Бугун ана шу ҳақда гаплашамиз.
Суҳбатдошларимиз – шифокорлар, ота-оналар ва умуман жамоатчилик фаоллари. Биз уларга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик:
1. Туғуруқхонада суюнчи пули берилишига қандай қарайсиз? Ўзингиз ҳам берганмисиз/олганмисиз?
2. Бугунги кунда қанча миқдорда суюнчи берилишини нормал қабул қиласиз ва буни пора деб ҳисобламайсиз?
- жами 200 минг сўмгача;
- жами 500 минг сўмгача;
- жами 500 мингдан 1 млн сўмгача;
- 1 млн сўмдан ортиқ.
3. Сиз суюнчи беришни истамаган вазиятда шифокор норози бўлса, тегишли ташкилотга мурожаат қилишни қандай баҳолайсиз?
4. Мавзуга оид эркин фикрларингиз...
Энди жавобларга эътибор қаратсак.
Шахсини сир тутган шифокор:
— Суюнчини биз ўйлаб топмаганмиз. Бизгача ҳам бўлган, биздан кейин ҳам бўлади. Аёл фарзандини қўлига олгунича икки дунё ўртасида бўлади, дейишади. Шундай вазиятда унга ёрдам берганларга атаганини бериш қачондан миннат бўлиб қолди, ҳайронман?
Сўнгги пайтларда бир тоифа пайдо бўлган: дарров телефонга ёпишади. Майли, бермасанг берма. Лекин индамай кет! Олдига чиққан шифокор-ҳамшираларга бир сўм бермагани камдек, заҳрини сочади. “Давлатдан ойлик оляпсанлар!” деб миннат қилади. Энг қизиғи – ортидан кузатиб турсанг, кўчада кетини ликиллатган айиққа, карнайчи-сурнайчига пул сочади. Ҳар қадамини видеога олдириб, ҳашаматли машиналарда боласини олиб кетади. Кошки бола буни билса...
Лобар Хайруллаева:
1. Бунга салбий муносабатда қарайман. Ҳа, афсуски, хўжайиним, қайнонам берган.
2. Жами 200 минг сўмдан ошмаслиги керак, деб ҳисоблайман.
3. Тўғри баҳолайман. Чунки ҳаётимда шунақа воқеа бўлганки, берган пулимизга шифокор норози бўлиб, қайта-қайта келиб ишини миннат қилган. Ўша пайти менинг аҳволим яхши эмас эди. Шифокорларнинг бу гапи соғлигимга ёмон таъсир қилган.
4. “Роддом”да ота-оналардан умидвор бўлиб, тамагирлик қилиб, уларнинг қўлига термилиб, шунга яраша муомала қиладиган докторлардан нафратланаман. Бунга чек қўйилиши керак.
Дилфуза Зарипова, журналист:
— Боланинг дунёга келиши осон эмас. Бу ишда онага ёрдам берганларга албатта кўнгилдан чиқариб суюнчи пули бериш керак. Айниқса, санитаркаларни астойдил рози қилиш керак. Туғуруқ жараёнидаги нопокликларни улар тозалайди.
Ўртача 300 минг етарли бўлса керак, деб ўйлайман. Лекин нафси ҳакалак отганлар ҳам бор, афсуски. Илгари дояни рози қилиш учун бир қўйни сўйиб, қўйнинг қўл гўшти ва кўнгилдан чиқариб кўйлаклик мато ёки пул берилган. Чекка қишлоқларда бу удум ҳали ҳам сақланиб қолган.
Дилбар Аралова, журналист:
1. Нормал қарайман. Берганмиз, аммо жуда ҳам кам. Уч нафар фарзандим бор. Каттасида рози бўлиб берганмиз. Ўртанчасида талаба деб сўрашмаган, барибир берганмиз. Қизимда сўраб олишган.
2. 200 минг сўмгача бўлса пора эмас, деб ҳисоблайман. Туғуруқ жараёни қандай кечишига ҳам боғлиқ.
3. Шифокорлар эрларни алдаб, ваҳима қилиб пул сўраши мумкин. Аёллардан сўрай олишмаса керак. Вазиятга қараб иш тутиш керак. Улар устидан шикоят қилиш бўйича аниқ фикрим йўқ.
