23:30 / 17.06.2023
77834

Божларнинг пасайиши: учта автомобил мисолидаги ҳисоб-китоблар

Двигател ҳажми 1 литргача бўлган янги автомобиллар учун бож олиб ташланди, лекин жаҳон бозорида бунақа автомобилни топиш жуда қийин. 1,2 литргача бўлган моделларни олиб кириш харажати эса бироз камайса-да, турли омиллар ҳисобига машина нархининг 50 фоизигача бориб қолади.

Президент қарорига кўра, ишлаб чиқарилганига 1 йилдан ошмаган, двигател ҳажми 1200 см кубдан юқори бўлмаган янги енгил автотранспорт воситалари учун 2026 йил 1 январга қадар қуйидаги божхона божи ставкалари белгиланмоқда:

  • 1000 см кубгача – 0 фоиз (бунгача – 15 фоиз + 0,4 АҚШ долл/куб см);
  • 1 000-200 см куб – 5 фоиз (бунгача – 15 фоиз + 0,6 АҚШ долл/куб см).

Kun.uz божларнинг пасайтирилиши нархларга қандай таъсир қилиши мумкинлигини бир нечта мисолларда ўрганиб кўрди.

Покистон бозорида энг арзон комплектацияси 7800 доллардан бошланувчи, двигатель ҳажми 658 см куб бўлган янги Suzuki Alto 2023 автомобилини Ўзбекистонга олиб кириш нархи (логистика харажатлари ҳисобга олинмаган):

Suzuki Alto

Божхона божи

  • Аввал: 1433 доллар (15 фоиз + 0,4 АҚШ долл/куб см);
  • Ҳозир: 0 доллар (0 фоизга туширилди);
  • Фарқ: 1433 доллар.

ҚҚС (12 фоиз)

  • Аввал: 1108 доллар (божхона божи қўшилиб ҳисобланарди);
  • Ҳозир: 936 доллар;
  • Фарқ: 172 доллар.

Утилизация йиғими (базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари)

  • Тахминан 864 доллар (9 млн 900 минг сўм).

Божхона йиғими (0,2 фоиз)

  • Тахминан 16 доллар.

Якуний нарх:

  • Аввал: 11 221 доллар;
  • Ҳозир: 9 616 доллар;
  • Фарқ: 1 605 доллар.

Юқорида ва қуйида кўрсатилган якуний нархларга логистика харажати ва дилерларнинг хизмат нархи киритилмаган.

Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, айни пайтдаги автомобиль бозорида двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган янги автомобилларни топиш деярли имконсиз.

БАА бозорида ўртача нархи 13 500 доллар, двигатель ҳажми 1197 см куб бўлган Hyundai Grand i10 2023 автомашинаси нархларининг ўзгариши:

Hyundai Grand i10 2023

Божхона божи

  • Аввал: 2743 доллар (15 фоиз + 0,6 АҚШ долл/куб см);
  • Ҳозир: 675 доллар (5 фоиз);
  • Фарқ: 2068 доллар.

ҚҚС (12 фоиз)

  • Аввал: 1950 доллар;
  • Ҳозир: 1700 доллар;
  • Фарқ: 250 доллар;

Утилизация йиғими (БҲМнинг 120 баравари)

  • Тахминан 3454 доллар (39 млн 600 минг сўм).

Божхона йиғими (0,2 фоиз)

  • Тахминан 27 доллар.

Якуний нарх:

  • Аввал: 21 674 доллар;
  • Ҳозир: 19 356 доллар;
  • Фарқ: 2 минг 318 доллар.

Баҳоси 20 минг доллар бўлган Opel Corsa автомобилини Ўзбекистонга олиб кириш нархларининг ўзгариши:

Opel Corsa

Божхона божи

  • Аввал: 3 719 доллар (15 фоиз + 0,6 АҚШ долл/куб см);
  • Ҳозир: 1 000 доллар;
  • Фарқ: 2 719 доллар.

