16:06 / 22.06.2023
15308

Қирғизистон ташқи ишлар вазири россияликларнинг қўлга олинишига изоҳ берди

Қирғизистонда россиялик урушга қарши бир неча фаоллар қўлга олинган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Кулубаев россияликларнинг қўлга олингани ёки уларнинг Россия расмийларига экстрадиция қилиниши ҳақида билмаслигини айтди.

Жээнбек Кулубаев Фото: centralasia.news

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев 22 июнь, пайшанба куни Россия ҳукумати илтимосига биноан бир қатор россияликларнинг Бишкекда қўлга олингани ёки Россияга депортация қилиниши ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди

«Ҳозир бу ерга ишлаш учун келаётган русийзабон ёшлар кўп, лекин мен у ерда ким қўлга олинаётгани ҳақида бундай фактларни билмайман, лекин агар улар мавжуд бўлса, бу Россиянинг ички иши, лекин бу ерда Бишкекдаги русийзабон аҳолидан кимлар бор бўлса, улар бемалол ҳаракатланяпти, учрашяпти, ишлаяпти, мен бу ерда алоҳида муаммо кўрмаяпман, бундай фактлар йўқ», — деди у Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга Қирғизистонга ташрифи чоғида ҳамроҳлик қилаётган немис журналистининг саволига жавоб берар экан.

Аввалроқ Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тўрт нафар хориж фуқаросини, жумладан, уч нафар россиялик фаолни қўлга олгани ҳақида хабар берилганди. Улар - Россияда безорилик иши бўйича сиртдан ҳибсга олинган «Сўл блок» фаоли Лев Скорякин, «Инсон ҳуқуқлари учун» ҳаракатининг собиқ матбуот котиби, Россияда жиноий иш қўзғатилган Алена Крилова, кейинчалик Россияга экстрадиция қилинган ва Екатеринбургдаги тергов изоляторига жойлаштирилган Алексей Рожков.

Қўлга олишлар Қирғизистонда 2 июнь куни МДҲ давлатлараро қидирувга берилган шахсларни таниб олиш тизими ишга туширилгандан сўнг амалга оширилган. Ўн кун ичида ташқи видеокузатув камералари ёрдамида МДҲ давлатларида қидирувда бўлган 57 нафар шахсни аниқлаш мумкин бўлди, деб хабар қилди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги. 

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари бу жараёндан норози. «Улар, албатта, Россия талабига кўра, ҳаммани - жиноий иш бўлган ва қидирувда бўлганларни депортация қиляпти. Сўров юборилмаганлар, агар миграция қонунчилиги бузилиши бўлмаса, одатдагидек қоляпти. Баъзилар, ҳаттоки, жиноят иши очилгани ҳақида билмаган ҳам. Бир томондан, инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларга нормал риоя қилиш керак, иккинчи томондан, келишувлар доирасида улар жиноятчидир», - дея ҳуқуқ ҳимоячиси Гулшайир Абдирасуловадан иқтибос келтиради The Insider.

Top