4. Туғуруқ вақтидаги ҳолат инсонни шифокорга раҳмат айтишга ундайди. Шифокорини хурсанд қилгиси келади, ёнида тургани учун. Бу каби суюнчи бериш ҳолати тўхтамаса керак деб ўйлайман.
Шахсини сир тутган муштарий:
— Биринчи фарзандимда қайнона-қайнотам олиб чиққани учун нималар бўлганини билмайман, аммо иккинчи фарзандимни 2013 йилда дунёга келтирганман. Бухоро шаҳридаги перинатал марказда туғилган. Марказ эшигига “Коррупцияга йўл қўйилмайди, агар шундай ҳолатга дуч келсангиз, ушбу ишонч рақамларига мурожаат қилинг” деб очиқчасига ёзиб қўйилган.
Мен онамникида меҳмонда эдим, хўжайиним узоқроқ туманда смена билан ишларди. Мени “роддом”га онам олиб келди. Енгил бўлдим. Онам имкон даражасида юз мингми, қанчадир берганлар дояга. Бу улар истаган сумма эмас. Онамга гапиролмай, мендан турмуш ўртоғим келиб врачга учрашини, уни рози қилишини сўрашди.
Турмуш ўртоғим икки кун келолмади, мени ҳоли-жонимга қўймай, қачон келади, деб безор қилиб юборишди. Жаҳлим чиқди. Палатамдаги аёлга, булар бунча ношукур бўлмаса, онамдан олгани етмагандек сўрайверади, деб жаҳл устида нималардир деганман. Шу гап орасида журналистлигимни ҳам айтган бўлсам керак. Бирдан жим бўлишди.
Исми сир қолишини сўраган эркак гинеколог:
— Тўғриси, эркак киши бўлганим учун суюнчи пулини олиш эриш туюларди. Олдинлари олмайман, деб қайтаришга ҳаракат қилардим. Лекин 99 фоиз одам барибир ташлаб чиқиб кетади. Кейин бир устоз “берса олмайман демай олгин, урса қоч”, деган. Шундан сўнг сумма айтмасдим, ёнимга киришса рози бўлганингизча бераверинг, дердим.
Ўктам Қўлдошев, инфекционист-шифокор:
1. Суюнчи бериш ҳамманинг шахсий иши, деб биламан, мажбурий эмас. Ўзим берганман ота сифатида.
2. Сумма индивидуал, ота-онанинг молиявий аҳволига караб бўлса керак. Мен учун, масалан, 500 минг сўмгача берилса, нормал деб ўйлайман. Лекин, албатта, ўзи хоҳлаган ҳолда, мажбурий эмас.
3. Мен ҳам шифокорман, лекин арзимаган вазиятда норози бўлишни нотўғри деб биламан. Тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш ҳамманинг ўзининг хоҳиши. Лекин шифокор тамагирликни ошириб юборса, балким мурожаат қилиш тўғридир.
Олимбек Қосимов:
— Суюнчи сўраб олинмайди, кўнгилдан чиқариб берилади. Шифокор худди ўт ўчирувчи, милиция ходими, ўқитувчи каби бир касб эгаси. У ўз ишини бажаради, бемор қанчалик оғир аҳволда бўлмасин вазифасини адо этади ва бу қаҳрамонлик эмас, шунчаки касб тақозоси. Шифокор шу касбни танлаган ва ҳар қандай кўринишда миннатдорлик талаб қилиш – тамагирлик. Келинглар, бўлмаса ўт ўчирувчиларга ҳам суюнчи берайлик, ҳа, нима, ҳаётини хатарга қўйиб алангани ўчиряпти-ку!
Туғуруқхонада суюнчини оқлаган ҳар қандай шифокорни ишдан ҳайдаш керак. Чақалоқ эсон-омон туғилгани ота-онани шифокор олдида қарздор қилиб қўймаслиги керак. шифокор ўз вазифасини, касбини адо этяпти, тамом!
Кўнгилдан чиқариб 100 минг берса олсин, 1 млн берса олсин, аммо “ставка” қўймасин. Шахсан ўзим ҳам берганман, ўртада таниш шифокор бўлгани учун менга “арзонроқ” тушган. Берган пулимни туғуруқда қатнашганлар бўлиб олишган.