ҚҚС (12 фоиз)

  • Аввал: 2 846 доллар;
  • Ҳозир: 2 520 доллар;
  • Фарқ: 326 доллар.

Утилизация йиғими (БҲМнинг 120 баравари)

  • Тахминан 3454 доллар (39 млн 600 минг сўм).

Божхона йиғими (0,2 фоиз)

  • Тахминан 40 доллар.

Якуний нарх:

  • Аввал: 29 990 доллар;
  • Ҳозир: 26 945 доллар;
  • Фарқ: 3044 доллар.

Кеча расмийлар эълон қилган ҳисоб-китобларга кўра, двигател ҳажми 1 000–1 200 см куб бўлган автомобиллар учун “растаможка” харажатлари 44–52 фоиздан 30–36 фоизгача камаймоқда. 30-36 фоизлик божхона тўловларига логистика ва дилерлар хизмат ҳақини қўшганда, жами устама 50 фоизга бориб қолишини тахмин қилиш мумкин. Бу эса жаҳон бозорида 20 минг долларлик автомобилнинг Ўзбекистонда 30 минг доллар атрофида сотилишини англатади..

Юқоридаги ҳисоб-китоблар АҚШ долларининг Ўзбекистон Марказий банки 17 июн куни белгилаган расмий курсда (11 463 сўмдан) амалга оширилган.

Янги тартиб ишлаб чиқарилган санасидан Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтган кунгача 1 йилдан ортиқ вақт ўтмаган автотранспорт воситаларигагина тааллуқли. Ишлаб чиқарилганига 1 йилдан 3 йилгача бўлган автомобиллар импорти учун аввалгидек 30 фоизли божхона божи ва қўшимча коэффициентлар, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган автомобиллар учун эса 40 фоизли бож ва қўшимча коэффициентлар сақлаб қолинади.

Шунингдек, двигател ҳажми 1 200 см кубдан юқори бўлган автотранспорт воситалари учун ҳам амалдаги тартиб ўзгаришсиз қолади.

Юқоридаги ҳисоб-китоблардан кўриниб турганидек, бугунги кунда Ўзбекистонга хориждан автомобиль импорт қилишда тўланадиган тўловлар бир қанча омилларга боғлиқ: автомобилнинг янги ёки эскилиги (ишлаб чиқарилган йили ҳам инобатга олинади), харид нархи, автомобиль ишлаб чиқарилган ҳамда импорт қилинаётган мамлакат, двигатель тури ва ҳажми. Тўғридан тўғри божхона тўловлари ва йиғимларидан ташқари, импорт қилувчи шахс 12 фоиз ҚҚС, шунингдек, утилизация учун тўлов ҳам тўлайди.

2020 йилнинг 1 августидан Ўзбекистонга транспорт воситаларини импорт қилишда утилизация йиғими жорий қилинган бўлиб, унинг миқдори қуйидагича:

Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ортиқ вақт бўлмаган транспорт воситалари учун:

  • двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 30 баробари миқдорида;
  • двигател ҳажми 1000-2000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 120 баробари миқдорида;
  • двигател ҳажми 2000-3000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 180 баробари миқдорида;
  • двигател ҳажми 3000-3500 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 180 баробари миқдорида;
  • двигател ҳажми 3500 см кубдан ортиқ бўлган автолар учун БҲМнинг 300 баробари миқдорида.

Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ортиқ вақт бўлган транспорт воситалари учун:

  • двигател ҳажми 1000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 90 баробари миқдорида;
  • двигател ҳажми 1000-2000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 210 баробари миқдорида;
  • двигател ҳажми 2000-3000 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 330 баробари миқдорида;
  • двигател ҳажми 3000-3500 см кубгача бўлган автолар учун БҲМнинг 390 баробари миқдорида;
  • двигател ҳажми 3500 см кубдан ортиқ бўлган автолар учун БҲМнинг 480 баробари миқдорида.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистондаги базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 330 минг сўмни ташкил этади.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Top