Жаҳон | 19:22 / 24.06.2023
11812
3 дақиқада ўқилади

Бразилиянинг собиқ президенти Болсонару устидан суд жараёни бошланди

У сайловда сохталикка йўл қўйилгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбланмоқда.

Фото: Reuters

Бразилия Олий сайлов судида собиқ президент Жаир Болсонару устидан суд жараёни бошланди. У сайловда сохталикка йўл қўйилгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбланмоқда. Болсонаруга қамоқ жазоси хавф солмайди, аммо қайта сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.

Жаир Болсонару ёлғон маълумот тарқатиш учун президент ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда. Хусусан, 2022 йил июль ойида бўлиб ўтган президентлик сайлови олдидан у хорижий элчиларни йиғиб, уларга ҳакерлар Бразилияда қўлланилаётган электрон овоз бериш аппаратларини бузиб кириши, рақиблари эса сайлов натижаларини сохталаштириши мумкинлигини айтган.

Президентлик сайлови 2022 йил октябрь ойида бўлиб ўтди. Иккинчи турда Болсонару бразилиялик сўл қанот сиёсатчи Луис Инасиу «Лула» да Силвага кичик фарқ билан ютқазди.

Олий сайлов судидаги иш жиноий иш эмас ва Жаир Болсонару бунинг учун қамоққа ташланмайди. Бироқ суд ҳайъати 68 ёшли собиқ президентни 8 йилга сайловда қатнашишни тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Болсонару, шунингдек, ҳали суд жараёни бошланмаган бир нечта жиноий ишлар бўйича ҳам тергов қилинмоқда.

Болсонару сайловдан кейин тарафдорлари томонидан уюштирилган тартибсизликлар туфайли АҚШ Флорида штатига учиб кетган, аммо кейинчалик яна ватанига қайтган эди.

У 2026 йилги сайловларда қатнашишини эълон қилмади, фақат келаси йилги маҳаллий сайловларда ўзи фахрий раиси бўлган Либерал партияга ёрдамлашишга ваъда берди.

Прокурор фикрига кўра, Болсонарунинг 2022 йил 18 июль куни элчилар олдидаги нутқи билан сайлов қонунчилигини бузган. Собиқ президент эса хорижлик дипломатларга Бразилиянинг сайлов тизими қандай ишлашини тушунтириб берганини даъво қилмоқда.

Ўнг қанот сиёсатчиси Болсонару кўпинча Дональд Трамп билан таққосланади. Бразилия президенти ва унинг тарафдорлари сайловда мағлуб бўлганидан кейин қилган ҳаракатлари Қўшма Штатларда бир йил аввал содир бўлган воқеани эслатади.

30 октябрдаги сайловнинг иккинчи турида Лулага атиги 1,8 фоизга ютқазган Болсонару мағлубиятни тан олишдан бош тортди, гарчи у ҳокимиятни топширишга тайёргарлик кўрган бўлса ҳам. Икки ой ўтгач, Лула инаугурацияси олдидан у Қўшма Штатларга учиб кетди.

Болсонару тарафдорлари сайловдан кейин йўлларни тўсишни бошлади, 8 январь куни Лула инаугурациясидан кейин эса президент саройи, парламент ва Олий суд биносини эгаллаб, талон-торож қилишди.

Полиция тартибсизликларда иштирок этган минглаб одамларни ҳибсга олди. Бу иш бўйича тергов давом этмоқда. Болсонару тартибсизликларга чақирганликда гумон қилинмоқда.

Мавзуга оид