Тан олиш керак, ҳозир бу жуда ёмон “тренд”га айланган. “Пул бермасанг она ва болага яхши қарамайди” деган гап бор ва бу гапда жон ҳам бор. Бу ўта номақбул ҳолат.
Нуруллоҳ Ҳожимуҳаммад:
— Тиббиёт тизимида маошларнинг паст экани ҳадя кўринишидаги коррупцияни оқлаб бермаслиги керак.
Ва одамларнинг айиққа пул бериши каби сохта дабдабага ўчлиги ҳам ўз йўлига, у бошқа масала, лекин шифокор фақат ва фақат давлатдан нормал ойлигини олиши керак. Ҳар қандай суюнчи, ҳадя тизими ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бўлмаса, тизим умуман ўнгланмайди.
Акром Малик, адабиётшунос:
— Шифокорлар белгилаган “ставка”сиз, хурсандчиликдан шукрона қилиб бериш мумкин деб ўйлайман. Суюнчи – қувончли кунда бериладиган ҳадянинг номи. Ҳадя эса ҳалол, албатта.
Шерали Бўрибоев:
— Аслида бермасликни тўғри деб ҳисоблайман ва бу уят ҳам эмас. Чунки кимдир кўп беради, кимдир кам. Бунда шифокорларнинг реакцияси турлича бўлади ва бу ёш ота-онага таъсир қилиши мумкин. Ҳали уйланмаганман. Бундай ташвишлар олдинда. Балки ўшанда хурсандчиликдан фикрим ўзгарар. Ўша пайтда ҳам берсам торт ёки гул беришим мумкин. Аммо пул эмас.
Юлдуз Исмоилова:
— Суюнчини аслида эри хотинига бериши керак, бечора аёл қанча азобни бошидан ўтказиб болани дунёга келтиради. Врачларнинг эса иши, вазифаси, ойлигини оляпти, суюнчи сўрашга ҳаққи йўқ. Шунчаки агар хоҳлашса, одамларнинг ўзлари (шароити ўртача бўлса) берса бўлади, у ҳам қўл ҳақи беряпман дейиши керак, суюнчини аёлига берсин.
Шавкат Ҳамиджонов:
1. Салбий ҳам, ижобий ҳам қарамайман, нейтрал, суюнчи ихтиёрий бўлиши керак. Ўзим 3 нафар фарзандимда ҳам берганман.
2. Ихтиёрий ва индивидуал ҳолат бўлгани учун унинг миқдори ҳамма учун ҳар хил бўлиши мумкин.
3. Мурожаат қилиниши керак, сабаби бу ихтиёрий, имконияти ёки хоҳиши бўлмаса, тамагирлик бўлиши керак эмас.
Лекин шу ўринда “роддом”га қабул қилиш ва туғдириш учун норасмий тўлов билан ихтиёрий бериладиган суюнчи пулини адаштирмаслик керак. “Роддом”га иши тушган инсон билса керак: ҳозир аввалдан врач билан гаплашиб ставкасини аниқлаб, олди-берди бўйича келишувларни жой-жойига қўймаса, туғишга борган аёл сансоларлик ва саргардонлик гирдобида қолади. Масалан, мен бепул тиббиётни пеш қилиб, аёлим ва фарзандим соғлигини таваккал хавф остига қўйиб, врач билан тортишмайман.
Учинчи фарзандимда барча келишувларни аввалдан ҳал қилиб, хотиржам “роддом”га борганмиз ва туғуруқ тез, сифатли ўтган. Сифатли тиббий хизматни бепул тасаввур этиш қийин ҳозирда, айниқса вазир “баракасини бериб кетади” деб турган замонда. Иккинчи фарзандимда аввалдан келишув бўлмагани учун роса сарсон бўлганмиз. Шу ўринда шифокорни ҳам айблаш қийин. Айниқса, Тошкент шаҳрида яшаб ишлаётган шифокор давлат маошига кун кўриши қийинлиги маълум.
