ДХХ Кубоги. Тошкент шаҳар босқичида жамоалар рақибларини билиб олишди
2023 йилнинг 16 июн куни «Hilton» меҳмонхонасида «Ёшлар ўртасида мини футбол ва футбол спорт турлари бўйича бўйича Давлат хавфсизлиги хизмати кубоги» Тошкент шаҳар босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда ДХХ Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси, ҳокимлик тизимидаги қатор бошқарма мутасаддилари, туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
2023 йилнинг апрел-май ойларида ўтказилган мусобақанинг биринчи босқичи пойтахтнинг барча туманларида ўтказилди. Уларда жами 577та маҳалла жамоалари, яъни 15242 нафар ёшлар (улардан 480 нафари қизлар) иштирок этди.
Туман босқичида ғолиб бўлиб, шаҳар босқичига йўл олган жамоалар қуръада ўз рақибларини билиб олишди:
Футбол
Мирзо Улуғбек
Мирзо Улуғбек — Яккасарой
Миробод — Яшнобод
Шайхонтоҳур — Сергели
Олмазор — Учтепа
Бектемир — Чилонзор
Янгиҳаёт — Юнусобод
Мини-футбол
Янгиҳаёт — Олмазор
Яккасарой — Бектемир
Учтепа — Сергели
Юнусобод — Яшнобод
Чилонзор — Мирзо Улуғбек
Шайхонтоҳур — Миробод
Мини-футбол (қизлар)
Чилонзор — Олмазор
Учтепа — Юнусобод
Шайхонтоҳур — Яккасарой
Сергели — Миробод
Бектемир — Янгиҳаёт
Яшнобод — Мирзо Улуғбек
Маросимдан сўнг баъзи меҳмонлар ва ташкилотчилар ўз фикрларини билдирдишди.
«Бу турнир 3-бор ўтказилмоқда. Ўтган йили финал ўйинлари «Жар» стадионида жуда томошабоп бўлганди.
Бу йилдан мана аёллар футболи ҳам қўшилди. Инсон қанчалик спорт билан ҳамнафас бўлса, яхши. Бошқа спорт турларида ҳам йўлга қўйиш керак.
Футболчиларга омад тилаймиз. Ким кучли бўлса, ўша ютсин», — дейди ўзбек футбол афсонаси, ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев бундай мусобақалар кўп бўлиши тарафдори: «Туман босқичида 15 мингдан ортиқ йигит ва қизлар жалб қилинди. Ёшлар вақтини бекор ўтказмаслиги учун ҳаракат қилиш керак. Қанийди, бошқа ташкилотлар ҳам шундай турнирлар ташкил этса.
Баъзи ўйинларни кўрдим. Ёшлар ўзларини «Энфилд» ёки «Сан-Сиро»да ўйнаётгандек ҳис қилишмоқда».
ПФЛ мутахассиси Зоҳиржон Акрамхонов мусобақа қамрови ва руҳияти ҳақида гапирди: «Турнир анъанавий тус олмоқда ва йилдан йилга қамрови ошиб бормоқда. Бу йилдан қизлар ўртасида мини-футбол мусобақалари ҳам қўшилди.
Маҳаллаларда футбол руҳи ҳукм суряпти. Ўйин кунлари одамлар ўз жамоаларига мухлислик қилиб, ажойиб атмосфера яратишмоқда».
Мухбир — Аббосхон Юсуфжонов,
Тасвирчи — Абдусалим Абдувоҳидов