Нафосат Маҳмудхонова:
— Катта фарзандим 7 ойлик, чала, жуда оғир аҳволда туғилган. Қўрққанимиздан варчлар яхши қарасин деб бор-будимизни берганмиз, 10 кунлар туғуруқхонада ётганмиз. Чиқаётганимизда 100 минг сўраган неанотолог врач 80 минг берганимиз учун роса жаҳл қилган, болага умуман яхши қарамаган. Ҳозир шу болам 7 га кирди, юролмайди, ногирон. Ҳар сафар шуларни эсласам асабларим қақшайди...
Саидолимхон Асламов:
— Масалан мен ҳар учала фарзандим туғилганда онам орқали чин кўнгилдан рози бўлиб суюнчи пули берганман. Менимча, бу нормал ҳолат, асло пора эмас!
Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Баъзи нафсига қул шифокорлар ўзига ставка қўйиб олган, ўғилга бунча, қиз туғилса бунча. Мабодо эгизакли бўлсангиз балога қоласиз, икки қўлига қўшиб икки оёғини оғзига тиқадиганлар ҳам йўқ эмас, афсуски...
Шерали Бобожонов:
— Самолётни қўндирган учувчига ҳам суюнчи берайлик. Ё учувчининг ойлигини акушерларга берайлик. Шунда бу мавзу ўз-ўзидан ёпилади!
Пўлат Исмоилов:
— Ўғилли бўлдим, суюнчи сўрашди, хўп дедим-да, 200 минг бердим. Кам дейди, ҳа, қанча берай, десам ками 500 минг беринг, дейди. Унча пул йўқ, боламни олиб қолаверинглар, мен хотинимни олиб кетавераман, десам ўдағайлаб жавоб берворишди.
Нозима Холиқова:
— Фарзандим муддатидан олдин, 7 ойгаям тўлар-тўлмас туғилган, меҳнатлари ҳалол шифокорларнинг. Ҳолатимни жуда яхши билардим, кўзимга ҳеч нима кўринмаган. Берганимга мингдан-минг розиман.
Муҳаммад Соҳиб:
1. Суюнчи бериш нормал ҳолат. Ўзим ҳам берганман.
2. Бугунги кунда аниқ миқдор белгиламаган ҳолда ҳар кимнинг ўз имконияти ва асосийси кўнглидан чиқариб бериши тўғри.
3. Суюнчи беришни истамаган ҳолда, тегишли ташкилотга мурожаат қилишни тўғри деб билмайман. Сабаби, дунёга келган фарзанди устида ҳаракат қилганларга бу тарзда муносабат қилиш маъқул эмас. Гарчи, улар норози бўлса-да.
Суюнчи беришга имкони йўқ ёки кўнглидан чиқармаган кишига шифокорларнинг токи уйга рухсат бериладиган давргача туғуруқни бошдан кечирган аёл ва гўдакка яхши қарамаслиги масаласи бор. Ана шу нарса кўпчиликнинг хавотирига сабаб бўлиб, имкони бўлмаса ҳам қарз олиб беради. Шуниси мулоҳазага ундайдиган ҳолат.
Меҳринисо Қурбонова, журналист:
— 99 фоизимиз қизимизга, келинимизга бирон зарар етказиб қўйишмасин, деб ҳам пул берамиз. Келиним тўртинчи боласини туғганида чин кўнгилдан 400 минг сўм бердим. Туғдирган шифокор яна 200 минг сўм беринг, болалар шифокори учун, деди. Ўзим бераман, дедим ва 100 минг сўм бердим. Нега сўраб олишади суюнчини? Чунки улар ҳам тепага узатиб туришади.
Дилдора Раҳимова:
— Суюнчи бериш ҳамманинг ўз хоҳиши, менимча, ҳамма беради, лекин берганини кам деб, эринг яна берсин деб, туғган онадан тама қилиш пасткашлик деб биламан. Айрим врачларнинг ставкаси бор, олдиндан бошқа ҳамширалар гаплашиб беришаркан.
Зафар Жўрабоев:
— Тўғри, давлат ойлик беради, лекин шифокор қилган иши учун эмас, иш вақти учун ойлик олади. Бу жуда жиддий масала, сабаби туғуруқ жараёни пайтида врач ҳам жисмоний, ҳам эмоционал юклама олади. Қачонки давлатимизда иш юкламаси бўйича ойлик тўланмас экан, одамлар ойлик миқдорига қараб ишлайди. Илова қилиб айтмоқчиманки, виждонини еб қўйган одам жазоланишига тўғри қарайман.
Малоҳат Мирзаева:
— Хурсандчилигидан рози бўлиб, ўша врач ва ҳамшираларнинг меҳнатидан кўнгли тўлиб, имконияти қадар берилган пул менимча ҳалол. Лекин беришга имконсиз бўлса, ундан шунча берасан, деб талаб қилиш эса умуман хунук ҳолат.
Бобур Расулев, депутат:
— Оқламайман! Ўзбекона одатни, бола дунёга келгани ҳақида хабар берган ёш болаларга бериладиган чойчақа пули – суюнчини, акушер гинекологлар ўзларига мослаштириб долларда оладилар ва бу ғирт коррупциянинг ўзидир!
Умиджон Мамарасулов:
— Мен “роддом”дагиларга суюнчи пули беришга қаршиман. Чунки улар ўз вазифасини бажаряпти, дегандим икки йил аввал ўғлим туғилганда. Аммо онам берасан деб туриб олди. Бермайман деб қатъий турсам ҳам “ўзбекчилик”да бериш мажбурий эмиш. Унақада ўзингиз беринг, деб чўнтагимдаги бор пулни бердим. Онам тарқатди. Ачинарлиси, туғиш жараёнида қатнашмаган, туни билан ухлаганлар ўша пайтда уйқулари қочиб, жойларида ўтиришган экан. Хуллас тушундимки, одамларимиз ўзи ўргатиб қўйган олишга.
Сайёра Турсунова, акушер-гинеколог:
— Суюнчи ўз номи билан суюнчи! Инсонлар уни суюнганидан беради. Буни пора деманглар! Албатта, сўраб олиш нотўғри. Ўзим акушер-гинекологман. Кўнгилдан чиқариб суюнчи беришганида олганман ҳам, фарзандларим, набирам туғилганда ҳамкасбларимга берганман ҳам. Олганимда ҳам оз-кўпига қарамаганман, рози бўлинг, деганман. Берганимда ҳам оз-кўпига қарамасдан, хурсанд бўлиб тарқатдим.
Менда бир савол бор: уйингизга сантехник ёки электрик чакирсангиз, битта нуқтага қанча сўрайди? Хизматига индамай берасизлар-ку! Улар 1-2 ой шогирд бўлиб юриб, ҳунарни ўзлаштириб олишган. Биз каби 6-7 йиллаб кечалари уйқусиз дарс тайёрламаган, стресслар билан имтиҳонлар топширмаган, кечалари навбатчиликларда турмаган. Давлат ўқитган, дейди кимдир. Шахсан мен контракт асосида ўқиганман, ўқишимга ота-онам пул тўлашган. Ўзим ҳам фарзандларимга контракт тўлаб, яъни ўз пулимга ўқитяпман. Ойликнинг нимага етишини ҳисоблаб беришим шарт бўлмаса керак.
Қайтараман, қандайдир “ставка” қўйилишини, тамагирлик билан олинишини қоралайман. Аммо кўнгилдан чиқариб берилганини тўғри қабул қиламан.
***
Кўринадики, ҳар қанча баҳслашилмасин, бу борада якдил фикр йўқ, ҳар икки томон ўз аргументларини келтираверади. Шу билан бирга, вақти-вақти билан ўтказиладиган, самараси ҳаминқадар тадбирларга қарамасдан туғуруқхоналардаги норасмий тўловлар турли шаклда давом этяпти.
Аброр Зоҳидов,
Мунира Тошниёзова,
Kun.uz.
Мавзуга оид
21:02 / 04.06.2026
Туғуруқхонадан жанозагача: Иштихондаги фожиали тўрт кун
18:46 / 29.09.2025
Самарқандда ҳамшира туғуруқхонадан чақалоқ ўғирлаб чиқиб сотиб юборди
16:12 / 05.09.2025
Жиззахдаги туғуруқхонада эгизак чақалоқлардан бири ўғирлаб кетилди
10:57 / 23.01.2025